Линклар

Озодлик мухлислари Ўшга юборган эҳсон $3600га етди

  • Сарвар Усмон

Озодлик мухлислари юборган ёрдам пуллари муҳтожларга етказилмоқда.

Озодлик мухлислари юборган ёрдам пуллари муҳтожларга етказилмоқда.

Ўш қирғини кунлари жабрланганлар, жумладан зўрланган ўзбек қиз-жувонларига моддий ëрдам йиғиш кампанияси давом этаëтир. Мухбиримиз мазкур ëрдамни тарқатиш билан шуғулланаëтган ташаббус гуруҳи аъзоси Салима опа билан боғланиб, Ўшга эҳсон сифатида етиб борган маблағ ҳисоботини сўради.


Озодлик:
Шу кунгача сиз аъзо бўлган ташаббускор гуруҳга бутун дунëдан неча пул келди?

Салима опа: 3600 (АҚШ) доллар келди.

Озодлик: 3600 долларни кимларга тарқатдинглар?

Салима опа: 3600 доллардан 3200 долларини тарқатдик. Ҳозир 400 доллари турибди.

Озодлик: 3200 долларни қайси маҳаллаларда кимларга тарқатдинглар?

Салима опа: 3200 долларни 42 хонадонга тарқатдик. Волгоград, Амир Темур, Розияхон Каримова, Қурмонжон Додҳо, Фрунзе, Помир, Чкалов, Қизил аскар, Баҳор, Шамшод, Навоий, Ëшлар, Ортиқали Ниëзов, Янги чек, Нўъмон Алиев, Шавкат Раҳмон, Ленин кўчаси, Бўстон, Мирзажонов кўчаларида, Моди айилида тарқатдик.

Озодлик: Ёрдам олганлардан битта-иккитасини тасвирлаб беринг. Улар нима учун ўша пулга муҳтож экан?

Салима опа: Биз пул тарқатган одамларнинг ичида ҳаммаси ҳам муҳтож. Шу муҳтожлардан бири Қосимова. Эри ўлган. Оилада 15 киши бор. Бир эшикда яшаган эрининг акаси ҳам дом-дараксиз йўқ. Ўзи иккинчи гуруҳ ногирони. Тўртта боласи бор. Оғир касал қайнонаси бор. Қўлида тўрт ойлик чақалоғи қолган. Шу аëлга олиб бориб бердик. Йиғлаб дуо қилди.

Озодлик: Қанча бердинглар?

Салима опа: 100 доллардан ошиқ пул бердик.

Озодлик: Демак, бутун дунëдан келган 3600 доллардан 3200 долларини тарқатибсизлар. 400 доллар пул қолибди. Бу пулни нима қилмоқчисизлар?

Салима опа: Ҳозирги кунда 400 долларга биз иккита одамни Россияга жўнатамиз, билет оламиз, деб турибмиз. Энди бу пул кам. Лекин ҳозир зарурати кучли бир касал муҳтожимиз бор. Шу муҳтожга Россияга билет оламиз. Бугун-эрта чиқариб юборамиз деган ниятимиз бор. Бу бола юра олмайди. Бу болага биз коляска топишимиз керак.

Озодлик: Нима учун юра олмайди?

Салима опа: Оëғидан ўқ еган. Гангрена бўлган. Буни кечиктирадиган бўлса, оëғини кесиб юборишга тўғри келади. 25 яшар бола. Шунинг учун бу болага биринчи ëрдамни кўрсатиш ҳаракатидамиз ҳозир. Биз уни олдинроқ жўнатардик. Паспорти йўқ бўлгани учун жўната олмасдан, паспортга қараб турдик.

Озодлик: Қайси кўчадан? Исми нима у йигитнинг?

Салима опа: Ортиқали Ниëзов кўчасидан. Исмимни айтманглар деяпти. Ёрдам пули жўнатаётганларга касалларимиз, жабрдийдаларимиз таъзим қилиб, раҳмат айтаяпти. Яна бир илтимосимиз бор эди. Бизга ҳозир 10та коляска ниҳоятда зарур. Миллатдошларимиз, қандайдир ташкилотлар ëрдам қилармикан, деб мурожаат қилаяпмиз.

Озодлик: Ногиронлар аравачаси, демоқчимисиз?

Салима опа: Ҳа, юра олмаганларга ногиронлар аравачаси.

Озодликдан: Бу суҳбат тугаганидан икки соат ўтгач, Салима опа ва у аъзоси бўлган гуруҳ аъзолари ногиронлар аравачасига муҳтож 25 яшар йигитнинг уйидан туриб Озодлик билан яна боғланди. Айтишларича, улар бемор йигитнинг уйига паспортини олиш учун келишган. Паспорт самолётга билет олиш учун керак.

Салима опанинг айтишича, айнан шу кунларда, Ўш ва шаҳар атрофидаги маҳаллаларда, у сўраётган ногиронлар аравачасидан 6тасига ошиғич зарурат бор. Июн қирғини кунларида жароҳат олган ва шу кунда тўшакдан туролмай ётган 6 кишидан 2 нафари аёл, 2 нафари ёш бола, бири ўрта ёшлардаги эркак ва яна бири ёш йигитдир.

Ўш ва Жалолобод қирғини кунлари азият чекканлар¸ хусусан босқинчилар томонидан зўрланиб¸ бугун ҳам жисмоний¸ ҳам руҳий азобда қолган Ўзбек қиз-жувонларига тиббий ва руҳий ëрдам кўрсатилишига ҳисса қўшмоқчи бўлган миллатдошлар диққатига:

Қирғизистонда тақдир ҳукмига ташлаб қўйилган бу ўзбекларнинг Ўзбекистон¸ Қозоғистон ëки Россияда даволанишлари учун эҳсон қилмоқчи бўлганлар ўз хайрияларини қуйидаги ҳисоб рақамига жўнатишлари мумкин:


DEMIR Kyrgyz international Bank

IZZATILLA RAKHMATILLAEV 62561
KGS Acc : 1180000027957832
USD Acc : 1180000027957630
BIC:118002. SWIFT:DEMIKG22



Иззатулла Раҳматуллаев билан боғланмоқчи бўлган миллатдошлар учун ҳуқуқ фаолининг телефон рақами: +996 772 666 263¸ электрон почта манзили эса: zakon_poryadok@inbox.ru

Бу жабрдийдаларга оғир кунда ëрдам қўлини чўзганлардан Оллоҳ рози бўлсин!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG