Линклар

logo-print

11 июндан буён Ўш ва шаҳар атрофида ўзбек хотин-қизлардан 83 нафари зўрланди. Бу ўшлик фаоллардан иборат бир гуруҳдан 19 ноябр куни олинган маълумот. 83 хотин-қиздан учдан икки қисми 11 июндан 17 июнгача босқинчилар қурбони бўлган бўлса, қолганлари сўнгги икки-уч ойда ўғирлаб кетилиб зўрланди.


Озодликка маълумот берган Ўшдаги гуруҳ аъзолари сўнгги ойлардаги зўравонликларни ўзбекларни шаҳардан сиқиб чиқариш мақсадида амалга оширилаётган террор, деб баҳолади.

Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулова ўшликларнинг бу фикрида жон йўқ эмас, деган фикрда.

Тилга олинган ўшлик фаоллар гуруҳи ихтиёрида 83 хотин-қизнинг зўрланишига оид кўрсатма, гувоҳлик ва бошқа ҳужжатлар мавжуд.

Ҳаётлари ва саломатликлари учун таҳдид мавжудлиги учун исмини айтишимизга ҳам, овозини эшиттиришимизга ҳам рухсат бермаган гуруҳ вакилининг таъкидлаб айтишича, келтирилган рақам уларга маълум бўлган фактларнигина ифодалайди.

"Бу турдаги жиноятларнинг асл кўламини ҳеч ким билмаса керак", деди у.

Сўнгги ойларда ўз уйи олдидан, кўчасидан, маҳалласидан ўзбек келинларни ўғирлаб олиб кетиб, зўрламоқдалар.
Бундай воқеалардан сўнггиси тўғрисида Озодлик 17 ноябр куни "Ўшда ўғирлаб кетилган Дилнозани касалхонага олиб келиб ташлашди", деган сарлавҳа остидаги материалда ҳикоя қилган эди.

Мана энди ўшлик фаоллар гуруҳидан олинган маълумотлар:

"11 июндан 17 июнгача 68 хотин-қиз зўрланганини аниқлаганмиз. 17 июндан бошлаб августгача бундай жиноят содир этилгани тўғрисида бизда маълумот йўқ. Августдан бошлаб ўғирлаб кетиб зўрлашлар бошланди. Ўшандан бошлаб шу кунгача 15 хотин-қиз зўрланди", деди ўшлик фаол.

Унинг айтишича, бу турдаги жиноятлар сентябрнинг охири, октябрнинг ўртаси ва ноябрнинг бошида содир этилган.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, сўнгги жиноятни содир этган – Дилноза Ўктамовани ўғирлаб кетган 20 яшар қирғиз йигитнинг бир акаси Ўш вилоят ички ишлар бошқармасида амалдор, бошқа акаси Бишкекда амалдордир.

Қизини ўғирлаб кетган йигит устидан ёзган аризасини шаҳар милицияси қабул қилишдан бош тортгани тўғрисида Дилнозанинг отаси Абдулҳомид ҳожи ака Озодликка мана бундай деган эди.

- Аризани кўтариб шаҳар милициясига чиқсак, олмади. Кейин БМТ билан бориб зўрға олдирдик, деган эди Абдулҳомид ҳожи ака.

19 ноябр куни Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот котибига қўнғироқ қилдик. Телефонни кўтарган шахс котиб Замир Сиддиқовнинг меҳнат таътилида эканлигини айтиш билан чекланди.

Ўшлик фаоллар гуруҳи вакили ўзбек хотин-қизларнинг зўрланаётганини ўзбекларни Ўшдан сиқиб чиқариш мақсадида амалга оширилаётган террор, деб баҳолади.

Келтирилган рақамлар ва билдирилган сўнгги фикрга муносабат билдиришини сўраб Қирғизистондаги "Қилим шами" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азиза Абдурасуловага мурожаат қилдик.

Озодлик: Ўш ва шаҳар атрофида 11 июндан бери қанча аёл зўрланган?

Азиза Абдурасулова: Ҳуқуқ-тартибот органлари июн воқеалари давомида 7 хотин-қизнинг зўрланганини расман эълон қилган. Ўшда фаолият юритган хотин-қизлар ва ўсмирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар эса, ўша кунлари 60 дан зиёд хотин-қизнинг зўрланганини эълон қилган эди.

Озодлик: Сиз бошқараётган ташкилотнинг бу хусусдаги ҳисоб-китоби қандай?

Азиза Абдурасулова: Бизда бундай статистика йўқ. Лекин ўша пайтда зўрланган ёш қизлардан 5 нафарига ёрдам берганмиз. Улардан 4 нафари билан шу кунгача иш олиб бораяпмиз.

Озодлик: Зўрланганларнинг миллати тўғрисида бирон маълумотингиз борми?

Азиза Абдурасулова: Жуда нозик масала бўлгани учун бу хусусда бир нарса демоқчимасман. Лекин шуни айтишим мумкинки, "10 июндан 11 июнга ўтар кечаси қирғиз талаба қизлар зўрланди", деган миш-миш ундан кейин амалга оширилган зўрлашларга сабаб бўлган эди. Бироқ кейинроқ ўша миш-мишларда асос бўлмаганини Бош прокуратура ҳам, Ўш давлат университети ректори ҳам эътироф этишган эди.

Озодлик: Ўшлик фаоллар гуруҳи ихтиёридаги маълумотларга қараганда, сўнгги 3 ойда яна 15 ўзбек хотин-қиз зўрланди. Гуруҳ вакиллари бу жиноятларни ўзбекларни Ўшдан сиқиб чиқариш учун муайян гуруҳлар қилаётган ҳаракат, деб баҳоламоқда. Сиз шу фикрга қўшиласизми?

Азиза Абдурасулова: Бу жуда мураккаб масала. Шу кунда Қирғизистонда бир-бирига ўхшамаган жуда кўп гуруҳлар мавжуд. Улар орасида миллатлараро низолар тўхташини хоҳламайдиган, миллий озчиликлар Қирғизистондан чиқиб кетишини истайдиган кучлар борлиги эҳтимолини соқит қилмайман. Лекин ҳокимият, хусусан президент ва умуман давлат тепасида турганлар шундай позицияда, деган фикрни инкор қиламан.

Озодлик: Ўзбекларнинг Ўшдан чиқиб кетишини истайдиган гуруҳлар борлиги эҳтимолини соқит қилмаяпсиз. Айни пайтда ҳукумат миллий озчиликларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши тарафдори эмас, деяпсиз. Бас, шундай экан, нима учун ҳукумат ана ўшандай кучларга қарши чора кўрмаяпти? Чора кўришни истамаяптими ёки қурби етмаяптими?

Азиза Абдурасулова: Менимча, кучи етмаяпти. Парламент эндигина иш бошлаяпти. Ижроия ҳокимияти ҳали тузилгани йўқ. Шунинг учун бугунги кунда давлат машинаси тўла ишлай олмаяпти. Шу сабабли, ҳокимият баъзи ишларни, истаса ҳам қила олмаяпти. Соғлом фикрли кучлар шу кунда тинчликни таъминлай оладиган ҳокимиятнинг шаклланишини кутаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG