Линклар

"Корейс мусулмонига ҳавасим келди!"

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистондан уйланган Жанг Синг Жин Ислом динини қабул қилган

Ўзбекистондан уйланган Жанг Синг Жин Ислом динини қабул қилган

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган мухлисларимиздан бири ўзбекистонлик Дилоромхонга уйланиб, Ислом динини қабул қилган Жанг Синг Жинни Қурбон ҳайити билан қутлади. "Унга ҳавасим келди", дейди қоракўллик тингловчимиз.


“Кореялик куёвга табригим бор”


дейди Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан қўнғироқ қилган Илҳом Жўраев:

- Аввало ҳамма мусулмонларни байрам билан табрикламоқчи эдим. Mен алоҳида кечами, ўтган кун чиққан Ўзбекистондан уйланган кореялик йигитни алоҳида табрикласам. Биз мўмин мусулмонмиз деймиз, ота-онамиз мўмин мусулмон, лекин ўша йигитчалик динимизга ҳурматимиз, эътиборимиз йўқ. Чунки у йигит исломдаги покликни, ҳалол-ҳаромни ўрганиб, масжидга қатнаяпти экан ўша йигит. Эшитиб жуда ҳавасимиз келди. Қани энди биз ўзимизнинг қадриятларимизни, ота-боболаримиздан қолган меросни ҳурмат қилсак ўша чет элликларчалик демоқчи эдим. Мўмин мусулмон бўлиб туриб шунчалик ҳурмат қилмаймиз, қадрига етмаймиз. Биз ўзимизнинг, ўзлигимизнинг қадрига етмагандан кейин ким бизнинг қадримизга етади? Хорлик, таҳқирланишлар балки шунинг ҳисобидандир.

Озодлик: Хорлик ва таҳқирланиш деганда нимани назарда тутаяпсиз?

- Кўраяпсизку Қирғизистондан бошлаб Россиядан тортиб мана Тожикистон дейсизми, Қозоғистондаги йўлдаги ҳолатлар, болалар меҳнати, болаларнинг пахтада ишлашига нима деймиз яна. Бундан ортиқ яна нима бўлиши мумкин бизга. Ўзингиз кўриб турибсизку ҳамма нарсани. Ҳамма томон ëлғон, порахўрлик, ўғирлик. Билмадим, бундан бошқа яна қандай хорлик бўлиши мумкин? Озодликдан бошқа бирор жойга ўз фикрингизни, тўғри гапни айта олмайсиз, дейди Илҳом Жўраев.


“Россияда меҳнат муҳожирларига қийин бўляпти”

дейди Санкт Петербург шаҳридан қўнғироқ қилган Музаффар.

- Бизларда шунчалик бўлаяптики, йўлда ўзбекларга, тожикларга юришга қўймаяпти. Кўчада милициялар ушлаб, документларимиз тўғри бўлса ҳам олиб бориб қамаб қўйиб, пул сўраяпти.

Озодлик: Қанчадан пул сўрайди?

- Чўнтагимиздаги бор пулни олишга ҳаракат қилади булар.

Озодлик: Ҳужжатлар жойида бўлса ҳамми?

- Бизнинг ҳужжатларимиз 100 фоиз ҳаммаси жойида. Разрешение на работу ва бошқа документларимизни қонуний қилиб ишлаймиз. Қонуний қилмасак, ҳеч қаерга ишга олишмайди.

Озодлик: Сизлар шунақа қилаяпти деб прокуратурага, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилмадингларми?

- Шахсан мен ўзим отделларга бориб началникларга мурожаат қиламан. Шундай вақтлар бўлганки, “Протоколга қўл қўй” дейди улар. Пустой протокол, бирор нарса ëзилмаган.

Озодлик: Қўл қўймангда бўш протоколга.

- Мен қўл қўймайман. Мен улар айтганчалик одаммасман. 11 йилдан бери шу ерда юраман. Ҳамма нарсани биламан. Булар шунчалик қийнашаяптики болаларни, метрода болалар юра олмайди.

Озодлик: Сиз нима деб ўйлайсиз нимага бундай бўлаяпти? Илгари бундай эмасмиди?

- Олдин бунчалик эмас эди. Олдин ҳам бўлардию, бунчалик эмас эди. Ҳозир разрешение на работу, регистрацияларимиз жойида. Ҳозир документсиз болалар кам. Жуда кам миқдорда. Булар фақат пул олиш йўлида. Буларнинг мақсади ўз чўнтакларига пул ишлаш, дейди Санкт Петербургдан қўнғироқ қилган Музаффар.


“Тожикистонлик отахон арзи”

Тожикистоннинг Ашт туманидан қўнғироқ қилган 70 ёшли отахон Сафарали Йўлдошевнинг айтишича, у суд жараёнларида ўз она тилида гапириш ҳуқуқидан маҳрум қилинмоқда.

- Бизнинг озгина чигал ишимиз бор. Судда ўзбекчалаб гапира олмай ëтибмиз. Тожикча гапирасиз деб бизни қийнаяпти. Декабрда мен аризани топширган эдим судга. Тожикчани биз мукаммал билмаймиз.

Озодлик: Таржимон олсангизчи. Таржимон қўймайдими?

- Ҳозир пенсиям ошиб 61 сомони бўлди. Таржимон ҳам пулга ишлайди. Пулим йўқ. Фақат битта мен эмас кўп одам мана шу ерда. Давлат тили тожик тили, тожикчалаб гапир дейди. Еттинчи декабрдан бу ëғига суд билан биз гаплаша олганимиз йўқ. Билганини сўрайди, биз қолаверамиз.

Озодлик: Таржимон билан суднинг ўзи таъминлаши керакку.

- Суд таъминламаяпти.

Озодлик: Суд мажлислари энди ўша давлатнинг тилида олиб бориладида. Ўзбекистонда ҳам ўзбек тилида олиб борилади. Тожик тилида олиб борилмайдику.

- Рус тили давлат тили бўлган вақтида ҳамма тил ишлаган эди. Рус тилини ҳам яхши гаплаша олмаймиз. Мен 1965 йилдан бери касаллик билан яшаб келаман. Миям ҳам касал. Яхши эмас. Булар бундоқ қўзғаб қўйса, мен қалтирайман. Бунинг устига мен инвалид бўла олганим йўқ. Пора бермасангиз, инвалидга чиқармайди, дейди Тожикистондан қўнғироқ қилган Сафарали Йўлдошев.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG