Линклар

logo-print

37 ёшли ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов Тошкент вилоят Хорижга чиқиш, кириш ва қайддан ўтиш бошқармасини судга берди. Тихонов олти ой аввал чиқиш визаси олиш учун ҳужжат топширган. Лекин унга ҳеч бир сабаб кўрсатмасдан чиқиш визаси берилишини рад қилишгач, у судга даъво аризаси киритишга мажбур бўлди.


Энтомолог олим, ҳуқуқ ҳимоячиси, ангренлик 37 ёшли Дмитрий Тихонов Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туман судига Тошкент вилоят Хорижга чиқиш, кириш ва қайддан ўтиш бошқармаси устидан даъво аризаси киритди.

Дмитрий Тихонов Озодлик билан суҳбатда, жорий йилнинг 26 май куни Тошкент вилоят Хорижга чиқиш, кириш ва қайддан ўтиш бошқармасига чиқиш визаси олиш учун ҳужжат топширгани, унга чиқиш визаси берилиши рад этилгач, судга мурожаат қилишга қарор қилганини айтади.

- Мен Тошкент вилоят ОВИРи устидан Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек туман судига даъво аризаси киритдим. Чунки менга олти ойдирки чиқиш визаси берилмаяпти. Бир неча кун аввал мен суддан аризам қабул қилингани ҳақида хабар олдим. 26 май куни менга чиқиш визаси беришларини сўраб, Тошкент вилоят ОВИРига ҳужжатларимни топширгандим. Мана олти ойдан бери менга чиқиш визасини беришмаяпти. Боз устига нима сабабдан чиқиш визасини беришмаётгани борасида ҳеч қандай тушунтириш ҳам беришгани йўқ. Шунинг учун Тошкент вилоят ОВИРини судга бердим. Ҳозирча суд қачон бошланиши номаълум, дейди ҳуқуқ фаоли.

Дмитрий Тихонов ўзига чиқиш визаси берилмаётганига бирорта асос бўлса, бу ҳақда унга маълум қилишлари, агар асос бўлмаса, унга чиқиш визаси берилишини талаб қилиб, қатор расмий идораларга ёзма равишда мурожаат қилган. “Бироқ ҳеч қандай натижа бўлмади”, дейди Дмитрий.

- Мен Ўзбекистон ички ишлар вазири номига шикоят аризаси йўлладим. Ўзбекистон ИИБ қошидаги ОВИР бошқармасига икки марта ёздим. Ўзбекистон бош прокуратурасига ёзма мурожаат қилдим. Ангрент шаҳар прокуратурасига ёздим. Шу пайтгача бирор бир жўяли жавоб олмадим. Менга ҳеч ким вазиятни тушинтириб бермаяпти. Бир ой аввал Ангрен шаҳар паспорт бўлими раҳбари билан биргаликда Тошкент вилоят ОВИРига бордим. Менга вилоят ОВИРИда подполковник уларда менга чиқиш виза бермаслик ҳақида Ўзбекистон ИИВ томонидан оғзаки равишда топшириқ берилганини айтди. Мен ёзма равишда тушунтириш беришларини сўрадим. У менга ёзма равишда жавоб бера олмаслигини айтди. У унда бу борада ёзма қарорнинг ўзи йўқлиги, лекин менга чиқиш виза бермаслик ҳақида оғзаки қарор борлигини айтди, дейди Тихонов.

Жорий йилнинг ёзида ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон бош прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, ўзига чиқиш визаси берилмаса, норозилик билдириб пикетга чиқишини маълум қилган. Бироқ Дмитрий милиция ходимлари унга тазийқ ўтказгач, пикетга чиқмаган.

- Мен норозилик сифатида пикетга чиқишим борасида огоҳлантирганимдан кейин Ангрен шаҳар милицияси мени таъқиб қила бошлади. Улар мени милиция бўлимига олиб боришди. Жиноят қидирув бўлими бошлиғи агар мен пикетга чиқсам бу мен учун яхшилик билан тугамаслигини айтиб таҳдид қилди, дейди ҳуқуқ фаоли.

Дмитрий Тихонов 1992 йилдан буён инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келади. “Бу фаоллигим ҳукуматга ёқмагани аниқ” дер экан Дмитрий унга чиқиш визаси берилмаётгани сабабини, ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти билан боғлайди.

- Мен юз фоиз аминманки, бу менинг ҳуқуқ фаоли сифатидаги фаолиятим билан боғлиқ. Чунки мен бунгача ҳеч қандай муаммосиз уч марта чиқиш визасини олганман. Ҳар доим менга 21 кун ичида чиқиш визасини беришган. Мен кейинги уч йил мобайнида ҳуқуқ фаоли сифатида кенгроқ ва ошкора шуғуллана бошладим. Мени мақолаларим интернет саҳифаларида кўплаб ёритила бошлади. Фарғона. ру ва Узньюс. нет сайтларида кўплаб чиқишлар қилдим. Бу каби ошкора фаолиятим юқоридагиларга ёқмагани аниқ. Шунинг учун менга чиқиш визасини беришмаяпти, дейди Дмитрий Тихонов.

Ўзбекистондаги чиқиш виза режими ҳамда бу борадаги мавжуд бюрократик тўсиқлар барчага маълум.

Ўзбекистонда ҳуқуқ фаоллари, мухолифатчилар ва мустақил журналистлар, шунингдек, ўзгача фикрловчи кўплаб фуқароларни ўз ичига олган “юқори” нинг “қора рўйхати” бўлиб, бу рўйхатдагиларга чиқиш визаси берилмаслиги эндиликда ҳеч кимга сир бўлмай қолди.

Ўзбекистондан чиқа олмаётганлар рўйхатида ҳуқуқ фаоллари Баходир Намозов, Саида Қурбонова, Мамиржон Азимов, Ўктам Пардаевлар ҳам бор.
XS
SM
MD
LG