Линклар

logo-print

"Бензин йўқ ака!"


Тошкент АЁҚШларида навбатда турган машиналар юздан ошмоқда, вилоятларда эса вазият бундан ҳам аянчлироқ.

Тошкент АЁҚШларида навбатда турган машиналар юздан ошмоқда, вилоятларда эса вазият бундан ҳам аянчлироқ.

Ўзбекистонда бензин таъминоти инқироз ҳолатга келиб қолди. Қурбон ҳайити куни ҳам мамлакатдаги аксарият ёнилғи қуйиш шохобчалари ишламади. Ўзбекистонликлар бензинни қўлдан икки баравар нархга сотиб олаётганини айтмоқдалар.


Ўзбекистонда ҳеч қачон бензин бунчалик тақчил бўлмаган эди, дейди Озодлик радиоси билан суҳбатлашган ўзбекистонликлар. Йил бошидан буён давом этиб келаётган бензин таъминотидаги узилишлар, йил охирига келиб кульминацион нуқтага чиқа бошлади. 16 ноябрь, Қурбон ҳайити куни ҳам Ўзбекистондаги аксарият ёнилғи қуйиш шохобчалари ишламади. Бензин келади деган умидда, бу шохобчалар олдида машиналар навбати 50-100тага, баъзиларида эса 200тага етди.

Ҳатто Тошкент шаҳрида ҳам сўнгги кунларда бензин тақичиллиги яққол сезила бошлади. Озодлик мухбири мижоз сифатида бир қанча ёнилғи қуйиш шохобчаларига қўнғироқ қилди. Масалан, “Вива Фарм” масъулияти чекланган жамиятга қарашли автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси операторининг айтишича, бензин жуда оз миқдорда бериляпти ва уч соат ичида сотиб бўлиняпти:

Озодлик: Ҳайитларингиз билан.

- Раҳмат, ўзингизни ҳам.

Озодлик: Бу заправками?

-Ҳа.

Озодлик: Бензин борми?

-Йўқ, бензин йўқ ака. Тугаган.

Озодлик: Қачон бўлади?

- Эртага эрталаб бўлади.

Озодлик: Ўзи бугун келдими?

- Кечқурун келгани бугун эрталаб сотиб бўлинди. Уч соатда тамом бўлди, -дейди “Вива Фарм” фирмасига қарашли АЁҚШ оператори.

“Мирзиёд” АЁҚШ оператори эса, бизга бензинга келмай қўя қолишимизни маслаҳат берди:

Озодлик:
Бу заправками?

- Ҳа. Бензин тугаяпти ака. Узоғи билан 40 минутга боради. Кейин тугайди.

Озодлик: Навбат каттами?

- Ҳозир сизга етмайди барибир.

Озодлик: Нечта машина бор?

- 50-60та машина бор. Етмайди сизга. Бўпти, саломат бўлинг, -дейди “Мирзиёд” автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси оператори.

Тошкентдаги хусусий киракашлардан бири Абдусамад аканинг айтишича, сўнгги бир ой ичида шаҳарда бензин тақчиллиги кучайди:

- Икки-уч кундан бери очеред кўпайди. Икки-уч кун нормалний. Тушуниб бўлмаяпти. Бир бўлаяпти, бир йўқ. Ўзи одатда якшанба куни бензин келмайди. Етказиб бера олмаяптида. 20 кун, бир ойнинг ичида шунақа бўлди. Бир тортилаяпти, бир яхши бўлаяпти. Айрим пайтларда борсанг, ҳеч ким бўлмайди. Айрим пайтларда очеред. Ярим соат, бир соат, узоғи билан бир ярим соат,- дейди тошкентлик ҳайдовчи Абдусамад ака.

Ўзбекистон вилоятларида эса аҳвол бундан ҳам аянчлироқ. Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида яшовчи Эҳсон аканинг айтишича, айни пайтда АЁҚШ эгалари ва олиб-сотарлар учун бензин ўзига хос бизнесга айланган. Ёнилғи қуйиш шохобчаларига бензин ярим тунда олиб келинади ва бу пайтда унинг улгуржи харидорлари кутиб туради. Эртаси куни бу “заправкалар” эшигига қулф солинади. Тунда келтирилган бензин эса, чайқовчилар қўлидан икки баравар нархда пулланади.

Бир литр бензиннинг давлат нархи 1200 сўм атрофида бўлса, у чайқовчига 1500-1700 сўмдан сотилади. Чайқовчи эса мижозга ҳар литр бензинни 2000-2500 минг сўмдан пуллайди, дейди Эҳсон ака:

- Бор ҳозир борсангиз, ҳозир ҳам бор. 2000-2500 сўм. Уни заправканинг олдида сотишади. Заправка қуруқ. Майли заправкада 2000га сотсин, заправкадан олайлик. Ҳеч бўлмаса заправкада бўлсин. Кечаси заправкага олиб келади, кейин сотадиганларга тарқатиб беради. Каттақўрғонда ҳеч ким қарамайди. Наҳотки ҳоким заправканинг олдида бензин сотиб ўтирганларни кўрмайди,-дейди каттақўрғонлик Эҳсон ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG