Линклар

Осиё футбол конфедерацияси анъанавий тақдирлаш маросими олдидан, номинантлар номини эълон қилди. Конфедерация мукофотига номзодлар орасида ўзбекистонлик ҳакамлар Равшан Эрматов ҳамда Рафаэл Илёсовлар ҳам бор.Қирғизистондан эса Баҳодир Қўчқоров номзоди қўйилган.

Ўзбекистон бу мукофотнинг тўрт номинацияси бўйича иштирок этади. “Футзал бўйича энг яхши терма жамоа”, “Футзал бўйича энг яхши ўйинчи” номинацияси бўйича Рустам Умаров, “Энг яхши ёш футболчи” Тимур Ҳакимов, “Энг яхши ҳакам ёрдамчиси” Рафаэл Илёсов, “Энг яхши ҳакам” Равшан Эрматов номлари Осиё футбол конфедерациясига тақдим этилди.

Равшан Эрматов бу йил учинчи маротаба Осиё футбол конфедерациясининг "Энг яхши ҳакам" унвонига сазовор бўлади.
“Озодлик” Жанубий Африка республикасида ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатига ҳакамлик қилиб, Ўзбекистонга қайтган рефери Равшан Эрматов гуруҳидаги лайнсмен - чизиқ ҳаками Рафаэл Илёсов билан боғланди. Рафаэл Илёсов Осиё футбол конфедерациясининг “Энг яхши ҳакам ёрдамчиси” номинацияси номзоди. Рафаэл бу хабарни расман ҳали эшитмаганлигини айтиб, бундай деди:

- Мен жуда ҳам бахтлиман, бу хабарни эшитганимдан. Лайнсменлар орасида энг яхши дея тан олиниб, бундай мукофотга номзодим қўйилганлигидан бахтиёрман. Равшанни энг яхши ҳакам сифатида Ўзбекистон номидан чиқарилишига шубҳам йўқ эди. Мен ўн йил ичида биринчи бор бундай мукофотга тақдим этилишим, - деди ўзбекистонлик ҳакам ёрдамчиси Рафаэл Илёсов.

Рафаэл Илёсов шу йил Жанубий Африка республикасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Равшан Эрматов гуруҳида ҳакамлик қилган эди. Ҳакамлар бригадаси бешта ўйинга ҳакамлик қилиб, футбол ишқибозларининг олқишини қозонган эди.

Рафаэл Илёсов Осиё футбол конфедерацияси мукофотига илк бора номзод сифатида кўрсатилди.
Айни пайтда Рафаэл Илёсов уларнинг ҳакамлик гуруҳи Осиё чемпионатига тайёргарлик кўришаётганини айтди.

- Биз ҳозир Малайзиянинг пойтахти Куала Лумпурга боришимиз керак. У ерда биз ўқув машғулотларини ўтамиз. Норматив ва тест топширамиз. Бу 1-6 декабр кунлари бўладиган режаларимиз. Агар ҳаммасидан эсон-омон ўтсак, Қатарда бўладиган Осиё чемпионатида ишлаймиз,- деди ўзбекистонлик футбол ҳакам ёрдамчиси Рафаэл Илёсов.

Жанубий Африка республикасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан сўнг ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов президент Ислом Каримов томонидан “Ўзбекистон ифтихори” фаҳрий унвони билан тақдирланди. Суҳбатдошимиз Рафаэл Илёсов “Дўстлик” ордени соҳибига айланди.

- Тўғрисини айтсам, менинг ҳаётим кескин ўзгариб кетгани йўқ. Илгаригидек, ишлаб юрибман.Ўзгарган томони- ғурур кўпайди, ўзимни меҳнатимдан, мамлакатим учун. Ҳамкасбларим билан шундай омадга эришганимиздан ғурурландим, -деди ўзбекистонлик лайнсмен Рафаэл Илёсов.

“Энг яхши ҳакам ёрдамчиси” номинациясига Қирғизистон номидан Баҳодир Қўчқоров номзоди қўйилган. Баҳодир Қўчқоров билан Рафаэл Илёсов бир номинация бўйича номзод ҳисобланишади.

Баходир Қўчқоров Малайзия сафарига тайёргарлик кўрмоқда.
- Ҳа, номзод қўйилди, хали берилгани йўқ. Менга уч йилдан бери иккинчи, учинчи ўринни бераётган эди.Биринчи ўрин йўқ эди. Ўтган йили Рафаэл йўқ эди. Бу иккаламизни орамиздаги конкуренция эмас-ку. Ҳар йили бўлади бу нарса. Равшан оладиган бўлса, учинчи марта олади. Осиё бўйича ҳар йили ўйинчи, тренер, судьяга берилади.

Озодлик: Энди сиз биринчи ўринни олмаган экансиз. Балки шу йил оларсиз?

Баҳодир Қўчқоров: Уни Худо билади.

Ўзбекистонлик реферри Равшан Эрматов икки йил давомида Осиё футбол конфедерациясининг “Энг яхши ҳакам” унвонини олиб келган. Айни пайтда Равшан Эрматов сафарга тайёргарлик қилаётгани боис, у билан боғланиш имкони бўлмади.

Осиё футбол конфедерациясига 46та давлат аъзо ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябр куни Малайзия пойтахти Куала Лумпурда Осиё футбол конфедерациясининг 21та мукофоти аёл ва эркак ҳакамларга топширилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG