Линклар

logo-print

Москвада Қурбон ҳайит нишонланмоқда


Баъзи тахминларга кўра, Москвада Қурбон ҳайити намозида 70 мингга яқин мусулмон қатнашди.

Баъзи тахминларга кўра, Москвада Қурбон ҳайити намозида 70 мингга яқин мусулмон қатнашди.

Сешанба куни Москва Жоме масжидига Қурбон Ҳайитини нишонлашга 70 мингга яқин мусулмон йиғилди. Ҳайит намози тинч ва жиддий тартибсизликларсиз ўқилди. Лекин москваликлар қурбонлик келтириш Москва кўчаларида амалга оширилишидан хавотирланмоқда.


Сешанба куни Москвадаги Жоме масжидга Ҳайит намозига йиғилганлар сони, айрим маълумотларга кўра, 70 мингдан ошган. Эрталабдан минглаб мусулмонлар Жоме масжид атрофидаги Дуров, Гиляровский, Шчепкин, Виползов кўчалари ва уларга туташ сон-саноқсиз муйилишларда жойнамозларини солиб, жойлашиб олишди. Масжид яқинидаги православ черкови ҳам ҳайит намозига йиғилган мусулмонлар қуршовида қолиб кетди.

Қурбон ҳайити куни Москвадаги барча масжидлар атрофларида транспорт ҳаракати кескин чекланди. Айрим кўчаларда соат 12:00-гача транспорт қатнови умуман тўхтатилди.

Жоме масжиднинг ўзига кириш эрталабдан ман этилди. Бунга масжид атрофидаги милиция ходимларининг айтишича, Москва Жоме масжидига Ливан бош вазири Саад Ҳарири, Саудия Арабистони, Уммон ва бошқа қатор мусулмон давлатлари элчилари ташриф буюргани сабаб бўлди.

Меҳмонларни кузатганидан кейин, Россия муфтийлар Кенгаши раиси шайх Равил Ғайнуддин Озодлик Радиоси орқали бутун дунёда нишонланаётган Ийд ал-Адҳа - Қурбон байрами билан дунё мусулмонларини табрик этди.

- Бисмиллаҳи Роҳманири Роҳийм! Муҳтараз азиз дин қардошларим, ҳурматли миллатдошларим! Оллоҳ ҳақ субҳанаҳа ва таолоҳнинг ислом динида берган энг улуҳ байрами – Қурбон ҳайити келиб етди. Мен Озодлик радиоси берган имкониятдан фойдаланиб, дунёда яшаётган барча туркий, мусулмон халқларини чин кўнглимдан бу улуғ байрамимиз –Қурбон ҳайити билан табрик этаман. Оллоҳ Раббимиз оилаларимизга тинчлик осойишталик, танларимизга сиғат-саломатлик, ишларимизга хайрли натижаларга эришишга, ўзларимизга ҳам болаларимизларга келажакда хайрли амал ва хайрли ишлар билан барокатли ва бахтли умр кечиришларини Жаноби Ҳақ ҳар қайсимизга насиб айласин! Ҳар қайсингизни Ислом саломи билан саломлайман! Ассалому алайкум ва раҳматуллаҳи ва барокатуҳу!, дея табриклади Россия муфтийлар Кенгаши раиси шайх Равил Ғайнуддин.

Россия Президенти Дмитрий Медведев ва Бош вазир Владимир Путин Қурбон байрамини нишонлаётган барча мусулмонларга ўз табрикномаларини юбордилар.

Ҳайит намозига тўпланганлар қаторида кўплаб дўппи кийган ўзбекистонлик йигитларни учратдик. Андижонлик бир гуруҳ йигитлар Озодлик орқали барча юртдошларни табриклаш истагини билдирди.

- Авваламбор, Худо насиб қилса, барча мўмин-мусулмонларни келаётган Қурбон Йиди билан муборакбод этаман. Ҳаммани Оллоҳ қандай эзгу мақсад-ниятлари бўлса ҳосил қилсин.

Озодлик: Исмингиз нима?

- Мен Исломиддин, Андижон вилояти Пахтаобод туманидан.

Озодлик: Сизнинг исмингиз нима?

- Акрам, Андижонданман.

Озодлик: Бу ерга қанчадан бери қатнайсилар?

- 3 йил бўлди. Ўзим Подолскийда сваршчиклик қиламан.

Озодлик: Подолский узоқ, масжиди йўқ, биламан. Ўша ердан қатнайсиларми?

- Ҳа, ҳар доим мана шу ерда ўқиймиз-да, Ҳайит намозларида, жума намозларида келишга ҳаракат қиламиз. Биз ҳам ҳаммани Ҳайит билан табриклаймиз, ўйлаган ниятларига етсин.

Москвадаги Жоме масжидига элтувчи йўлакда негадир айнан 17 дона нонга пул сўраб ўтирган тиланчига кўзим тушди.

- 17 нонга Оллоҳнинг йўлига бир ёрдам бер, бугун Қурбон байрами экан...деб тиланчилик қилиб ўтирган одамдан нега айнан 17 дона нонга пул сўраётгани билан қизиқиб, уни суҳбатга тортдим.

Тожикистоннинг Колхозобод туманидан келган Холмат ака, бу ерда 9 фарзанди билан тиланчилик қилиб кун кечираришини гапириб берди.

- Отим Холмат, 9 фарзандим бор. Ҳаммаси шу ерда ўзим билан.

Озодлик: Қаерда улар ҳозир?

- Энаси билан Дмитровка депосида. Болларим уйда ўтиради, майда ҳаммаси, бештаси майда-майда.

Озодлик: Қандай келиб қолгансиз? Ўзингиз қаердан?

- Мен Тожикистондан, Қўрғонтепа вилоятидан. Келганимга анча вақт бўлди, укажон. Бир йил бўлди. У ерда иш кам, чатоқ.

Озодлик: Оилада бирор киши ишлайдими?

- Ҳа, ўғилчам ишлайди, мана, дея ёнида турган ёш йигитчани кўрсатди масжид атрофида тиланчилик қилиб, кун кечираётган 9 фарзанднинг отаси Холмат ака.

Масжид атрофида юрган кўп сонли лўлилар Дмитровский депосида яшайди ва масжидга бола-чақаси билан тиланчилик қилгани чиқади. Уларни ҳатто маҳаллий милиция ходимлари четлаб ўтаётганига эътибор бердим.

ОМОН матбуот маркази тарқатган хабарга кўра, Проспект Мира атрофидаги тартибни 2 минг милиция ходими, жумладан 1800 милиция ва 200 омончилар қўриқлашга жалб қилинди. Уларни бошқариш учун эса масжид атрофида фавқулодда тезкор штаб ҳам тузилди.

Роппа-роса соат 12:00-да Москва Жоме масжиди атрофида саф тортган милиция ходимлари барча мусулмонларни метро бекатларига ва бошқа кўчаларга сиқиб чиқарди.

Қурбон байрами арафасида Москвада айрим ҳайвонот ҳимоячилари ва маҳаллий миллатчи ташкилотлар томонидан қурбонлик келтириш масаласи кўтарилди. Шу сабабли Москва мэрияси собиқ шаҳар ҳокими Юрий Лужков даврида, аниқроғи 2006 йилда қабул қилинган қурбонлик келтириш қоидаларини сақлаб қолишини билдирди.

Бу қоидага биноан Москванинг ҳар бир масжидида биттадан қўй сўйишга руҳсат этилди. Қурбонлик келтиришни истаганларга Москва атрофларида махсус кушхоналар очилди. Бу қоидани бузганга Россия Жиноят Кодексининг 245 моддасига асосан 1000 рубл жарима ёки 2 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Бундай тушунмовчиликларга қарши чиққан Россия бош муфтийси Равил Ғайнуддин ўзининг Қурбон ҳайити муносабати билан қилган чиқишида Россия жамиятини, айниқса рус миллатига мансуб бўлганларни Ислом ҳақида кўпроқ билишга даъват этди.

“Титул миллатга мансуб замонавий шаҳарликнинг онгида, айниқса русларда, бир кунмас-бир кун мусулмонлар давлатида уйғониш борасидаги қўрқув ҳисси ўрнашиб қолган,” деди шайх Равил Ғайнуддин. Шунинг учун у оммавий ахборот воситаларини Ислом ҳақида ҳақиқатни гапиришга чақирди. Россия муфтийсининг айтишича, Россиянинг 10% аҳолиси мусулмондир.

2002 йилда Россияда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш давомида олинган маълумотларга кўра, Москвада 400 минг одам Ислом динига мансублигини билдирган. Лекин Россия муфтийлар Кенгашининг таъкидлашича, бугунга келиб Москвада 2 миллиондан дан зиёд мусулмон истиқомат қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG