Линклар

Жабрланган ўшликларга кўмир ваъда қилмоқдалар


Уйлари ёнган ўшликлар то бирор бошпана тиклаб олгунларигача қаттиқ совуқ тушмаслигини тилаб ўтирибдилар.

Уйлари ёнган ўшликлар то бирор бошпана тиклаб олгунларигача қаттиқ совуқ тушмаслигини тилаб ўтирибдилар.

Халқаро донорлар кўмагига қарамай, июн воқеалари чоғида Ўш шаҳрида ёндириб юборилган уйларни қайта тиклаш иши ҳали-ҳануз ниҳоясига етгани йўқ. Айни пайтда қиличини яланғочлаб келаётган қиш уйи куйган ўшликларнинг бир ташвишига ўн ташвиш қўшаяпти.

Ўшлик Гулмира опа июн қирғинида уйсиз қолганлардан бири. Унинг айтишича, ҳукумат қишгача барча уйсиз қолганларни уй билан таъминлашини эълон қилган бўлса-да, бу иш сустлик билан олиб борилмоқда. Бундан ташқари Гулмира опанинг қишга тайёргарлиги ҳам йўқ.

- Бизнинг уйимиз йўқ-ку ҳали, кўмир ҳақида эслаганимиз ҳам йўқ. Мана эндигина фундаментнинг тагини қўйишаяпти, - дейди Гулмира опа.

Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси раҳбари Жонтўра Сотволдиевнинг айтишича, Қирғизистонга сафар қилган Европа комиссиясининг тараққиёт ишлари бўйича комиссари Андрис Пиебалгс ва БМТнинг Қирғизистондаги мувофиқлаштирувчиси Нил Уволкер билан президент Роза Ўтунбоеванинг учрашувлари чоғида айни мана шу масала, яъни қишгача ўшликларни уй билан таъминлаш масаласи кўтарилган. Мазкур учрашувда иштирок этган Жонтўра Сотволдиев уйсиз қолган барча ўшликлар ноябр ойи охиригача уй билан таъминланишини билдирган.

- 20- 25 ноябргача ёниб кетган уйларни тиклаш ишлари якунланади. Об-ҳаво яхши бўлиб турса, бу режа бажарилади. Бундан ташқари, учрашувда Ўшни 2011 ва 2012 йилларда ривожлантириш режалари муҳокама қилинди, - деди Жонтўра Сотиволдиев.

Расмийнинг айтишича, ёндирилган уйлар ўрнига қурилаётган 2 хонали “ўтиш даври уйлари”нинг ҳар бирини қуриш учун кўпи билан 2 ҳафта талаб қилинади. 4 кун пойдевор, 4 кун девор кўтарилади, 4 кунда эса том ёпилади.

Ўшлик Назира опа ҳукумат расмийсининг: “Агар об-ҳаво яхши бўлса, 25 ноябргача уйлар қуриб битказилади”, деган гапида жон бор эканини айтади:

- Худо хоҳласа, ҳаракат жуда яхши. Қурилишлар жуда авжида. Ёғин-сочин бўлмай турса, тез орада уйлар битиб қолади, - дейди Назира опа.

Бироқ суҳбатдошимиз уйлар битгани билан аҳолининг қишга тайёргарлиги йўқ эканини айтади:

- Бу иккинчи масала эди. Бироқ қиш яқинлашгани сари бу биринчи масалага айланиб бормоқда. Уйимиз бўлгани билан ўтин-кўмиримиз йўқ бўлса, қишдан чиқиш қийинроқ бўлади. Ўтин, кўмирни қаердан олишимизни билмаймиз, - дейди Назира опа.

Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси раҳбари Жонтўра Сотволдиев аҳолини кўмир билан таъминлаш масаласида ҳам халқаро ташкилотлар билан сўзлашувлар олиб борилаётганини айтди:

- Ҳар бир жабр кўрган хонадонга 2 тоннадан кўмир тарқатилади, печкалар қурилади. Бу иш кейинги ҳафтадан бошланади. Бу борада гуманитар ташкилотлар билан сўзлашувлар муваффақиятли якунланган, - деди Жонтўра Сотволдиев.

Ҳукумат расмийсининг айтишича, шу кунгача бир қатор донор давлатлар Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш ишларига молиявий жиҳатдан кўмаклашишларини билдирганлар.

- Бу жараён 30 ойни қамраб олади, яъни шу йилнинг олти ойи, 2011 ва 2012 йилларда қайта тиклаш ишлари якунланади. Бу ишга донорлар 1 миллиард 100 минг доллар ваъда қилишган. Бироқ бу маблағ берилиши учун Қирғизистон демократик тамойиллардан чекинмаслигини исботлаши ва қонуний ҳукуматни тезроқ шакллантириши кераклиги шарт қилиб қўйилган, - деди Жонтўра Сотволдиев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG