Линклар

logo-print

Қирғизистон: Тилга эътибор - титул миллатга эътибор!

  • Сарвар Усмон

Ўш ва Жалолобод фожеаларида ўзбек тилининг асосчиси ҳисобланмиш Алишер Навоийга қўйилган ҳаёкал ҳам омон қолмади.

Ўш ва Жалолобод фожеаларида ўзбек тилининг асосчиси ҳисобланмиш Алишер Навоийга қўйилган ҳаёкал ҳам омон қолмади.

"Мезон ТВ" "Башат ТВ"га айлантирилди. "Ўш ТВ" "Ўш ТВ"лигича қолди, бироқ ўзбекча кўрсатувлар батамом тугатилди. Асосан ўзбек тилида кўрсатувлар бериб келган Ўшдаги бу икки телевидение июн воқеалари бошланган куни ёпиб қўйилган эди. Бу хусусий телевидениеларнинг раҳбарияти фожеадан сўнг алмашди.


Журналистлари ва техник ходимлари асосан ўзбеклар бўлган “Мезон ТВ” 11 июн куни ёпилганича ҳануз фаолиятини бошлагани йўқ.

“Мезон ТВ”нинг номи фожеадан кейин қирғизчалаштирилди. Шу кунда у “Башат ТВ”, деб аталмоқда.

“Башат ТВ” директори Адиба Саматованинг айтишича, у бошқараётган ахборот воситаси бундан буён “болалар ва ёшлар учун маърифий канал” бўлади, сиёсатга аралашмайди.

Биз собиқ “Мезон ТВ” соҳиби Жавлон Мирзахўжаевнинг қаердалигига қизиқдик.

Саматова хонимнинг айтишича, у шу кунда мамлакат ҳудудидан ташқарида.

Саматова хонимга кўра, “Жавлон Мирзахўжаев ўз мулки – “Мезон ТВ”дан воз кечган, яъни телевидениени янги мулкдорга текинга ўтказиб берган”.

Саматова хонимнинг айтишича, Жавлон Мирзахўжаев мулкини ўтказиб бериш жараёнида шахсан иштирок этмаган. У қандайдир бир шахсга ишончнома берган ва ўша одам унинг номидан барча ҳужжатларни имзолаган.

Жавлон Мирзахўжаевнинг номидан иш кўрган одамнинг кимлиги тўғрисида Саматова хоним бир нарса демади.

Номи “Башат ТВ”га айлантирилган “Мезон ТВ” шу кунда ишламаяпти.

- Янги йилга яқин эфирга чиқишни режалаштиряпмиз, деди Саматова хоним.

Ўшдаги яна бир хусусий телеканал – “Ўш ТВ” ҳам ўзбек телевидениеси сифатида танилган эди.

Халил Худойбердиевнинг хусусий мулки бўлган “Ўш ТВ” нафақат Ўшдаги, балки минтақадаги биринчи хусусий телеканаллардандир – унга 1991 йили асос солинган.

Телевидениеси фаолияти тўхтатиб қўйилганидан бир ой ўтиб, 9 июл куни Халил Худойбердиев Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати Ўш вилоят бошқармасига олиб кетилган ва ўша идорадаги суҳбатдан икки кун ўтиб оиласи билан республикадан чиқиб кетган эди.

Кетиши билан “Ўш ТВ” раҳбари қилиб қирғиз миллатига мансуб Комил Сиддиқов тайинланганди.

Шу кунда “Ўш ТВ”ни Сюита Соурбаева бошқармоқда. Мухбирингиз Соурбаева хоним билан боғланди. У киши “бир соатдан кейин” саволларимизга жавоб беришга ваъда берди. Лекин кейин телефонини очмай қўйди.

Шунинг учун Соурбаева хонимнинг 22 сентябр куни АКИpressга айтганларини келтирамиз.

“Баъзи кинофильмлар ва мультфильмлардан ташқари барча программалар давлат тилида эфирга узатилмоқда”, деган эди АКИpressга Соурбаева.

“Ўш ТВ”га яқин бир манбанинг овозини эшиттирмаслик шарти билан Озодликка айтишича, “ўзбекча алоҳида кўрсатув у ёқда турсин, ҳатто “Янгиликлар” дастури сюжетларида биронта ўзбек гапириб қоладиган бўлса, унинг овози ҳам эшиттирилмай, устидан қирғизча таржимаси ўқилмоқда. Ҳатто “уй сотаман” деган эълонни ҳам ўзбекча бериш мумкин эмас”.

“Халил Худойбердиев даврида, дейди манба, “Ўш ТВ”да 20 дан зиёд ўзбек ишлар эди. Янги раҳбарият келганидан буён 4-5 ўзбек ўз хоҳиши билан ишдан кетди, 10 нафар атрофидаги ўзбек журналист ва техник ходим тоқатидан ташқари иш тайинланиб, ишдан кетишга мажбур қилинди”.

Соурбаева хонимнинг ўзи ҳам АКИpressга берган интервьюсида кадрларни алмаштириш жараёнига катта эътибор қаратаётганини айтган.

Ўшдаги “Культура плюс” нодавлат ташкилоти раҳбари, миллати қирғиз Алима Шарипова Соурбаева хонимнинг яна бир интервьюсида айтгани бошқа гапни эслади.

- Асосий бизнинг етишганлигимиз бир оғиз ўзбек тилида бир нарса чиқармаяпмиз. Биз шуни етишганлигимиз деб биламиз деб айтибди интервьюда, дейди Алима Шарипова.

Мамлакат информацион маконидаги вазиятни шарҳлар экан, Алима Шарипова мана бундай деди.

- КТР, ЛТР қирғиз газетаси полностю националитический фактор билан беш ойдан бери туришибдида. Қирғиз тилида кетаëтган янгиликлар, телевидение, радиода бошқа миллатдаги одамлар вообше эшитмай қўйдида. Сабаб қирғиз тилида кетаëтгандан кейин у только самовосхвалиение киргизского народа. 20 йилдан бери қалпоқ, қирғиз ким эди, қирғиз бўлиш керак, ундан бошқа гап йўқ. Жанубий Қирғизистонда бугунги кунда ë ўзбек газетаси йўқ, ë ўзбек радиоси йўқ, ë ўзбек тилидаги телевидение йўқ ë сайт йўқ. Шунинг уун биз шунчалик муҳтож бўлаяпмизда, бугун бизга рус тилида бўлса ҳам радио керак бўлаяпти независимий, дейди
Ўшдаги “Культура плюс” нодавлат ташкилоти раҳбари, миллати қирғиз Алима Шарипова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG