Линклар

Бугун "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган мухлисларимизнинг аксари эфир вақтидан ўз муаммолари ҳақида Ўзбекистон президентини хабардор қилиш мақсадида фойдаланди. Уларнинг арзлари адресатга етиб боришига умид қиламиз.


“Хатларим Президентга етиб бормаяпти”


дейди Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги “Воҳид Худойбердиев” фермер хўжалиги раҳбари Насрулло Шодиев. Фермерга кўра, у маҳаллий ҳокимиятнинг фермерлар ишига аралашиши боис, пахтадан кўзланган ҳосил ололмаган, бу ҳақсизликлар устидан шикоят қилгани учун туман прокурори томонидан таъқибга учрамоқда:

- Аризани мен республика президентига ëздим. Лекин хатим у кишига бориб етмаган. Етказилмаган. Аризамнинг жавоби менга келмади. Ариза бориб эгасига етади деган маънода ордерини олдим. Лекин ариза эгасига етиб бориб, кўрган чораси ҳақида менга хат ëзмаяпти.

Озодлик: Насрулло ака, сиз маҳаллий ҳокимиятнинг нимасидан норозисиз?

- Маҳаллий ҳокимиятнинг тушунмасдан фермер ишларига аралашувидан норозиман.

Озодлик: Масалан.

- Масалан, пахта кеч экилганига қарамасдан, пахтани талаб қилиб ўтирибди. Пахта вояга етмасдан уни дефоляция қилишни талаб қилиб ўтирибди. Туман прокурорининг талабига кўра, пахтани муддатидан олдин дефоляция қилгандан кейин “Сиз талаб қилдингиз. Мендан пахта сўраяпсиз, лекин мен қилган дефоляциянинг оқибатида пахта куйди”, деб айтдим. Чунки вояга етмаган пахта дефоляция бўлса, у тола ҳам бермайди, чигит ҳам бермайди, ëғ ҳам бермайди. Масалан, мен 500 килограмм пахта учун 70 километрдан ортиқ йўл юришим керак, 5 тонна учун ҳам. Шунинг оқибатида мен ортиқча харажатга қолаяпман. Муддатидан олдин вояга етмаган пахтани дефоляция қиласан деб талаб қилганликлари учун мен ўз норозилигимни маҳаллий ҳокимиятга билдирганлигим учун маҳаллий ҳокимият мени сўкиб, ҳақоратлаб, бошқа ишларимга аралашиб ўтирибди.

Озодлик: Сиз айтмоқчисизки, сизга энди таъқиблар бўлаяпти шундайми?

- Ҳа, таъқибга ўхшаган нарсада. Шантаж, таъқиб ва ҳоказо. Машинамни олиб, қамаб зуғум ўтказаяпти қисқаси. Шунинг эвазига еган овқатим ҳазм бўлмайди, асабим бузуқ. Шулардан норози бўлиб муҳтарам президентимизга хат ëзган эдим. Лекин муҳтарам президентимизгача мен ëзган хат бориб етмайди, дейди Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги “Воҳид Худойбердиев” фермер хўжалиги раҳбари Насрулло Шодиев.


“Нега ваъдангизни бажармаяпсиз, жаноб Президент?!”

дейди Наманган вилоятининг Поп туманидан қўнғироқ қилган Набижон ота Абдувалиев.

- Шу газ тўғрисида бир неча йилдан бери президентга хат ëзамиз. Президентга етмайди. Қанчалик юбораверамиз фойдаси йўқ. Ҳурматли, раҳмли Ислом Абдуғаниевич Каримов. Сиз 2010 йилгача қишлоқ аҳолисини ичимлик суви ва газ билан таъминлаш ҳақида яхши фармонга имзо чеккансиз. 2010 йил тугаб бораяпти. Қишлоқларга берилаëтган газнинг йўли тўсилиб, катта даромад соҳаси бўлган новвойхоналар, асфалт заводи, ҳарбий қисмларга йўллаяпти. Поп тумани газ бошлиғи Обидов Ғайрат, вилоят газ бошқарма бошлиғи А. Акрамовдан “Нимага бундай қилаяпсан?”, деб сўралса, “Юқори кўрсатмаси”, деб жавоб беради. Шаҳар аҳолисидан қишлоқ аҳолисининг қайси гуноҳи учун газ жумракларининг тўртдан бир қисми очилган? Ўзбекистон конституциясининг иккинчи ва 18 моддалари бузилаяпти. Қонун бузилишини ким текширади? Ўзгаз компаниясига Тўлаган Жўраевни раҳбарлик лавозимига тайинладингиз. “Бу инсондан қишлоқдаги газ истеъмолчилари газ плитасида чой қайнатиб ичишга умид қилса бўладими?”, деб Озодликнинг Эркин микрофони орқали Ўзбекистон президентига йўлловчи 72 яшар Ўзбекистон фуқароси Абдувалиев Набижон. 19 ноябр, дейди наманганлик суҳбатдошимиз Набижон ота.


“Йўлнинг пулини ким чўнтакка урди, Президент жаноблари?”

дейди Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидан қўнғироқ қилган Анваржон.

- Машиналар юрадиган асфалт йўли борку. Давлатимиз томонидан шу йўлларни кенгайтириш ҳақида 2007 йилда қарор чиққан. Мана ҳозир 2011 йилга қараб кетаяпмиз. Пулни давлатимиз берган. Қуриши керак бўлган одамлар пулни чўнтагига уриб, еб юборишган. Ўшанга сизлар орқали тепага нима қилмоқчиманки, шу кунларда авариялар кўп содир бўлаяпти. Машиналар кундан кунга кўпайяпти. Ўшанга сизлар орқали президентимизга етказсам. Бизда йўлни кенгайтириш керакда тезроқ. Кунига авария, авария. Кўп инсонлар нобуд бўлаяпти.

Озодлик: Сиз қаердаги йўлларни назарда тутаяпсиз?

- Олтиариқ туманидан Қўқон, Фарғонага қатнайдиган автобуслар ўтадида. Катта асосий йўл ҳисобланади. Айтганимдай 2007 йилда бу йўл кенгайтирилиши керак эди. Кимдан сўрасангиз, “пулни еб юборишган булар” деб ҳамма билади. Фақат тепага гапиришнинг иложи бўлмаяпти. Ëзадиган одамларнинг уйига орган ходимлари наша ташлаб “сен унақасан” деб олиб чиқиб кетаяпти. Давлатнинг одамлари билан ўйнашилмайдиган бўлиб қолган ҳозир. Ягона нимамиз бу нарсани тепага Озодлик орқали айтиш, дейди олтиариқлик Анваржон.


“Россия уй ҳайвонлари биздан тўқ яшар экан”

дейди шаҳрисабзлик Абдулла.

- 2005 йилда мен Москвага бордим. Россиянинг ҳайвонлари, ит-мушуклари Ўзбекистон халқига нисбатан яхши еб ичади.

Озодлик: Нима учун бундай деяпсиз?

- Энди ўзим кўзим билан кўрганимни айтмоқчиманда. Мисол учун эрталаб остановкага чиқсангиз, ит-мушукларга оддий халқи салафанда гўшт, суяк чиқариб беради. Ўзимиз масалан бир ойда бир кун гўшт ея олмаймиз. Уларнинг ҳайвонлари Ўзбекистон халқига нисбатан яхши яшайди демоқчиманда, дейди шаҳрисабзлик суҳбатдош.


“Тингловчи ташаккури”

Бухоролик тингловчи Иброҳим ака, Озодлик радиосига тингловчилар таклифларини эътиборга олганлиги учун миннатдорчилик билдиради:

- Мен Озодлик таҳририятига раҳмат айтмоқчиман. Доим тингловчилар фикрини ҳурмат қилиб, иложи борича тингловчиларнинг илтимоси бўладиган бўлса, уларни ҳал қилиб беришликка ҳаракат қилгани учун Озодликка мен раҳмат айтмоқчиман. Қолаверса, бизнинг бир оғиз илтимосимизни ерда қолдирмасдан Зайниддин Асқаров билан бўлган суҳбатни тўлалигича эфирда берила бошлаяпти. Бунинг учун таҳририятга раҳмат. Мана учта қисмини эшитдик. Бизларга, умуман халққа маълум бўлмаган кўп нарсаларни билиб бораяпмиз. Сўзимнинг охирида Озодликнинг бундан кейинги ишларига омад тилайман. Тани жонинглар доим соғ бўлиб, халқнинг кўнглига маъқул эшиттиришлар қилаверишингларни, ҳеч қачон чарчамасликларингни Оллоҳдан сўраб қоламан, дейди бухоролик Иброҳим ака.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG