Линклар

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 23-24 ноябр кунлари расмий ташриф билан Қатарга сафар қилиши кутилмоқда. Кузатувчилар бу сафарни Каримовнинг Форс кўрфазига чиқиш йўлидаги навбатдаги уриниши сифатида баҳоламоқдалар.

Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, Қатар амири шайх Ҳамад бин Халифа ас-Сонийнинг таклифига биноан амалга оширилаётган бу ташриф чоғида икки томонлама ҳамкорлигини кенгайтириш, Ўзбекистон ва Қатарни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинади. Шунингдек, музокаралар якунида икки давлат ҳамкорлиги бўйича қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши айтилмоқда.

Кузатувчилар Каримовнинг Қатарга сафарини унинг Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон-Қатар транспорт йўлаги ғоясини амалга ошириш учун қўйилаётган яна бир қадам сифатида баҳоламоқдалар.

Мазкур транспорт йўлагини барпо қилиш истаги таклиф ўлароқ ўтган ой Ўзбекистон ва Туркманистон президентларининг Ашхободда бўлган учрашуви чоғида ҳам янграганди.

- Бу ерда гап Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон-Қатар ва Форс кўрфазининг бошқа мамлакатлари орқали ўтадиган транспорт йўлагини ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳақида бормоқда. Бу масалани биз Туркманистон президенти билан муҳокама қилдик ва мен бу лойиҳа, бу йўлак мамлакатларимиз катта эҳтиёж сезаётган коммуникация йўналишлари, жаҳон бозорига чиқиш учун улкан имкониятлар яратиши мумкинлигини Туркманистон президенти тўлиқ маъқуллаганидан мамнунман, - деди Ислом Каримов 20 октябр куни Ашхободга қилган расмий ташрифи чоғида.

Ўз навбатида, Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов ўзбекистонлик ҳамкасби таклифи қабул қилишини айтган ҳамда ташқи ишлар вазири ва транспорт вазирига ушбу лойиҳанинг сиёсий ва техник жиҳатларини ўрганишни топширганди. Ўша пайтда аксарият таҳлилчилар Каримовнинг бу таклифини Бердимуҳаммедов у қадар жиддий қабул қилмаганини айтгандилар. Шунга қарамай, Ўзбекистон томони бу лойиҳани босқичма-босқич амалга оширишга киришган кўринади.

Эслатиб ўтамиз, 9 ноябр куни Теҳронда учрашган Эрон, Уммон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар ҳамда транспорт вазирлари бошқа муҳим масалалар қатори мазкур транспорт йўлаги устида ҳам баҳс юритгандилар.

Ундан аввалроқ – октябр ойи сўнгида Ўзбекистонга ташриф буюрган Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирининг муовини Холид бин Сауд бин Холид ас-Сауд ҳам расмий Тошкентнинг Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон-Қатар йўлаги бўйича таклифини маъқуллаганди.

Ўтган ҳафтада Тошкентда ўтказилган “Марказий Осиё транспорт йўлаги: халқаро транзит юк оқимларини жалб қилиш истиқболлари” номли халқаро анжуман ҳам, таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон расмийларининг бу лойиҳага жиддий қизиқаётганидан далолат беради.

Бироқ, таҳлилчилар фикрича, бу лойиҳа ўзбек расмийлари учун қанчалар жозиб бўлмасин, унинг амалга ошишидан амалга ошмай қолиш эҳтимоли кўпроқ. Буни таҳлилчилар мазкур лойиҳага сиёсий режими ва иқтисодий имкониятлари бир-биридан тамоман фарқли бир неча давлат жалб қилинаётгани билан боғламоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG