Линклар

Роғун ГЭСи лойиҳасини молиявий ва иқтисодий экспертизадан ўтказиш учун эълон қилинган халқаро тендерда Европадаги уч эксперт ширкатдан тузилган халқаро консорциум ғолибликни қўлга киритгани айтилмоқда.

Франциянинг Coyne et Bellier Consulting Engineers ширкати раҳбарлигидаги мазкур консорциум Италиянинг Electroconsult ва Британиянинг IPA Energy + Water Consulting ширкатларидан иборатдир.

Европанинг бу уччала халқаро эксперт ширкати мутахассислари Роғун лойиҳасининг техник ва иқтисодий жиҳатларини синайди.

IPA Energy + Water Consulting ширкати масъуллари Роғун лойиҳасини молиявий ва техник ўрганиш муҳлати ҳалича аниқланмаганини, аммо жуда қисқа вақт ичида халқаро экспертлар ишга киришишлари мумкинлигини билдиришди.

- Иш икки босқичда олиб борилади. Биринчи босқич олти ой давом этади ва илк босқич хулосаси чиқарилганидан кейин келгуси бир йил мобайнида иккинчи босқич бошланади. Бироқ ҳозирча мутахассисларимиз Тожикистонда эмас. Улар шу яқин кунларда у томонга сафар қилишлари кутилмоқда. Биринчи босқичда мутахассисларимиз Роғун ГЭСи лойиҳаси агрегатлари устида ишлашади. Роғун ГЭСи қурилишига анча йил олдин киришилгани ва бу орада анча вақт ўтгани сабабли биринчи босқичда иқтисодий ва техник синовларга кўпроқ эътибор қаратилади, - дейди PA Energy + Water Consulting ширкат масъули Никил Венкатесваран.

Роғун лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказиш ихтиёрига топширилган консорциумга аъзо ширкатларнинг ҳар бири мустақил тарзда иш юритиши айтилмоқда.

Никил Венкатесваран жанобларининг билдиришича, халқаро экспертиза натижалари билан дастлаб Тожикистон ҳукумати ва Жаҳон банкига маълумотлар тақдим этилади.

- Сўнгра консорциум муҳандислик соҳаси мутахассислари сув омбори қурилишининг техник масалаларига оид хулосаларини эълон қилишади. Шунингдек, электр энергиясини узатиш масалаларини ҳам ўрганамиз. Бир сўз билан айтганда, Роғун лойиҳаси бу уччала ширкат экспертлари томонидан ҳар томонлама чуқур ўрганилади, - деди Никил Венкатесваран жаноблари.

IPA Energy + Water Consulting ширкати масъули Никил Венкатесваран жаноблари Роғун ГЭСи лойиҳаси атрофидаги Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги сиёсий баҳсларга ҳам тўхталар экан, бу йирик гидроиншоот лойиҳасининг халқаро экспертизадан ўтказилишига ҳам айнан шу баҳслар туртки бўлганини қўшимча қилди.

- Биз томонларни ташвишга солаётган ана шу жиҳатларга, жумладан, бу лойиҳа дарёлар қўйисидаги ҳудудларнинг сув билан таъминланишига қандай таъсир кўрсатишига кўпроқ эътибор қаратамиз. Шуни ҳам айтиш лозимки, бизнинг ишимизга нисбатан бирор шубҳа бўлмаслиги лозим. Чунки биз мустақил тарзда иш олиб борамиз. Ва бу ерда мутахассисларимизга бирор томондан буйруқ ҳам берилмайди. Бизнинг хулосамиздан сўнг Роғун лойиҳаси экологик жиҳатдан ҳам синалади. Бу соҳадаги мутахассислар ҳам мустақил тарзда ўз хулосаларини эълон қиладилар, - дейди Никил Венкатесваран.

Аснода “Азия плюс” ахборот агентлиги Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлигидаги манбага таянган ҳолда, ҳафта бошида лойиҳани экологик экспертизадан ўтказиш учун халқаро тендерда қатнашган тўрт ширкат орасидан бирортаси ғолиб, деб эълон қилинмагани ҳақида хабар тарқатган.

Айтилишича, Роғун лойиҳасини экологик экспертизадан ўтказиш бўйича экспертларни аниқлаш билан боғлиқ навбатдаги халқаро тендер шу йил 10 декабрида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиёдаги энг йирик гидроиншоот саналмиш Роғун ГЭС лойиҳасини иқтисодий, техник ва экологик халқаро экспертизадан ўтказиш тадбири Ўзбекистон ҳукумати талаби асосида Жаҳон банки молиявий кўмаги ёрдамида амалга оширилмоқда.

Жорий йил бошида расмий Тошкент халқро экспертиза натижалари эълон қилинмагунича Роғун майдонида қурилиш ишлари тўхтатилишини Тожикистон томонидан расман сўраган эди.

Ўзбекистон томони бу лойиҳа минтақада экологик фожеаларга сабаб бўлиши ва дарёлар қўйисидаги мамлакатларда сув танқислигини келтириб чиқариши мумкинлигини даъво қилиб келади.

Ўз навбатида, Тожикистон томони бу даъволар асоссиз ва илмий жиҳатдан исботланмаган эканини таъкидлайди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳар гал ўз чиқишларида Роғун ГЭСи аксинча минтақа барча мамлакатлари манфаатлари учун хизмат қилажагини уқтиришдан чарчамайди.

Гарчи тожик расмийлари ҳам, Роғун майдонида бўлиб қайтаётган халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам ГЭСда қурилиш ишлари олиб борилмаётганини таъкидласалар-да, айни пайтда Роғунда қурилиш ишлари қизғинлиги кузатилади.

Тожикистон ҳукумати ҳар йил бу гидроиншоот лойиҳаси учун давлат бюджетидан миллионлаб сомоний ажратиб келмоқда. Жумладан, яқинда мамлакат парламенти томонидан тасдиқланган давлат йиллик бюджетидан 2011 йилда бу лойиҳа учун 850 миллион сомоний ёки тақрибан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди.

Расмий маълумотларга кўра, Роғун ГЭСи лойиҳасининг умумий қиймати 2 миллиард 200 миллион АҚШ долларига тенгдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG