Линклар

Россияликлар Интернет орқали "прописка" қилдиради


Россиянинг "прописка"га оид янги қонуни меҳнат муҳожирлари оқимини камайтиришга қаратилгани айтилмоқда.

Россиянинг "прописка"га оид янги қонуни меҳнат муҳожирлари оқимини камайтиришга қаратилгани айтилмоқда.

Россия Федерал миграция хизмати фуқароларнинг яшаш жойида қайдга туриш жараёнини соддалаштирмоқчи. Келаси йилдан бошлаб россияликлар мамлакатнинг истаган минтақасида Интернет орқали 3 кун ичида қайдга туриши мумкин. Расмийлар бундай чора билан ҳориждан келаётган мигрантлар оқимини камайтирмоқчи.


Россия Бош вазири Владимир Путин “РФ фуқароларини қайдга олиш ва қайддан чиқариш Қоидалари”га киритган ўзгаришларга кўра, 2011 йилнинг 1 январидан бошлаб бир йилдан уч йилгача бўлган муҳлатга қайдга туриш учун Миграция хизмати пунткларига мурожаат қилишнинг ҳожати қолмайди: эндиликда қайддан ўтиш учун Россия фуқароси Интернет ёки почта орқали шахсий маълумотларни жўнатиш кифоя қилади. Бу фуқароларнинг доимий ёки вақтинчалик яшаш жойи бўйича қайдга туриш жараёнини сезиларли даражада осонлаштиради.

Лекин, дейди Россия Федерал миграция хизмати расмийси Екатерина Лобова Озодлик билан суҳбатда, паспортга муҳр қўйиш учун Миграция хизмати бўлимига ҳеч бўлмаганда бир маротаба келиб кетишга тўғри келади.

- 1 январ куни жорий қилинадиган қоидаларга кўра, паспортга қайд муҳри қўйилиши учун ҳеч бўлмаганда бир марта миграция бўлимига келиб кетишингиз зарур бўлади. Энг асосийси, Россия фуқароси энди ўз маълумотларини махсус портал орқали бизга жўнатади ва 3 кундан кейин паспортига керакли муҳрни қўйдириб кетади. Шунингдек, биз келажакда Россияда умуман қайддан ўтиш процедурасини бекор қилиш ниятидамиз. Бу кетишда Россияда яқин келажакда умуман ички паспорт тизими бекор қилиниши мумкин, деди Россия Федерал миграция хизмати расмийси Екатерина Лобова.

Бош вазир Владимир Путин “мазкур либераллаштириш фуқароларга маъмурий масалаларни ҳал этишда кўмаклашади”, дея таъкидлади. Келаси йилдан бошлаб қайдга тураётган Россия фуқароси қайдга олингани ҳақидаги хабарни ҳам Интернет ёки почта орқали олиши кўзда тутилган.

Россия ҳукумати қайдга олиш тартибини соддалаштириш, “прописка” ва ички паспорт режимини келажакда бекор қилиш орқали россияликларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланиш имконларини оширмоқчи. Бундан ташқари ҳорижжан келаётган меҳнат кучига бўлган эҳтиёжни бироз бўлса-да камайтириш мақсад қилинган, деди Миграция хизмати матбуот маркази раҳбари Константин Полторанин “Коммерсант” газетасига берган интервьюсида. Унинг сўзларига кўра, ички паспорт ўрнига шахсий пластик карточкалари жорий қилинади.

Сўнгги йилларда ишга лаёқатли аҳоли сонининг кескин камайиб кетиши ортидан Россияда чет-эл меҳнат муҳожирларига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Бундай хулосага келган “ОПОРА-Дружба” нодавлат ташкилоти ва Ижтимоий фикрни ўрганиш бўйича бутунроссия маркази (ВЦИОМ) ҳамкорликда ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, 2020 йилга келиб Россиянинг меҳнат муҳожирларига бўлган ўртача йиллик эҳтиёжи 10 миллиондан 20 миллионгача одамни ташкил этади. Бугунги кунда эса Россиядаги меҳнат миграциясининг йиллик ҳажми 5-6 млн одамни ташкил этмоқда ва улардан чорак қисмигина қонунан расмийлаштирилган.

Шунингдек, ВЦИОМ 14 фоиз Россия корхоналарида чет-эл меҳнат кучидан фодаланилишини аниқлаган.

Москвадаги “Сова” ахборот-таҳлил маркази директори, ҳуқуқ ҳимоячиси Александр Верховский Россияда ички қайдга олиш тизимининг соддалаштирилиши муҳожирларнинг Россияга кириб келишига тўсқинлик қила олишига шубҳа билдирди.

- Тўғри, Россияда аҳолининг мобиллиги ошади, чунки қайдга туриш тизимининг енгиллаштирилиши айниқса россия фуқаролари учун катта қулайликлар яратади. Мен буни қўллаб-қувватлайман! Лекин саноати ўсиб бораётган Россия меҳнат муҳожирларига бўлган эҳтиёжини камайтириш учун аҳоли сонини ошириши керак ёки саноатини кескин модернизация қилиши керак. Россия бугун на унисига, на бунисига қодир... Тўғри, виза орқали меҳнат муҳожирлари оқимини чеклаш мумкин. Аммо Россия Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон билан визасиз режимни жорий қилмайди, чунки бу ҳол уни текин ишчи кучидан маҳрум этади, дейди Александр Верховский.

“СОВА” раҳбари бугунги кунда ҳатто иш жойи миқдорига квота белгилаш тизими ўз самарасизлигини кўрсатиб бўлди, дея давом этади.

- Гап шундаки, иш патентлари жорий қилиниши билан ҳатто квоталаш тизими ўз аҳамиятини йўқотди. Чунки энди меҳнат муҳожирлари патент билан ишламоқда. Текин ишчи кучидан фойдаланишга кўникиб қолган Россиянинг айрим хўжалик секторларида бирданига, битта-яримта қоида жорий қилиш билан, тартиб ўрнатиш жуда мушкул. Квоталаш коррупциялашган қатламни вужудга келтирди, холос. Фақат чекловлар орқали миграция масаласини ҳал этиб бўлмайди. Раҳбариятимиз бу ҳақиқатни бир кун эмас-бир кун тушунса керак, деб ўйлайман, дейди “СОВА” ахборот-таҳлил маркази директори, россиялик таниқли ҳуқуқ фаоли Александр Верховский.
XS
SM
MD
LG