Линклар

Бишкекда бакиевчилар судланмоқда


Шу йилнинг 7 апрел куни Бишкекдаги бош майдонда бошланган талотум 90 га яқин кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Шу йилнинг 7 апрел куни Бишкекдаги бош майдонда бошланган талотум 90 га яқин кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Қирғизистонда собиқ президент Қурмонбек Бакиев ва 2010 йилнинг 7 апрелида норозиларга қарши ўқ отишга буйруқ берган ҳамда ўқ отганликда айбланаётган 27 одамга нисбатан суд жараёни бошланди. Собиқ президент Қурмонбек Бакиев бу жараёнда сиртдан судланмоқда.

Мазкур жараёнда 28 киши судланаяпти. Улардан 6 нафари, жумладан, собиқ президент Қурмонбек Бакиев, унинг укаси - Давлат қўриқлаш хизмати раҳбари Жаниш Бакиев, Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси Мурат Суталинов ва собиқ бош вазир Данияр Усенов сиртдан судланмоқда. Қолган 22 судланувчи эса норозиларга қарши ўқ отиш тўғрисидаги ноқонуний буйруқни бажарганликда айбланаётган “Алфа” ва “Арстан” махсус қуролли отряднинг ходимларидир.

Суд жараёнини мингга яқин журналист, халқаро ва маҳаллий нодавлат ташкилотлари вакиллари кузатмоқда. Жараёнда 18 адвокат, 7 та давлат қораловчиси, 360 жабрланувчи, 7 апрелда ҳалок бўлганларнинг 78 нафар қонуний вакили, 129 гувоҳ иштирок этиши маълум қилинган.

Суд жараёни ўтаётган Бишкекдаги спорт саройи биноси 300 нафар милиция ходими томонидан қуршаб олинган.

- Агар залнинг ичида қандайдир тўполон бўлиб қолса, уни бартараф этиш учун ҳам махсус чора-тадбирларни режалаштириб қўйганмиз. Суд жараёнида турли фитна ҳаракатлари содир этилишига мутлақо йўл қўймаймиз, - деди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Усуп Ташқараев.

Ички ишлар вазирлиги расмийсининг айтишича, суд залида жабрланувчилар ва айбланувчилар тарафдорлари ўртасида низо келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида, ҳар икки тарафга алоҳида-алоҳида жой қилинган. Уларнинг оралиғига эса мустақил кузатувчилар, халқаро ва маҳаллий нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳамда халқ дружинаси учун ўтирғичлар қўйилган.

Бироқ ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан кўрилган тадбирлар кутилган натижани бермади. Суд жараёни бошланганидан бир оз вақт ўтгач, ўзларини жабрланганлар деб атаган шахслар судланувчилар ва уларнинг адвокатларига ҳужум қилиш мақсадида ҳаракат бошлади. Йиғилганлардан бири судланувчилар томонга қарата шиша идишларни отди. Адвокатлар суд залидан қочишга мажбур бўлишди. Милиция эса ҳужумчиларни аранг тўхтатиб қолди. Мазкур воқеадан сўнг суд 18 ноябр кунига қолдирилди.

Президент маъмурияти раҳбари Эмил Қаптағаев фитначи гуруҳлар мазкур жараённи бузишдан ва тартибсизликлар келтириб чиқаришдан манфаатдор эканини, шунинг учун ҳам суд зали ўта кучайтирлган тартибда қўриқланаётганини айтди:

- Қирғизистон демократик йўналишни танлади. Бироқ буни истамаган кучлар бор. Масалан, Ўш воқеасини ҳам мана шу кучлар уюштирган. Бу куч ташқи томондан молия билан ҳам таъминланаяпти. Шунинг учун суд жараёнини жуда кучайтирилган тартибда қўриқлаш талаб қилинади, - деди Эмил Қаптағаев.

Айтиб ўтиш керакки, жараён Қирғизистон ҳарбий суди томонидан олиб борилмоқда. Ҳарбий суд раиси Нурланбек Ашимбековнинг айтишича, маҳкама жараёни қанча муддатга чўзилиши мумкинлигини аниқ айтиб бўлмайди. Суд раиси, агар гувоҳлар ва бошқа иштирокчилар маҳкамага белгиланган муддатларда келиб туришса, жараён икки ой давом этишини тахмин қилади.

Айни пайтда ҳарбий хизматчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси раҳбари Алимбек Ниёзов 7 апрелда норозиларга қарши ўқ отишга буйруқ берганликда ва бу буйруқни бажарганликда айбланаётганларга нисбатан ўтаётган суд жараёнини шоу сифатида баҳолайди:

- Ҳарбийларнинг судига хоҳлаган одам кириши мумкин, дейишмоқда. Бундан ташқари, жараён суд биносида эмас, спорт саройида ўтказилаяпти. Бу билан судни шоуга айлантиришмоқда. Ҳолбуки, мазкур жараёнда ўнлаб одамларнинг тақдири ҳал этилади. Ҳукумат эса жараённи сиёсийлаштирмоқда, - деди Алимбек Ниёзов.

2010 йилнинг 7 апрел куни Бишкек ва Ўшда мухолифат лидерларининг барчаси қамоққа олинганига қарши норозилик сифатида минглаган одамлар Бишкек марказий майдонига йиғилган эдилар. Норозиларга қарши ўқ отилган, оқибатда 90 га яқин одам нобуд бўлганди. 7 апрелдаги қонли воқеа президент Бакиевнинг ҳокимиятдан ағдарилиши билан якун топган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG