Линклар

Оқсарой АҚШ мулозими ташрифини эътиборсиз қолдирди


АҚШ Марказий Қўмондонлиги бошлиғи генерал Жэймс Маттисни Тошкент аэропортида Ўзбекистон мудофаа вазирининг муовини Рустам Ниёзов кутиб олди.

АҚШ Марказий Қўмондонлиги бошлиғи генерал Жэймс Маттисни Тошкент аэропортида Ўзбекистон мудофаа вазирининг муовини Рустам Ниёзов кутиб олди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги янги раҳбари генерал Жэймс Маттис 15-17 ноябр кунлари Ўзбекистонда бўлди. Ўз салафидан фарқли, генерал Маттис президент қабулида бўлмади ва унинг ташрифи ўзбек матбуоти диққатидан четда қолди.


АҚШ Марказий қўмондонлигининг қўмондони генерал Жэймс Маттис 15-17 ноябр кунлари Ўзбекистонда бўлгани ҳақида Америка элчихонаси генералнинг ташрифи якунланганидан кейин маълум қилди.

Элчихонанинг жамоатчилик билан ишлаб бўлими раҳбари Молли Стивенсон Озодлик билан суҳбатда АҚШ ҳарбий мулозими Тошкентга қилган уч кунлик ташрифи давомида Ўзбекистон мудофаа вазири ва бошқа расмийлар билан учрашганини маълум қилди.

- Генерал Жэймс Маттис мудофаа ва ташқи ишлар вазирлиги расмийлари билан учрашди. Бу унинг минтақага қилган биринчи таншув ташрифи бўлиб, Ўзбекистон расмийлари билан шахсан танишиб, уларнинг фикрларни ўрганди. Генерал Маттис Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиев билан учрашиб, минтақа хавфсизлиги, жумладан Афғонистондаги вазиятга оид масалалар бўйича фикр алмашди. Улар шунингдек, 2011 йилда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка оид дасутр бўйича келишувни имзоладилар.

Генерал Жэймс Маттис шу йилнинг август ойида АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони этиб тайинланган эди. Ундан аввал бу лавозимни ҳозирда Афғонистондаги НАТО ва АҚШ кучларига қўмондонлик қилаётган генерал Дэвид Петреус эгаллаб келган.

Генерал Петреус кейинги йилларда АҚШ Марказий қўмондолиги бошлиғи сифатида Ўзбекистонга бир неча марта келган ва ҳар сафар президент Ислом Каримов қабулида бўлган эди. Бундан ташқари, маҳаллий матбуот генерал Петреуснинг Тошкентга ташрифини Ўзбекистоннинг минтақадаги ўрни ҳамда Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришишдаги роли қанчалар муҳимлигига бағишланган мақолаларни чоп этиб келар эди.

Бироқ АҚШ Марказий қўмондонлигининг янги қўмондони генерал Маттисга, салафи Петреусдан фарқли ўлароқ, бундай мулозамат кўрсатилмади.

У на президент Каримов билан учрашди, на ўзбек матбуоти диққатига созовор бўлди.

АҚШ элчихонаси расмийси Стивенсен хоним, буни генерал Маттиснинг ташриф кун тартибида президент билан учрашув кўзда тутилмагани билан изоҳлади.

- Унинг учрашувлари жадвалида вазирликлар расмийлари билан сўзлашувлар ўрин олган эди. Президент билан учрашув кун тартибида йўқ эди. Бу ҳақда ортиқча изоҳ бера олмайман, деди АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси жамоатчилик билан ишлаб бўлими бошлиғи Молли Стивенсен.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фелгенгауэр Пентагоннинг юқори мартабали расмийсининг Тошкентда совуқ кутиб олинганини президент Ислом Каримовнинг анчайин нозик табиатли сиёсатчи бўлгани билан боғлайди. Кейинги бир-икки йил давомида Қўшма Штатлар Афғонистонда тинчлик ўрнатиш уринишларида Ўзбекистонга катта эътибор қаратиб келаётган эди, лекин сўнгги пайтларда Ўзбекистонга бўлган қизиқиш сусайиб қолганини кўриш мумкин, дейди таҳлилчи.

- Президент Каримов анча инжиқ одам, бу биринчи сабаби бўлиши мумкин. Иккинчидан, ҳозир америкаликлар Афғонистондаги можарони ҳал қилиш бўйича бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилиш йўналишида асосий диққатини Россияга қаратмоқда. Балки бу ҳам Тошкентга унчалик ёқмаётгандир. Бундан ташқари, Қирғизистондаги Манас базаси тақдири мавҳум бўлиб келаётган эди, ҳозир эса, америкаликлар бу муаммони ҳам ҳал қилди ва Ўзбекистонда қўшимча транзит базасини ташкил қилиш масаласи долзарб бўлмай қолган кўринади.

Шунинг учун Ўзбекистон раҳбарияти ўз норозилигини ана шу тарзда етказиб қўймоқчи бўлгандир, дея қўшимча қилади россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр.

Эслатиб ўтиш жоиз, ўтган ҳафта, 9-11 ноябр кунлари АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари ёрдамчиси Роберт Блэйкнинг Тошкентга ташрифи ҳам президент ва ўзбек матбуоти диққатидан четда қолди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG