Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:27

Душанбе транзит юк қамали тўғрисида икки хил гапирмоқда


Тожикистоннинг ЕХҲТдаги вакили Нуриддин Шамсов бу халқаро ташкилотдан яна Тошкент жорий қилган транспорт қамалини ҳал қилиб беришни сўради. Айни пайтда Тожикистон темир йўллари ширкати масъуллари бу муаммо аллақачон ҳал бўлганини айтмоқдалар.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг куни кеча Венада ўтказилган халқаро анжуманида чиқиш қилган Тожикистон вакили Нуриддин Шамсов ўз давлати ҳозирга қадар юк транзити масаласида Ўзбекистон томонидан сиқувга олинаётганини гапирди.

“Агар бу қамал Ўзбекистон томонидан шу тариқа давом эттирилаверса, Тожикистонга катта иқтисодий зарарлар етказиш билан бир қаторда минтақа иқтисодиёти ва хавфсизлигига ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатиши табиий”, дея таъкидлади Тожикистоннинг ЕХҲТдаги вакили Нуриддин Шамсов.

Шуни назарга олган ҳолда, тожик расмийси Шамсов ЕХҲТга раислик қилаётган Қозоғистон мавжуд муаммони адолатли ва ўз вақтида ҳал қилиш учун Ўзбекистонга адолатпарвар гуруҳини юбориши зарурлигини уқтирган.

Шамсов жаноблари мулоҳазасича, расмий Тошкент Роғун ГЭСи қурилишини истамаётгани ортидан йил бошидан буён Тожикистонни иқтисодий қамал қилишга бел боғлаган, шу боис Тожикистонга тегишли юк вагонлари ойлаб Ўзбекистон темир йўлларида қолиб кетаяпти ва бу ўз навбатида мамлакат иқтисодиётини фалажлантираяпти.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонга тегишли юк вагонлари Ўзбекистон ҳудудида асоссиз ушланиб қолинаётгани ҳақидаги маълумотлар илк бор шу йил феврал ойида тожик расмийлари томонидан эълон қилинган эди.

Ўтган шу давр ичида Тожикистон ҳукуматининг юқори мартабали шахслари Ўзбекистон тожикларни иқтисодий қамал қилаётганинидан жуда кўплаб марта шикоят қилдилар.

Жумладан, биргина ЕХХТга Тожикистон томонидан шунинг билан тўртинчи марта мурожаат қилинишидир.

Айни пайтда Тожикистон темир йўллари ширкати масъуллари юк транзити муаммоси аллақачон ҳал қилинганини ва Тожикистоннинг ЕХҲТга бу галги мурожаатидан хабарсизликларини маълум қилишди.

Мазкур ширкат раиси ўринбосари Владимир Собкалов Ўзбекистон билан бу борада ҳеч қандай муаммо йўқлигини ва бундай мурожаатларга бундан буён зарурат қолмаганини таъкидлади.

- Ҳаммаси аллақачон ҳал бўлган, вагонларимизнинг ҳаммасини қўйиб юборишаяпти, ҳеч ким йўлтўсарлик қилгани йўқ, - дея маълум қилди темир йўллар ширкати расмийси Собкалов.

Унинг айтишича, Эрон томони Ўзбекистонни расмий огоҳлантирганидан сўнг юк транзити масалалари буткул ҳал бўлган.

Эслатсак, Тожикистон жанубида Сангтўда-2 ГЭСини қураётган эронлик мутахассислар мазкур гидроиншоотни фойдаланишга топшириш муҳлатининг кечиктирилиши айнан юк вагонлари транзити муаммоси билан боғлиқ эканини билдирган эди.

Шундан сўнг расмий Теҳрон Ўзбекистон томонга мурожаат қилиб, агар у томон бу сиёсатини давом эттираверса, Эрон томони ҳам ҳар куни ўз ҳудуди орқали ўтаётган Ўзбекистонга тегишли 150 та юк вагонинининг йўлини тўсишга мажбур бўлишини таъкидлаган эди.

Тожикистон темир йўллари ширкати расмийси Собкалов жаноблари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан доимий алоқада бўлиб, юк транзити билан боғлиқ муаммоларни ўрнида ҳал қилиб олаётганларини қўшимча қилди.

Аснода мустақил таҳлилчилар Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида юк транзити масаласи ўз ечимини топган бир пайтда Тожикистоннинг ЕХХТдаги вакили Нуриддин Шамсовнинг бу ўринсиз мурожаати қўшниларнинг шусиз ҳам ёмонлашган муносабатларига таъсир этмай қолмаслигини таъкидлашмоқда.

- Ҳар ҳолда, давлатнинг турли идораларида Тожикистоннинг минтақа мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон билан алоқалари яхшиланишидан манфаатдор бўлмаган шахслар борлиги кузатилади. Шунинг учун улар бундай юқори минбарлардан фойдаланган ҳолда ўз мақсадларини амалга оширадилар, - дея мулоҳаза юритади мустақил таҳлилчи Шокиржон Ҳакимов.
XS
SM
MD
LG