Линклар

logo-print

"Мен не дейман, қўбизим не дейди"

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон шаҳар ва туман марказларидаги бозорлар олдида кунлик иш илинжида мардикорларнинг тўпланиб туриши одатий манзарага айланган.

Ўзбекистон шаҳар ва туман марказларидаги бозорлар олдида кунлик иш илинжида мардикорларнинг тўпланиб туриши одатий манзарага айланган.

Ўзбекистонда ишсизлар сони 9 ой мобайнида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,1 фоизга кўпайди. Расмий идораларда иш изловчи сифатида рўйхатдан ўтганлар сони 543 минг кишини ташкил этди. Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси тарқатган бу рақам реал воқеъликдан анча йироқ.


Зеро, мустақил Ўзбекистонда бугун миллионлаган ишсизлар армияси вужудга келган.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси ҳисоботига кўра, энг кўп иш изловчилар Тошкент, Андижон, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида рўйхатга олинган. Жойлардаги меҳнат бошқармалари ёрдамида январ-сентябр ойларида 479,2 минг киши ишга жойлаштирилган.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Сирдарё вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Дилшод Ташметовнинг Озодликка айтишича, шу йилнинг 9 ойи давомида вилоятда иш изловчи сифатида рўйхатга олинган 13.079 кишидан 11.099 киши ишга жойлаштирилди. Ишсиз юрганларга эса, ишсизлик нафақаси тайинланди, дейди Дилшод Ташметов:

- 424та ишсизлик нафақаси тайинлаганмиз. Ҳар биттасига тахминан 47-48 минг сўмдан тушадида,- дейди Дилшод Ташметов.

Ўзбекистон қонунлари бўйича, агар иш сўраб мурожаат қилган шахс меҳнат бошқармалари томонидан ишсиз, деб эътироф этилса, уч ой муддатга ўртача маошнинг 75 фоизи миқдорида унга нафақа тайинланади. Агар ишсиз шахс меҳнат дафтарчасига эга бўлса, яъни аввал ишлаган бўлса, нафақа 6 ой муддатгача берилиши мумкин. Бу ҳақда Дилшод Ташметов бундай дейди:

- Рўйхатга олинади. Агар унга маъқул келадиган иш топилмаса, мисол учун рўйхатга олганимиздан кейин унга бўш иш ўринлари бўйича йўлланма берамиз. Бориб ўрганиб келади. Агар ишга жойлаша олмаса, кейин ишсизлик нафақаси тайинлаймиз. Олти ой тайинланади.

Озодлик: Агар олти ой ичида унга мос келадиган иш топилмасачи? Тўхтатиладими ëки берилаверадими?

- Йўқ берилмайди. Бир йилда олти ой берилади,- дейди Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Дилшод Ташметов.

Бироқ ўзбекистонлик ишсизлар ҳукумат мулозими келтираётган бу рақамларга ишонмайди. Қашқадарёлик Эргаш Йўлдошев олий маълумотли иқтисодчи. Бироқ у бир неча йилдан буён меҳнат биржалари эшикларини қоқавериб, ҳафсаласи пир бўлган ишсиз мутахассислардан бири:

- Мен ишсизман. Менинг бормаган жойим, учрамаган биржам қолмади. Биржаларда бўш иш ўринлари бор деб, жар солишадию, лекин мен ҳали бировни ишга жойлаштирганини кўрганим йўқ. “Сизга уч ойлик, олти ойлик ҳақ тўлаймиз, у қиламиз, бу қиламиз” деб ваъда беришади, унисини ҳам мен билмадим. Менга тўлагани ҳам йўқ. Масалан ўзининг қариндош-уруғига тўлаëтгандир. Мен, масалан, бундай нафақани ҳали ололганим йўқ.

Озодлик: Сиз иш изловчи сифатида расман рўйхатдан ўтганмисиз?

- Ўтганман. Расман рўйхатдан ўтиб, ҳамма ҳужжатларимни тахт қилганман. Ҳаттоки вилоят меҳнат биржаларига ҳам мурожаат қилдим. Ҳеч қанақа натижа йўқ. Қаерга борсангиз, “Ҳа, хўп. Бўп қолса айтамиз. Учраб туринг” дейди. Учраб турамиз, йўқ. Учраб турамиз, йўқ. Одам боравериб, боравериб, ахийри безор бўладида,- дейди Эргаш Йўлдошев.

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида яшовчи Муаззамхонга кўра, ишсизлик боис ҳар йили баҳор, ёз ва куз фаслларида қишлоқлар ҳувиллаб қолади, қўлидан иш келадиган аҳолининг ярмидан кўпи Россия ва Қозоғистонга иш излаб кетади:

- Иш йўқ. Мана бизда бир фабрика бор эди, тўқимачилик фабрикаси. Абдуллаев деган инсон раҳбарлик қиларди. Мен ўзим шахсан уч марта бордим шу инсонга менга иш топиб беринг деб. “Ҳали иш йўқ. Иш жойи йўқ. Ундай эди, бундай эди” ва ҳоказо гаплар. Йўқ, иш йўқ. Меҳнат биржаси деган жой бор. Ўша ерга ҳам бордим. “Менга иш топиб беринглар. Икки яшар болам бор. Нафақа пулига куним ўтмаяпти. Аëл кишиман. Ëлғиз аëлман. Кўчадан ўтган ит ҳам, бит ҳам гапиради. Менга бир иш топиб беринглар” десам, “Иш йўқ. Қаердан топайлик. Сабр қилинг, кутинг” дейди. Қачонгача кутасиз? Қийналган одам билади бу нарсани,- дейди бойсунлик бу ишсиз аёл.

Муаззамхон фикрича, меҳнат биржаларида таклиф этилаётган ишларнинг маоши бир ишчининг кундалик тушлигига ҳам етмайди ва шунинг учун ҳам бу иш ўринлари йиллаб эгасиз тураверади:

-Ўрин йўқда. “Биз сизга топиб берамиз” дейди. Йилда бир марта топиб беради. Унда ҳам олийгоҳларни битириб келганларга, ўқитувчиларга топиб беради. Бизга ўхшаган оддий коллежни битирган инсонга иш йўқ. Топиб бера олмайди. Бетингизга қараб “Сиз коллежни битиргансиз. Ўтмайди дипломинг” дейди. Бир касалхонага санитарка бўлиб кирасизку. Касалхонага кириш учун 700-800 минг пул сўрайди. Қаердан топиб берамиз, ўзимиз 100 сўмга зор бўлиб юрган бўлсак. Биз мустақил Ўзбекистоннинг фуқароларимиз. Қандай ажойиб, қандай гўзал жумлалар. Бу ерда Ўзбекистоннинг фуқаросимиз, лекин жуда қийналган фуқароларимиз,-дейди бойсунлик Муаззамхон.

Давлат статистика қўмитасининг ҳисоботида келтирилган 543 минг нафар ишсизлар Ўзбекистондаги ишга яроқли 15 миллион аҳолининг 3 фоиздан кўпроғини ташкил этади. Кузатувчилар фикрича, аслида мамлакатдаги ишсизлар сони миллионларни ташкил этади ва бу хақдаги аниқ рақам ҳеч қаерда келтирилмайди

Иш излаб хорижга кетган ўзбекистонликлар қанча эканлиги ҳақидаги маълумот ҳам статистика қўмитаси ҳисоботида келтирилмаган. Ҳисоботнинг “Муҳожирлик” бобида бу ҳақда фақат шундай қисқача маълумот берилган холос.

«Дастлабки маълумотларга кўра, шу йилнинг 9 ойи давомида республикага 105,7 минг киши кириб келди ва 136,8 минг киши чиқиб кетди”.
XS
SM
MD
LG