Линклар

Тошкентда уй олди-сотдисига қайта рухсат берилди

  • Замира Шукур

Афтидан¸ Тошкент дарахтларига ëпиштириладиган эълонлар қати яна қалинлашади.

Афтидан¸ Тошкент дарахтларига ëпиштириладиган эълонлар қати яна қалинлашади.

Озодлик октябр ойининг сўнгги¸ ноябрнинг биринчи ҳафтасида Тошкентдаги давлат нотариусларининг кўчмас мулк савдосини расмийлаштиришни тўхтатгани ҳақида хабар берган эди. Кейинги хабарларга кўра¸ айни кунларда бу жараëн нормал изга қайта бошлаган.


18 ноябр куни Тошкент шаҳридаги 1-давлат нотариал идораси расмийси ҳозирда пойтахтликлар кўчмас мулк сотиш ëки олишни расман қайддан ўтказиш учун нотариусларга мурожаат қилишлари мумкинлиги ва номаълум сабабга кўра бу жараëнга қўйилган тақиқнинг бекор қилинганини билдирди.

- Яна олди-сотди қилаверасиз¸ бемалол¸ қўрқмасдан. Нимага тақиқланганини ҳеч ким билмайди. Икки ҳафта ëпилди ва нимагалигини ҳеч ким билмайди¸ деди Озодлик 18 ноябр куни суҳбатлашган давлат нотариал идораси ходими.

Президент маъмуриятидан берилган буйруқ асосида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги давлат нотариусларига уй олди-бердисини расмийлаштириш номаълум муддатга тақиқланди¸ деган эди 29 октябр куни Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон Адлия вазирлиги расмийси.

- Энди ҳозир айтишларига қараганда¸ нотариуслар орасидаги сервер бўйича компьютерларга вирус тушган экан. Энди ҳозир йил бошидан очишади¸ деган гап бор. Янги йилдан очилади деган гап бор¸ деган эди Тошкентдаги йирик риэлторлик ширкатларидан бири вакили 3 ноябр куни Озодлик суҳбатда.

Жорий йилнинг 15 май кунидан бошлаб¸ Ўзбекистонда хусусий нотаруслар фаолияти тақиқлангани боис¸ давлат нотариусларида уй олди-бердисини расмийлаштириш тақиқлангани Ўзбекистон пойтахтидаги кўчмас мулк бозорини бир муддат карахт ҳолга туширган эди.

Бу жараëн қайта изга туша бошлаши билан¸ Ўзбекистон ичкарисидаги айрим гуруҳлар¸ хусусан 17 ноябр куни ўз махсус ҳисоботини эълон қилган Эксперт ишчи гуруҳи¸ давлат нотариусларида кўчмас мулк савдосини расмийлаштириш тақиқланганини мутлақ инкор этишга киришди.

Айни пайтда¸ илк бор 4 ноябр куни Озодлик хабар берган яна бир жараëн – Тошкентдаги эгаси яшамаëтган уй ва квартираларнинг рўйхати олинаëтгани ва эгаси йўқларининг шаҳар ҳокимияти ҳисобига мусодара қилинаëтгани ҳам¸ Эксперт ишчи гуруҳи ўтказган кузатишларга кўра¸ ўз тасдиғини топмаган.

Озодлик билан ўз исми айтилмаслиги шарти билан суҳбатлашган Тошкент марказидаги кўп қаватли уйлардан бирининг домкоми ва Тошкент шаҳар ҳокимияти расмийси 1 октябрдан пойтахтдаги бўш турган уйларни паспортизация қилиш жараëни бораëтгани ҳақида батафсил маълумот берган эди. Бу тўғрида махсус ҳисобот ўтказган Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловнинг 18 ноябр куни Озодликка айтишича¸ Тошкентда эгасиз уйларни паспортизация қилиш жараëни бораëтганига оид маълумотлар тасдиғини топмаган.

Мазкур ҳисобот муносабати билан Озодлик Суҳроб Исмоиловни суҳбатга таклиф қилиб¸ бундай хулосалар тафсилотини ўрганишга уринди.

Озодлик: Суҳроб¸ демак гуруҳингиз ўтказган кузатишлар натижасида октябр ойи охири ва ноябр ойи бошида Тошкент нотариусларида уй савдосини расмийлаштиришнинг тақиқлангани ўз тасдиғини топмади¸ шундайми?

- Тўғри. Бизнинг кузатувимизда тасдиқланмади. Чунки биз гаплашган кўпгина реалторлик агентликлари нотариусларнинг сони кескин камайиб кетганлиги учун вақтинча мана шу нарса ҳокимиятларга ўтказилганини, лекин ҳамма ҳокимиятларда ҳам бу ишлар тез ўз ўрнидан кўчмаганлигини тасдиқлашди.

Озодлик: Хусусий нотариусларнинг ëпилиши бу июн ойидаги ëздаги воқеалар. Уй савдосининг давлат нотариусларида расмийлаштириш тақиқлангани бу октябр ойидаги воқеа...

- Ëздаги воқеалар, лекин ëзда бошлангани билан бу нотариусларни тугатиш, ҳозир президентнинг фармонини ҳам кўрадиган бўлсак, тугатилиши ва ўрнига янгилари тузилиши 2010 йилнинг охиригача давом этиши керак. Шунинг учун ҳали бутун республикада тугатилган нотариал конторалар ўзининг ўрнини қоплади¸ дегани эмас. Шунинг учун ҳар хил ҳокимиятлар ишларига ўзларича ҳар хил ëндашишган Тошкент вилоятида, Тошкент шаҳрида.

Озодлик: Энди иккинчи жараëн - “паспортизация пустуюших квартир” деган жараëн ҳақида гаплашсак. Буни ҳам Озодликка шаҳар ҳокимияти расмийси, Тошкентдаги домком гапириб берган эди ва 3 ноябр куни Тошкент шаҳар ҳокими ва Бош вазир ўринбосари бошчилигида айнан шу масалада мажлис бўлгани¸ бу одам ўша мажлисда шахсан ўзи қатнашган, у ерда 1 октябрдан бери Тошкент шаҳрида бораëтган мана шу жараëн ва унинг бундан кейинги бориши ҳақида гап-сўзлар ҳақида интервью бор бизда. Ўшанда конкрет ...

- Паспортизация жараëни бўйичами?

Озодлик:
Ҳа. Ўшанда конкрет айтилган - Ички ишлар вазирлигининг махсус вакиллари, Миллий хавфсизлик хизмати, маҳаллий участка нозири ва маҳалла қўмитасу вакилларидан иборат комиссия ишлаяпти ва ҳар битта уйдаги, кўп қаватли катта уйлар ҳақида гап кетаяпти, эгаси ким, яшаяптими, ким туради ва ҳоказо ҳаммаси текширилаяпти¸ деб.

Кейин биз шу интервью асосида, биласиз Озодлик бир нарсани бир нечта манбадан текширмаса бермайди, шаҳар ҳокимиятига телефон қилдик. Шаҳар ҳокимиятидаги манба бу хабарни тасдиқлади.

Бунинг иккита сабаби бор, деди. Биринчидан, хавфсизлик нуқтаи назаридан. Одамлар жуда кўп ноқонуний квартирант қўйиб, алмаштириш ишлари бўлаяпти. Иккинчидан, шаҳар ҳокимлиги бюджетига ҳеч қанақа солиқ тушмаяпти бундан. Яъни “ҳаммаси нолегал йўл билан квартирант қўяяпти, одамларда жуда кўп уйлари бор” деб шаҳар ҳокимиятининг изоҳи шу бўлди. Кейин Рустам аканинг изоҳини эшитдингиз¸ даромаднинг қаердан келганини кўрсатувчи декларация учун бўлаяпти, деди.

Сизнинг ўтказган тадқиқотингиз бўйича, бунақа ҳам жараëн бўлмаган, шунақами?

- Тўғри. Биз буни ўтказганимизда, мана материалимизда ҳам манбасини бераяпмиз, Тошкентдаги бир неча РОВДдаги паспорт столлар билан гаплашдик. Паспорт столдаги ходимлар жойлардаги участка нозирлари ва маҳалла қўмиталари орқали паспорт тизимини амалда жорий қилишга хизмат қилишади. Улар текширувни ҳам уйма уй юриб, яшаëтган ва рўйхатда турган одамлар сонини ҳам асосан улар олади. Мана шу жойларга мурожаат қилганимизда, биз ўзимизнинг яқин танишларимиз орқали чиқдик, расмий интервью эмас, ҳамма жойда яқин танишлар орқали чиқиб сўраганимизда, тўртта районда ўтказдик, тўртовида ҳам “Бунақа қўшма группа тузилгани йўқ. Паспортизация деган расмий ҳеч қанақа жараëн ҳам йўқ. Фақат текшириши мумкин, вақтинча рўйхатга турмасдан, паспорт тизимини бузган ҳолда яшаëтган фуқароларнинг бор-йўқлигини шу байрамлар олдида усиление олдида текшириш учун ўтказилиши мумкин” деб ҳар доим бўладиган жараëнни айтишди.

Озодлик: Бу жараëнга паспорт стол ходимлари умуман аралашмаган. Сиз айтаëтган тизимлар бу жараëнга умуман аралашмаган. Махсус ҳукумат комиссияси тузилган.

- Махфий ҳукумат комиссияси тузилгани билан махфийларнинг энг катта идораларининг бошлиқларининг ўзи келиб юрмайди. Бу ерда просто мен системани биламанда. Бу ерда паспорт тизимини жорий қилиш ва уни текширишни паспорт столи ва жойлардаги участка нозирлари, маҳалла қўмиталари бирга амалга оширади.

Озодлик: Паспорт тизими ҳақида гап кетмаяптию. Уйларни рўйхатга олиш ҳақида гап кетаяпти. Уйлар билан паспорт столи шуғулланмайдику.

- Мен сизга айнан шуни айтаяпман. Ўшанақа рўйхатга олиш йўқ. Фақатгина паспорт тизимини текшириш бўйича рейдлар бўлаяпти ҳар доимгидай¸ деб айтишди деб уларнинг гапини айтаяпман мен. Гап айнан шу ерда. Ўзим сизга уйларни рўйхатга олиш паспортизация бошланган эмас¸ демаяпман. Мен у манбаларнинг сўзини келтириб, улар биз тўртта райондан сўраганимизда, оддий уселение олдидан, байрам олдидан рўйхатсиз турган фуқароларни аниқлаш учун уйларга ташриф буюрилаяпти¸ деб айтишди деяпман.

Озодлик: Менинг тушунишимча, сиз билан мен ҳозир алоҳида-алоҳида жараëн, бир-бирига мутлақ боғланмаган иккита жараëн ҳақида гаплашаяпмиз. Уйларни паспортизация қилиш билан фуқаролар паспортини текшириш, менимча, мутлақо бошқа-бошқа жараëнлар.

- Именно, именно.

Озодлик: Биз гапирганимиз уйларнинг ҳужжатларини текшириш ҳақида гап бораяпти. Сиз фуқароларнинг паспорти ҳақида гапираяпсиз.

- Биз айнан уйларнинг паспортизацияси бошландими йўқми, шунақа жараëн бошландими йўқми¸ деб тўртта районда паспорт столдаги ўзимизнинг манбалар орқали гаплашганимизда, улар ҳеч қанақа бунақа жараëн бор- йўқлигини тасдиқлашмади. Бунақа жараëн йўқ. Одатдагидай ...

Озодлик: Шу манба тўғри манбами мурожаат қилиш учун? Шуни сўраяпман сиздан. Улар паспорт текширади. Мен айтаëтганим шаҳар ҳокимлиги ...

- Ҳозир мен тушунмаяпман, бу ерда бир-биримизга мақсад нима?

Озодлик: Менинг мақсадим мана шу жараëнга оид максимум информация олиш журналист сифатида. Яна айтаяпман, Озодликнинг манбалари битта эмас¸ бир нечта. Қолаверса¸ оддий фуқаролар телефон қилиб мурожаат қилди: шу жараëн бўлаяпти, бораяпти, ўнлаб маклерлар билан гаплашилди. Шунинг учун сизнинг манбангиз қанчалик бу жараëнга яқинлиги ҳақида мен журналист сифатида сўраяпман. Паспорт столлари паспорт текшириш билан шуғулланади. Уй-жойларнинг ҳужжатлари билан, менимча, бошқа идоралар шуғулланса керак. Шунинг учун гап бу ерда манбаларнинг қанчалар ишончлилиги ҳақида бораяпти. Энди мени яна бошқа нарса қизиқтиради. Ўша ҳисоботда Уй-жой кодексидан бир нарса ëзган экансиз.

- Фуқаролик кодексидан.

Озодлик: Уйларни конфискация қилиш учун ҳуқуқий асослар ҳам бор¸ шекилли. Мана шу нарса муҳим ҳозир. Масалан¸ бир одам Тошкентда уй олиб, эшигини қулфлаб Америкага кетди. Уч йилдан бери йўқ шу одам. Шуни маҳалла қўмитаси мурожаат қилиб, “эгасиз уй” деб¸ уни мусодара қилиш жараëнини бошлаши мумкин¸ тўғрими?

- Теоритический¸ назарий жиҳатдан мумкин.

Озодлик: Лекин бир кунда ҳал бўлмайди бу масала¸ шундайми?

Бу нарсада¸ биринчи уч йиллик муддат очилиши керак. Биринчи этап буни Давлат мулк қўмитаси ўрганади. Кейинги этап шу муддат ўтгандан кейин судда ўрганилади. Аммо бу фақат қонунда.

Мен фуқаро бўлиб, ўзимнинг ëн қўшниларимдан биламан, мен ҳам кўп қаватли уйда тураман, мен ҳали бунақа ҳолатларни камдан кам кўрганман¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов.

Афтидан¸ Тошкентдаги эгалари яшамаëтган уйларни махсус рўйхатга олиш жараëни тугаб¸ давлат нотариусларига кўчмас мулк олди-сотдисини расмийлаштиришга қайта рухсат берилганидан сўнг¸ Ўзбекистон пойтахтида шундай жараëннинг амалда бўлганини инкор қилиш жараëни бошланган. Бундай инкор қай мақсадда қилинмоқда¸ буниси энди бошқа тадқиқот мавзуси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG