Линклар

Москвада қирғиз режиссёри юбилейи нишонланди


Тўлўмуш Ўкеев хотира кечасида уни яхши билган турли миллатга мансуб касбдошлари ва режиссёрнинг яқинлари иштирок этдилар.

Тўлўмуш Ўкеев хотира кечасида уни яхши билган турли миллатга мансуб касбдошлари ва режиссёрнинг яқинлари иштирок этдилар.

16 ноябр куни Москвадаги Кино уйида машҳур қирғиз режиссёри Толомуш Океевнинг 75 йиллигига бағишланган хотира кечасида тадбир ташкилотчиларидан бири, таниқли ўзбек кинорежиссёри Али Ҳамроевнинг Тўлўмуш Ўкеевга бағишланган хужжатли филми намойиш этилди.

Россия Киночилар уюшмаси Марказий Кино уйида Қирғизистон кинематографияси асосчиларидан бири, машҳур совет кинорежиссёри Тўлўмуш Ўкеевнинг75 йиллигига бағишланган “Тўлўмуш Ўкеев ва Марказий Осиё кинематографияси” деб номланмиш хотира кечасига Россиянинг турли ҳудудларидан унинг таниқли касбдошлари, жумладан, Наталья Ўринбосарова, Булат Мансуров, Николай Иванов, Давлат Худоназаров, Ираклий Квирикадзе ва бошқалар ташриф буюрдилар. Тадбирда Тўлўмуш Ўкеевнинг яқин дўстлари ва ҳамкасбларидан ташқари дунёнинг турли чеккаларидан йиғилган марҳумнинг қариндошлари ҳам иштирок этдилар.

Кечанинг фаол ташкилотчиларидан бири машҳур ўзбек кинорежиссёри Али Ҳамроев бу кечанинг бошловчиси ҳам эди.

Тўлўмуш Ўкеевнинг энг ажойиб асарларидан бири – “Ёшлигимиз осмони” филми намойиш қилинишидан олдин ўзбекистонлик Али Ҳамроевнинг қирғиз режиссёри ҳақидаги хужжатли филми кўрсатилди.

Мазкур кечада ўз дўсти ҳақида узоқ гапирган Али Ҳамроев Тўлўмуш Ўкеевни биринчи филмиёқ уни машҳур этгани ва бунга Тошкентда ўтган Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинофестивали сабаб бўлганини эслади.

- 1968 йилда совет ташвиқотчиларининг калласига Иттифоқнинг жанубида кинофестивал ташкил этиш фикри келиб қолди. Ўйлаб- ўйлаб ниҳоят Тошкент шаҳри танланди. Осиё, Африка ва Лотин Америкаси киноанжуманини айнан Тошкент шаҳрида ўтказиш ўша пайтда жуда катта обрўга эга, баланд бўйли, келишган Шароф Рашидовнинг саъй-ҳаракатлари билан амалга ошди. Ана шу филмлар фестивалига ўзининг “Ёшлигимиз осмони” деб номланган биринчи картинасини олиб келган, у пайтда ҳеч кимга таниш бўлмаган Тўлўмуш Ўкеев анжуманнинг “Дебют учун махсус соврин” номинациясида тақдирланди. Шу тариқа, Тўлўмушнинг бундан кейин яратилган барча филмлари шундай намунали бўлиб чиқди, дея эслайди Али Ҳамроев.

Ўкеевнинг қизи, “Тўлўмуш Ўкеев” жамғармаси раҳбари Азиза Ўкеева Марказий Осиёда сўнгги 20 йил давомида рўй берган сиёсий ўзгаришлар маҳаллий кино санъатига жуда салбий таъсир этганини гапирди. Унинг сўзларига кўра, ўз юртида филмларни яратиш учун етарли шарт-шароитга эга бўлмаган кўплаб машҳур кино усталари чет эл кино санъатининг равнақига ҳисса қўшмоқда.

- Масалан, бугунги тадбирда сўзга чиққанларнинг аксарияти Москвада яшайди. Тожикистонлик Давлат Худоназаров 15 йил ўқигандан кейин мамлакатга киргизилмай қўйди. Хўжамберли Нарлиев Туркманбоши билан муносабатлари яхши бўлмаганлиги сабабли Москвада яшайди, Али Ҳамроев эса Қирғизистондагидек Ўзбекистонда кино етарли даража қўллаб-қувватланмагани учун бу ўлкада яшаб келади, дейди Азиза Океева.

Эслатиб ўтамиз, ўзбек киноси намояндаси, “Еттинчи ўқ”, “Фавқулодда комиссар”, “Водийлик келин”, “Тан соқчиси” ва бошқа бир қатор филмлари билан шуҳрат қозонган Али Ҳамроев 1989 йилда Италияга кетган, 2002 йилда эса у Москвага кўчиб ўтганди.

Озодликка берган интервьюсида 73 га кирган, лекин ижодий режалари бисёр Али Ҳамроев МДҲ давлатларида давом этаётган ижод инқирози сабабларига тўхталди.

- Собиқ Совет республикалари санъатида ҳозирда необольшевизм йўналиши ҳукм сурмоқда, тушунаяпсизми - необольшевизм! Лекин у тор миллий необольшевизм шаклига эга. Ўкеевга ўхшаган режиссёрлар пайдо бўлмаётганининг сабаби ҳам шундаки, замонавий кино санъати Совет давридан қолган тамойиллар билан яшаб келмоқда. Масалан, мустақил ўзбек киносининг ўзига хос янги давр маданиятини яратиш учун йиллар керак, ўнлаб йиллар керак. Шунинг учун замонавий МДҲ давлатлари киносида юзага келган вазиятда фақатгина сиёсий тузумни айблаш нотўғридир, - дейди ўзбек кино устаси Али Ҳамроев.

Режиссёрнинг сўзларига кўра, янгилик фақат эски билимлар асосида яратилади ва уни инкор этиш ҳам катта фожеага сабаб бўлиши мумкин.

- Ким ўтмишга қараб ўқ узса, келажакни маҳв қилади! - деди Али Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG