Линклар

Апрел воқеалари бўйича Бишкек суди яна қолдирилди


2010 йилнинг 7 апрелида ҳукумат биноси олдига йиғилган юзлаб намойишчини ўққа тутганликда айбланганлар устидан Бишкек шаҳрида бошланган суд мажлиси яна қолдирилди.

Бишкекдан олинган хабарларга кўра, суд раиси буни адвокатларнинг тергов хулосаси билан танишиш учун қўшимча вақт сўрагани билан изоҳлаган.

Суд ишига тиркалган 50 га яқин айбланувчидан 28 нафари маҳкамада иштирок этмоқда. Булар Давлат Миллий хавфсизлик хизмати махсус қўшини ҳисобланган “Альфа” гуруҳи ва “Арстан” давлат қўриқлаш хизмати собиқ ходимларидир.

Улар жиноий топшириқларни бажариш ҳамда икки ёки ундан ортиқ кишини қасддан ўлдиришга алоқадорликда айбланмоқда.

Айбланувчилар орасида энг асосийлари — собиқ президент Қурмонбек Бақиев ва унинг қариндошлари, сафдошлари аксарияти халқаро қидирувда бўлгани боис, ишнинг уларга оид қисми Ҳарбий суд ихтиёрига ўтказилган.

Эслатамиз, 17 ноябр куни бошланган маҳкаманинг биринчи қисми апрел воқеалари қурбонларининг судда иштирок этаётган яқинлари тўполони боис тўхтатилган эди.
XS
SM
MD
LG