Линклар

Яна бир ўзбекистонлик туркман чегарачилари ўқидан ўлди

  • Абдулла Искандар

Сўнгги 10 йилда ўзбек-туркман чегарасида юздан ортиқ фуқаро ҳалок бўлган.

Сўнгги 10 йилда ўзбек-туркман чегарасида юздан ортиқ фуқаро ҳалок бўлган.

Туркман чегарачилари, Ўзбекистон фуқаросини Ўзбекистон ҳудудида отиб ўлдириб жасадни ўз ҳудудига олиб кетди. Бу хабарни Хоразм вилоят ички ишлар бошқармасининг исми айтилишини исталмаган зобити Озодликка маълум қилди.


Зобитга кўра, 16 ноябр куни Хоразм вилояти Шовот туманидаги Туркманистонга туташ Бўзëп қишлоғи ҳудудига уч нафар туркман чегарачиси ўтиб Шовот тумани Қангли қишлоғи турғуни Мақсуд Ражаповни отиб ташлашган.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ўқ овозини эшитган ўзбек чегарачилари воқеа жойига етиб боришганида, туркман чегарачилари чегара бўйлаб ўтган тиканли сим деворидан очилган қўлбола туйнукка қайтиб кириб кетишган.

Ички ишлар бошқармасидаги манбамизга кўра, Мақсуд Ражаповни отиб ўлдирган туркман чегарачилари гуруҳи раҳбарининг исми ва унвони ҳам аниқ.

Тошҳовуз чегараси гуруҳи коммиссари Эбергенов Ўзбекистон фуқароси жасадини Туркманистон ҳудудига олиб ўтишга буйруқ берган, дейди хоразмлик зобит.

Шовотлик Рейимбойга кўра, ҳозир Мақсуд Ражаповнинг яқинлари унинг жасади қайтарилишини кутиб чегарада туришибди.

Ўзбек-туркман чегарасидаги вазиятни кузатиб бораëтган хоразмлик ҳуқуқ фаоли Ҳайитбой Ëқубов бу фожеа ҳақида ўша куннинг ўзидаëқ хабар топганини айтади.

- Шу нарса 16 ноябр куни бўлган. Туркманистон чегарачилари томонидан чегаранинг Ўзбекистон томонида турган Ўзбекистон фуқароси отиб ўлдирилган. Шу ўликни Туркманистон чегарачилари ўз ҳудудига олиб ўтаëтган пайтда бизнинг чегарачилар сезиб қолган. Ҳозир бу нарса икки давлат томонидаги ходимлар томонидан ҳал қилинаяпти экан. Қайси томондан нарушение бўлганлиги кўрилаяпти экан, дейди Ҳайитбой Ëқубов.

Ҳайитбой Ëқубовга кўра, кейин 10 йил мобайнида юзлаб Ўзбекистон фуқаролари Шовот туманидан ўтган чегарада туркманлар тарафидан отиб ўлдирилган.

- 1998 йилдан бери рўйхатга олиб турибмиз. Бизнинг билганимиз 2010 йилнинг ноябр ойигача Ўзбекистон-Туркманистон чегарасида ўлганлар сони 112 кишини ташкил қилади. Бу ўлганларнинг ҳаммаси Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, фақат Туркманистон ҳарбийлари томонидан ўлдирилган шахслар, дейди Ҳайитбой Ëқубов.

Урал кажавали мотоциклида Туркманистон чегарасидан бензин олиб қайтаëтган йигитни мотоцикли билан портлатиб юборишди, дейди Ҳайитбой.

- Кўпинча бензин олди-сотдисига бораëтган одамларнинг ўз мотоциклида портлаб кетганлари ҳам бўлган эди. Мотоцикллари билан бензин ташишар эди. Шовотлик йигитлар эди, дейди Ҳайитбой Ëқубов.

Ўзбекистон ва Туркмаистон ўртасида дўстлик шартномаси бу шартномада икки давлат ўртасидаги чегара дўстлик тимсоли дейилган. Ҳайитбой Ëқубов назарида туркман чегараси ажал ҳудудига айланиб бормоқда.

- Катта доирада бу нарса ҳеч қачон шартнома асосида ҳал бўлмаган. Масалан Туркманистон-Ўзбекистон дўстлик шартномаси деган шартнома бор. Ҳозир мен топдим. Шунда учинчи статясида “Високие договоряшейся страни, потверждают что граници между Туркменистаном и республики Узбекистан является граници мира, дружби, безопасности, стабилности и укрепление доверие между двумя государствами и народами” деб ëзилган. Мана шу ерда ўқиган нарсамизни фактический кўрадиган бўлсак, ҳақиқатан дўстлик чегараси, бошқа чегаралар бўлиши мумкин. Лекин Туркманистон ҳарбийлари томонидан бу ҳеч қандай тан олинмаган чегара деб ҳисобланади. Фақат Туркманистон ҳарбийлари отиб ўлдиради ва бошқа иш қилади. Шу нарсани тўхтатишни ëки муросага келишни кўрмаяпмиз, дейди Ҳайитбой Ëқубов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG