Линклар

Бугунги Ўзбекистон жамияти қанчалар толерант?

  • Замира Шукур

Толерантлик рамзи!!!

Толерантлик рамзи!!!

16 ноябр БМТ томонидан Халқаро толерантлик куни деб эълон қилинган. 1996 йилдан бери ҳар йилнинг бир кунини толерантлик байрами сифатида нишонлаш¸ афсуски¸ тобора глобаллашиб бораëтган дунëдаги ўзаро тоқатда яшаш иштиëқини кўп ҳам кучайтира олмади.


“Толерантлик¸ айниқса сиëсий қутблашувдан¸ стереотиплар¸ лоқайдлик ва нафратнинг борган сари ранг-баранглашиб бораëтган жамиятлар нозик тўқимасини парчаланишдан қутқариш учун ҳам жуда муҳимдир. Бугунги дунë савдо ва ахборот технологиялари воситасида янада қаттиқроқ боғланган¸ аммо жамоалар ва давлатлар ўртасидаги зиддиятлар қашшоқлик¸ тоқатсизлик ва можаролар туфайли кун сайин катталашиб¸ чуқурлашиб бормоқда”¸ дейилади БМТ Бош котибининг Халқаро толерантлик куни муносабати билан эълон қилган баëнотида.

- Толерантлик¸ жамиятларнинг ўз ичида тоқатли бўлиши 21 асрда инсоният олдида турган асосий синовдир. Ҳар хил дин ва миллат вакилларини ўзида бирлаштирувчи жамият барпо этиш бугунги куннинг энг мураккаб ва оғир вазифаларидан биридир¸ деди ўз баëнотида Бан Ки Мун.

Нафақат ўз дини ва миллати¸ балки ўзгалар тили¸ маданияти¸ анъаналари¸ ҳаëт тарзига ҳурмат кўрсатиш¸ ўзгалар билан низоларсиз ëнма-ëн яшашни кўзда тутувчи толерантлик ҳақида сўз кетганда¸ "ўзбеклар толерант халқ"¸ деган ибора кўп такрорланади.

Тарихан кўп миллатли макон бўлган Марказий Осиëда ўзбекларнинг бошқа дин ва элатлар билан тинч-тотувликда яшаб келгани айтилади. Аксари мусулмон бўлган бугунги Ўзбекистон аҳолисининг¸ хусусан¸ яҳудийлар билан узоқ замонлар тинчликда яшаб келган бу халқ толерантлигининг яққол намунаси сифатида талқин этилади.

- Ўзбеклар¸ тожиклар – Марказий Осиëдаги бой ва катта тарих ва маданиятга эга халқлардир. Бу халқлар мусулмон бўлса-да¸ уларнинг тарих ва маданияти¸ дейлик Яқин Шарқ мусулмонлариникидан фарқ қилади. Асрлар давомида ўзбек ва тожиклар яҳудийлар билан ўзаро тоқатда¸ дўстона муносабатларда яшаб келган¸ дейди Бухоро яҳудийлари тарихи бўйича америкалик тадқиқодчи Иммануел Рибаков.

Рибаков кузатишлари¸ асосан Ўзбекистоннинг мустақилликкача бўлган даври учун характерлидек. Хўш¸ мустақил турмушининг 19-йилини ўтказаëтган Ўзбекистон давлатидаги бугунги жамият қанчалар толерант?

Бу савол билан мурожаат қилганимиз ўзбекистонлик мустақил жамиятшунос Баҳодир Мусаев¸ ўз кузатишларини ўзбеклар эмас¸ балки француз ëзувчиси ва файласуфи Волтернинг машҳур гапидан бошлади.

- Мен айтганларингизга мутлақ қўшилмайман¸ аммо уларни эркин ифода эта олишингиз учун жонимни беришга ҳам тайëрман¸ деган эди Волтер. Бу гап демократик принципларнинг тамал тошидир! Толерантлик эса¸ ўз навбатида демократик жамиятлар ҳосиласидир. Лотин сўзи бўлган толерантлик¸ ўзгача ҳаëт тарзи¸ ўзгача фикрлаш тарзига тоқат ва ҳурматда бўлишни ангалатади ахир! Толерантлик бу актив ва фаол ҳолат – ўзгаларга ҳурмат ва тоқатда яшаш учун улар тарихи¸ маданияти¸ яшаш ва фикрлаш тарзини сал бўлса-да тушуниш лозим! Ҳозирги Ўзбекистон каби аксил-демократик бир давлатда толерант жамият ҳақида гапиришнинг ҳам имкони йўқ¸ дейди социолог Баҳодир Мусаев.

Ўзбеклар тарихан толерант халқ бўлиб келган¸ дегувчиларнинг кўпи бир-биридан мутлақ фарқли икки тушунчани аралаштириб юборадилар¸ деб давом этади Баҳодир Мусаев.

- Кўпинча комформизм¸ хўп-хўпчилик ва лаганбардорликни толерантлик билан адаштирадилар. Ҳар қалай бугунги ўзбеклар жамиятини мен толерант эмас¸ балки кучга ва кучлига қуллуқ қиладиган¸ қўрқоқ¸ заиф ва лаганбардорлар жамияти деб атаган бўлардим. Бу жамиятнинг толерантлик бўлиб кўринаëтган жиҳати аслида мутеъликдан бошқа нарса эмас. Бугун ҳаддан ташқари кучайиб кетган давлат тизимлари жамият ҳаëтининг энг нозик қатламларига қадар дахл қилмоқда¸ аммо бу жамият чурқ демай¸ ҳаммасига хўп-хўп қилиб келмоқда. Ўзгача фикр энг оғир тарзда жазога тортилаëтган Ўзбекистон каби давлатда толерант жамият бўлиши ҳам мумкин эмас¸ дейди Баҳодир Мусаев.

Мустақил социолог фикрича¸ толерантлик демократик жамиятлар маҳсули бўлар экан¸ ўзбеклар ўз ҳаëт тарзини пастдан энг тепага қадар демократик бир тарзда ислоҳ қилмас экан¸ толерант Ўзбекистон ҳақида гапириш ўринсизлигича қолаверади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG