Линклар

Роғун ГЭСи учун маҳсулотлар Афғонистон орқали олиб келинади

  • Гулнора Равшан

Роғун ГЭСида қурилиш ишлари куну тун олиб борилмоқда.

Роғун ГЭСида қурилиш ишлари куну тун олиб борилмоқда.

Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСи учун зарур бўлган қурилиш ва техник материалларни Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали ўтказмаётгани сабабли бу маҳсулотларни мамлакат ичкарисига ҳаво йўли ва Афғонистон орқали киритмоқчи эканини билдирди.

Роғун ГЭСи қурилиши раҳбари Нурулло Шулашов Ўзбекистон ҳукумати ГЭС қурилиши учун зарур бўлган маҳсулотларни ўз ҳудуди орқали ўтказмаётгани, шунинг учун Тожикистон ҳукумати бу маҳсулотларни муқобил йўллар билан мамлакат ичкарисига киритишга қарор қилганини маълум қилди.

- Бугунги кунда Роғун ГЭСида қайта тиклаш ишлари учун зарур маблағ бор, яъни пул масаласида бирор муаммо йўқ. Муаммо фақат зарур қурилиш маҳсулотлари, булдозерлар, трубиналар ва ҳокозо маҳсулотларни ўз вақтида қабул қилиб олишимизда. Бунга Ўзбекистон ҳукумати кескин тўсқинлик қилмоқда. Аммо ҳар қандай қийинчиликлардан қатъий назар, биз Роғунни белгиланган муҳлатда қурамиз ва бунинг учун барча йўлларни ишга соламиз, - дер экан тожик расмийси Шулашов, бу йўналишда Тожикистон ҳаво, денгиз ва Афғонистон орқали ўтувчи автомобил йўлларидан фойдаланишини таъкидлади.

Шу ўринда эслатсак, куни кеча Тожикистон Темир йўллари ширкат раиси ўринбосари Владимир Собкалов Ўзбекистон билан юк таранзити масаласи атрофидаги баҳслар ўз ечимини топганини ва шу кунларда барча турдаги маҳсулотлар юкланган вагонлар Ўзбекистон ҳудуди орқали ҳеч бир тўсиқсиз транзит қилинаётганини айтганди.

Нурулло Шулашов эса бу айтилганларни рад этди. Унинг билдиришича, Ўзбекистон йил бошидан буён Роғун ва бошқа гидроиншоотлар учун мўлжалланган маҳсулотлар ортилган юк вагонларининг бирортаси ўтказмаган.

Унга кўра, керакли маҳсулотлар етишмаслиги важидан айни кунларда Роғунда қурилиш ишлари сустлашган.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида Роғун ГЭСи қурилиши масаласидаги баҳслар 2004 йилдан буён давом этиб келмоқда.

Бу лойиҳага қаршилик қилаётган расмий Тошкент, агар Роғунда кўтарилиши режаланаётган 335 метрлик улкан тўғон битказилса, Ўзбекистонга келадиган сув оқими кескин камайишидан хавотир билдириб келади.

Тожик томони эса бу даъволар асоссизлигини ва Роғун нафақат Тожикистон, балки минтақадаги барча давлатлар, жумладан, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиёти учун ўта муҳим объект эканини таъкидлаб келади.

Аснода мустақил таҳлилчилар Тожикистон учун миллий ғояга айланган бу муҳим стратегик гидроиншшот қурилиши борасидиги сўнги қарор Роғун атрофидаги баҳсларнинг янада кескинлашишига туртки бўлиши мумкинлигни урғулашмоқда.

- Тожикистон ҳукуматининг янги баёнотида “бу муҳим стратегик гидроиншот қурилишидан воз кечилмайди”, деган маъно ётади. Яъни тожик томони ўз қарорида қатъийлигини қўшни Ўзбекистонга намойиш қилмоқчи.

Бошқа томондан эса расмий Душанбе Роғун атрофидаги Ўзбекистон билан мавжуд тушунмовчиликларни музокара йўли билан ҳал қилиб олиш учун ҳозирча тайёр эмас. Бундан ташқари Ўзбекистон талаби билан Жаҳон банки молиявий кўмагида амалга оширилаётган халқаро экспертиза натижалари эълон қилинмаган бир вақтда шундай бир қарорнинг қабул қилиниши кўпчиликка тушунарсиз бўлиши мумкин, -дейди мустақил таҳлилчи Санобар Шерматова.

Айни пайтда Тожикистон ҳукумати Роғунни бунёд этиш учун бор имкониятларни ишга солмоқда. Жумладан, бу мамлакат иқтисодиёти ўта ночор аҳволда бўлишига қарамай, ҳар йили Роғун қурилиши учун давлат бюджетидан миллионлаб сомоний маблағ ажратилади.

Жумладан, 2011 йил учун Тожикистон ҳукумати бу иншоот учун ўз ҳазинасидан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди.

Расмий маълумотларга кўра, айни кунларда Роғун қурилиш майдонида тахминан 7200 киши кечаю кундуз меҳнат қилади.

2009 йилда ГЭС майдонида тахминан 124 миллион АҚШ долларига тенг қурилиши ишлари амалга оширилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG