Линклар

"Ўлим савдогари" Америкага юборилди


Икки йиллик суд, дипломатик мунозаралар ва тортишувлардан кейин Виктор Бут ниҳоят АҚШга жўнатилди.

Икки йиллик суд, дипломатик мунозаралар ва тортишувлардан кейин Виктор Бут ниҳоят АҚШга жўнатилди.

Тайланд ҳукумати ноқонуний қурол савдоси билан шуғулланганликда гумон қилинган Россия фуқароси Виктор Бутни Қўшма Штатларга экстрадиция қилди. Россия расмийлари бунга ғазаб билан муносабат билдириб, Тайланд суди қарорини “ноқонуний”, дея атади.


Дунёдаги энг сердаромад қурол савдогари, дея тан олинган Виктор Бут Қўшма Штатларга экстрадиция қилинди.

Виктор Бутнинг адвокати Лак Ниттиватанавичан Бангкокдада журналистларга буларни маълум қилди.

- Жаноб Бутни 10 дақиқа аввал машинага солиб аэропортга олиб кетишгани тасқдиланди, деди Бутнинг адвокати.

“Ўлим савдогари” лақаби билан танилган Бут икки йил аввал Тайландда қўлга олинган эди. Уни эстрадиция қилиш масаласи устидаги тортишувлар Москва ва Вашингтон ўртасида димпломатик мунозараларга сабаб бўлиб келаётган эди.

Россия Бутнинг экстрадиция қилинганига ғазабнок муносабат билдирди. Россия ташқи ишлар вазирлиги “Тайланд расмийлари ташқаридан бўлган сиёсий босимга бардош беролмасдан, ноқонуний экстрадицияни амалга оширгани ўта таассуфли ҳолдир”, деган қўрс баёнот эълон қилди.

Интерфакс агентлиги Россиянинг Тайланддаги элчихонаси расмийси Андрей Дворниковнинг “Ҳаммаси жуда тез, ҳатто шошилнч тарзда ва афтидан махфий равишда амалга оширилди”, деган сўзларидан иқтибос келтирди.

Бут Қўшма Штатларда террорчиликка алоқадор айбловлар бўйича судга тортилади.



43 яшар собиқ Совет армияси ҳаво кучлари зобити Виктор Бут Жанубий Америка, Яқин Шарқ ва Африка давлатларидаги гуруҳларга сотгани гумон қилинаётган қуроллар бу ўлкаларда фуқаролик урушларининг авж олишига ҳисса қўшган.

Бутнинг рафиқаси Алла Россия телеканалида қилган чиқишида Тайланд расмийларининг қарори “мутлақо қонуний асосга эга эмас. Бу қарорнинг АҚШ ҳукумати босими остида қабул қилингани кундек равшан”, дея таъкидлади.

Бутнинг адвокати ўз мижозининг экстрадиция қилиниши юзасидан чоршанба куни шикоят аризаси билан мурожаат қилишини маълум қилди.

АҚШнинг Бангкокдаги элчихонаси Бутнинг экстрадиция қилинганини тасдиқлади, лекин бу ишга боғлиқ бошқа тафсилотларни ошкор қилмади.

Август ойида Тайланд суди қуйи инстанция қарорини бекор қилиб, Бутнинг уч ой ичида экстрадиция қилиниши тўғрисида ҳукм чиқарган эди.

Лекин АҚШ ҳукумати Тайланд расмийларига Бутнинг пул ювиш билан шуғуллангани ҳақидаги қўшимча айбловларга оид ҳужжатларни тақдим этгани боис уни экстрадиция қилиш кечиктирилган эди.

Ўтган ойда эса, Тайланд суди бу айбловлар бўйича маҳкама ўтказишни бекор қилиб, экстрадиция учун йўл очиб берди.

Бут 2008 йилнинг март ойида Бангкокдаги меҳмонхонада қўлга олинганидан бери ҳибсда қолаётган эди.

Уни қўлга олиш операциясида АҚШ махфий хизматлари агентлари ўзларини қурол сотиб олиш ниятида бўлган Колумбия Инқилоб қуролли кучлари (ФАРК) гуруҳи вакиллари сифатида тақдим қилиб, Бут билан учрашган эди. Вашингтон мазкур гуруҳни террорчи ташкилотлар рўйҳатига киритган.

Қўшма Штатлар Бутга нисбатан террорчиликка оид айбловларни илгари сурган. Булар орасида ФАРК гуруҳига миллионлаб АҚШ долларига тенг қуроллар, жумладан ер-ҳаво русумидаги ракетлар, автоматлар, гранатомёт ва ракеталарни отиш мосламалари ўрнатилган вертолёт ва учқичларни сотишга уринганлик айбловлари бор.

У шунингдек америкаликларни ўлдириш ва террорчиларни моддий таъминлашга оид фитналарда ҳам айбланмоқда.

Бут айбдор, деб топилса, унга умрбод қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Ҳаво транспорти ширкатлари хўжайини Виктор Бут кўп йиллардан бери БМТ ва Қўшма Штатларнинг унинг молиявий фаолияти ва ҳаракатланишини чеклаш уринишларига чап бериб келган.

Унинг мижозлари орасида Либериянинг собиқ диктатори Чарлз Тэйлор, Ливия етакчиси Муаммар Қаддафий ҳамда Анголадаги фуқаролар урушида бир-бирига қарши жанг қилган кучлар борлиги айтилади.

Бут ўзига қўйилаётган барча айбловларни инкор қилиб, қонуний тадбиркорлик билан шуғулланишини таъкидлаб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG