Линклар

НАТОга аъзо давлатлар етакчилари жума ва шанба кунлари Лиссабонда ўтадиган саммитда ташкилотнинг келажаги ҳақида фикр алмашишади. Йиғин кун тартибидаги асосий масалалар ўлароқ, аксил ракет мудофаа тизимлари, Россия билан муносабатлар ва Афғонистондаги вазият муҳокама қилинади.


Лиссабонда бошланган саммитда Россия Президенти Дмитрий Медведевнинг қатнашаётгани НАТО учун муҳим бўлган ва секин-аста қуюқлашиб бораётган Москва билан муносабатларнинг кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлиши кутилмоқда.

Душанба куни мухбирлар билан мулоқот қилган НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен 19-20 ноябр кунлари бўлиб ўтадиган саммит альянснинг 61 йиллик тарихидаги “энг муҳим саммитлардан бўлиши”га умид қилаётганини баён қилди.

- Умуман олганда конкрет натижалар, яъни янги стратегик концепция, Афғонистондаги ҳаракатларнинг янги босқичи бошланаётгани ва Россия билан янги муносабатларга асос солинаётганидан келиб чиқиб, Лиссабон саммити жуда муҳим бўлади. У иттифоқимизнинг келажагини белгилаб беради. Бу саммит НАТОнинг тарихдаги энг муваффақиятли иттифоққа айланганига асос бўлган тамойилларни кучайтиради.

Матбуот хабарларига кўра, НАТОга аъзо 28 давлатлар баллистик ракеталарга қарши мудофаа тизимига оид янги битимга эришиш арафасида турибди.

Янги тизим АҚШ Президенти Барак Обама техник жиҳатдан рентабеллигига оид шубҳалар ва Россиянинг кескин норозиликлари боис бекор қилган аксил ракета мудофаа тизими ўрнини босиши керак.

Евро-Атлантик альянс Москва билан яқинлашувнинг бир қисми ўлароқ, Россияни ҳам янги ишлаб чиқилган аксил ракета мудофаа тизимида иштирок этишга кўндиришга ҳаракат қилмоқда. Россия билан янги муносабатларни ўрнатишга уринаётган Қўшма Штатлар ҳамда НАТОнинг Германия ва Франция каби нуфузли аъзолари Россия билан яқин алоқаларни ўрнатиш ғоясини илгари сурмоқда.

Обама ва Медведев иштирокидаги Россия-НАТО кенгашининг илк мажлиси шанба куни ўтказилади. Музокараларда аксил-ракета тизими масаласидан ташқари, ядровий қуролларни тарқатмаслик, террорчилик, наркотиклар савдосига қарши курашиш ва компьютер ва телеккомуникация соҳасидаги хавфсизликка доир масалалар муҳокама этилади.

Кенгаш мажлиси якунида НАТО ва Россия юз тутган умумий таҳдидлар ва уларга қарши курашиш стратегияси акс этган ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Учрашув чоғида Евро-Атлантик иттифоқ билан Москва ўртасида Россия ҳудуди орқали Афғонистонга ноҳарбий юкларнинг транзит қилишга оид янги келишувнинг имзоланиши ҳам режаланган.

Лекин НАТОнинг Польша ва Болтиқбўйи давлатлари каби нисбатан янги аъзолари Россия билан яқин муносабатлар ғоясини қўллаб-қувватлашга ошиқаётгани йўқ.

Польшада чиқадиган нуфузли “Gazeta Wyborcza” газетасининг пайшанба кунги сонида Польша Президенти Бронислав Коморовски “иккала томоннинг хавфсизлиги учун ижобий” аҳамиятга эга бўлган Россия билан “конструктив муносабатлар”ни қўллаб-қувватлашини ёзди. Лекин “Россия билан муносабатлар шарқий Европадаги бошқа давлатларнинг хавфсизлик манфаатлари ҳисобига ривожланмалиги лозим”, дея қўшимча қилди Польша раҳбари.

Польша ва бошқа аъзо давлатлар Совуқ уруш тугаганидан кейин эътиборсиз қолдириб келинган соҳа – НАТОнинг шарқий жабҳаларида хавфсизликни таъминлашга қаратилган янги концепция ишлаб чиқилиши ғоясини илгари сурмоқда.

НАТОнинг янги мақсад ва вазифаларини ўз ичига олувчи стратегик концепциянинг Лиссабон саммитида маъқулланиши кутилмоқда.

Польша Мудофаа вазири Богдан Клич пайшанба куни Польша ва Болтиқбўйининг уч давлати ўз ҳудудларида 2013 йилда 25 минг қўшиндан иборат НАТО тезкор кучларининг ҳарбий машқларини ўтказишини эълон қилди. Клич шунингдек, Польша ўз ҳудудида АҚШнинг F-16 жанговар учқичлари ва “Hercules” русумидаги ҳарбий транспорт учқичларини жойлаштириш ниятида эканни маълум қилди.

“Ҳудудимизда Амриканинг ҳарбий ҳозирлиги керак бўлганда иттифоқчиларимиз бизга ёрдамга келишининг қўшимча кафолатидир”, дея таъкидлади Польша мудофаа вазири.

Расмуссен ўртада шубҳа ва ишончсизлик аломатлари сақланиб қолаётган бўлса-да, Москва билан муросага эришиш имконлари пайдо бўлаётганини таъкидламоқда.

- Менда Россия бизнинг ўзаро шубҳаларни четга суриш пайти келди, деган қарашларимизни тушуна бошлаганига ишонч пайдо бўлмоқда. Бирга ишлаш пайти келди. Ва биз бирга ишлаймиз, деди НАТО раҳбари.

Лиссабон саммитида НАТО шунингдек Афғонистонда 2014 йилда хавфсизлик масъулиятини маҳаллий кучларга топшириш стратегиясини ҳам тасдиқлаши кутилмоқда. Афғонистон бўйича муҳокамаларда НАТОга аъзо 28 давлатдан ташқари Афғонистон миссиясида қатнашаётган ҳамкор давлатлар вакиллари ҳам иштирок этади.

Толибон жанггариларига қарши тунги рейдларни тўхтатишни талаб қилиб, анча мунозараларга сабаб бўлган Афғонистон Президенти Ҳамид Карзайнинг шанба кунги сессияда чиқиш қилиши режаланган.

Обаманинг Афғонистон ва Покистон бйўича махсус ёрдамчиси Даг Лют хавфсизлик учун масъулият афғон кучларига ўтказилганидан кейин ҳам НАТО Афғонистонга ёрдам кўрсатишда давом этажагини баён қилди.

- Афғонистон кучлари масъулиятни ўз зиммасига олар экан, улар ёлғиз ташлаб қўйилмасликларини кафолатлаш мақсадида НАТО Афғонистон билан давомли ҳамкорлик дасутрини жорий этади. Бу билан НАТО Афғонистон миллий хавфсизлик кучларини ривожлантириш бўйича олган мажбуриятини бажаришга содиқ қолажагини кўрсатади, деди Оқ уй вакили.
XS
SM
MD
LG