Линклар

Тошкент ва Душанбе алоқалари йилдан-йилга совиб бораётгани ортидан оддий халқ Ўзбекистон билан Тожикистон чегара-ўтказиш пунктларида ўтиш-қайтиш тобора қийинлашаётганидан, расмийлар уларга баъзан ўта адолатсиз муносабатда бўлаётганидан шикоят қилмоқда.

Тожикистонлик Бахтиёр (исми ўзгартирилган – таҳр.) бундан бир неча йил аввал тошкентлик қизга уйланган. Ундан бир қиз ва бир ўғли бор.

Сўнгги марта 2005 йилда Ўзбекистон пойтахтидан Россияга меҳнат муҳожирлигига кетган Бахтиёр шу йил ёзида Тошкентдаги уйига қайтиб тўрт ой яшагач, Тожикистондаги яқинларидан хабар олиш мақсадида Сариосиёга боради.

- Россиядан келишда Қорақалпоғистонда паспортимга муҳр бостириб, Тошкентга кирганман. Тўрт ой Тошкентда яшаганимдан кейин бу ёққа ўтишим керак эди. Чегарада ушлаб, бир қоғоз бериб, “шу қоғозга қўл қўйсанг, ўтказиб юборамиз”, дейишди, ўқимасдан қўл қўйдим. Лекин мени ўтказиб юбориш ўрнига Термизга топшириб юборишди. Кейин ўша қўл қўйганим қоғозни судда ўқидим. У ерда чегарани бузиб ўтганим ва бунга икки киши гувоҳ экани ёзилган. Судядан: “Бу ёлғон, қани ўша гувоҳлар?” деб сўрадим. Судя: “Мен гувоҳга эмас, қоғозга ишонаман”, деди ва мени бир йилга қамаб юборди, - дея ҳикоясини бошлайди Бахтиёр.

Суҳбатдошимиз судда судя, прокурор ва ўзидан бошқа ҳеч ким бўлмаганини ва ҳакамлар унинг тақдирини ўзлари истаганича адолатсиз ҳал қилганидан куйинди.

Ҳукм ўқилгандан кейин Бахтиёр Термиз шаҳар қамоқхонасида жазо муҳлатини ўтай бошлайди.

- Термиз турмасида беш ою ўн кун ўтирдим. Далада ишладик, нўхат тердик. Кейинчалик ғишт заводига юборишди. У ерда эртаю кеч тиним йўқ эди, - дея эсга олади ўша оғир кунларини Бахтиёр.

Суҳбатдошимиз қамоқхонада қийноққа солинмаганини, аммо бошқа маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани гувоҳи бўлганини айтади.

- Биттаси наркотик билан тушган эди, ўшани уриб. оёғини синдиришганди. Қўлларини орқасига боғлаб, потолокдан полга ташлаб юборишган. Ичи эзилиб, бир оёғи ҳам синганди. Мен қамоқдан чиқаётган куним ҳам у қўлтаёқда юрган эди, - дейди Бахтиёр.

Ёшликдан иккинчи гуруҳ ногирони бўлган Бахтиёр қамоқхонадаги шароит саломатлигининг янада ёмонлашишига сабаб бўлганини айтди.

- Ўзим опреация бўлганман. Ингичка ичагим ёрилган, оёғим синган. Шунга қарамай, мажбур ишлатишди. Хусусан, ғишт заводида ишлаганим саломатлигимни яна ҳам ёмонлаштирди. Иссиқ ғишт ортасиз, хумдондан пишган ғиштларни оласиз. Оёқларингиз таги ёниб кетгудек иссиқ ҳароратда ишлайсиз, устидан совуқ сув ичасиз. Ҳозир ичим оғрийди, оёғим оғрийди, - дер экан Бахтиёр боз устига ярим йилдан кўпроқ бола-чақасини кўра олмаётганидан асаб касалига ҳам дучор бўлганини гапирди.

Термиз шаҳар суди ҳукми билан 1 йилга озодликдан маҳрум этилган қаҳрамонимиз шу йил августида Ўзбекистон мустақиллигининг 19 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия туфайли хорижлик фуқаро бўлгани учун озодликка чиқарилган.

Бахтиёр паспортида кириш визаси борлигига қарамай, ҳеч бир айбсиз қамалишига Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумат расмийлари ўртасидаги адоват сабаб, деб билади.

Унинг айтишича, Ўзбекистон қамоқхоналарида ҳам, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида ҳам тожикистонлик фуқаролар кўп экан.

Бахтиёр улар ҳам ўзи сингари расмийлар адовати қурбони бўлганига шубҳа қилмаслигини айтади.

- Милиционерлари оч. Қаерга борсангиз, “пул”, дейди. Мен келишимда ишлаганим учун 60 минг сўм ойлик беришди. Шунинг ярмидан кўпини милиционерлар олиб қўйишди, “бензин учун” деб. Кейин кўпинча “тожикистонликсан”, деб ажратишади, ёқтиришмайди бизни улар, - дейди Бахтиёр Ўзбекистон қамоқхоналарида бошдан кечирганларини гапирар экан.

Ҳозир Тожикистоннинг Рудакий туманида ўз яқинлари даврасида яшаётган Бахтиёр бундан буён Ўзбекистонга боришга юраги бетламаётганини айтди.

Айни пайтда у Тошкентда қолган турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан тез кунларда юз кўришиши орзусидан ҳам воз кечгани йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG