Линклар

logo-print

Али Ҳамроев: Мен ўзбек режиссёриман!


Таниқли кинорежиссёр Али Ҳамроев соҳибқирон Амир Темур ҳақида филм олишни орзу қилади.

Таниқли кинорежиссёр Али Ҳамроев соҳибқирон Амир Темур ҳақида филм олишни орзу қилади.

"Ўзбек киносининг ўзига хос янги давр маданиятини яратиш учун ўнлаб йиллар керак, маданиятни эса алоҳида шахслар эмас, балки бутун халқ яратади". Бу гаплар таниқли ўзбек кинорежиссери Али Ҳамроевга дохилдир.

Озодлик билан суҳбат аввалида замонавий ўзбек кино санъати масаласига тўхталган Али Ҳамроев унинг совет ўзбек киноси негизида яратилганлиги ва “Ўзбекфилм” киностудияси фуқаролар уруши ҳақида олган кўплаб филмлари учун ноҳақ равишда “Босмачифилм” деб номланганини айтади.

- Бу мутлақо нотўғри - оми одамларнинг нуқтаи назари. Шу тариқа Киевдаги Довженко студиясини “Махнофилм”, “Мосфилм”ни яна бошқа номлар билан ҳақоратлаш мумкин. Гап шундаки, тарихий ҳақиқат экранларда ёритилиши керак эди. Ўша давр мафкураси болшевиклар, “қизиллар” ғалабасини намойиш қилиш учун барча совет республикаларида бундай филмлар намойиш қилинган. Лекин эътибор берган бўлсангиз, Ўзбекистондаги “босмачилик”, яъни “босқинчилик” деб номланган миллий-озодлик ҳаракати совет мафкураси томонидан “бандитчилик” деб ҳам номланарди. Ўзингиз гувоҳсиз: Афғонистонда ўз озодлиги учун курашган мужоҳидлар “душман”, деб аталган. Лекин ҳатто шу филмларда ҳам биз ижодкорлар кучли характер, динамика, шахснинг ички дунёсини намойиш қилишга уринганмиз. Мана, масалан, “Еттинчи ўқ”даги командир Мақсумов ўз ҳаётидан воз кечиб, ўз йигитларини қутқаришга жўнаган кучли шахс. Шунинг учун бу давр филмларини сиёсий бўёқларни олиб ташлаб томоша қилиш керак, холос, дейди кинорежиссёр Али Ҳамроев.

“Демак, генерал Абдурашид Дўстум ҳақидаги хужжатли филмингиз шу кучли шахсларнинг тасвиридан яна бир кўриниш, деб ҳисоблаш мумкин, шунақами?” деб сўраймиз режиссёр Ҳамроевдан.

- Сўзсиз! Фақат хужжатли филм жанрида. Мен ва менинг раҳматли акам бир неча марта Афғонистонга борганмиз. Генерал Дўстум менга жуда ёқиб тушди. У бизни яхши кутиб олди, биз ҳаёт тўғрисида у билан узоқ суҳбатлашганмиз. Мен у кишининг отаси, оиласи билан яқиндан танишдим. У ўз юртида жуда катта обрў-ҳурматга эга одам. Мен, тўғриси, афғон ўзбеклари ҳақида филм қилмоқчи эдим. Генерал Дўстум менга “Буюк Темур” филмини яратишда ёрдам беришга тайёр эканини билдирди. Биласизми, бу менинг орзуим, лекин уни амалга ошириш учун маблағ етарли эмас. Буни эшитиб Дўстум менга: “Келинг! Шу ерда мен сизга филм учун шароит яратиб бераман. 25 минг аскар ҳозирлашим мумкин”, деди. Мен аввалига ишонмадим. Эртаси куни тушликкача Мозори Шариф яқинидаги қалъага ҳақиқатан 25 минг отлиқ аскар тўпланди! “Аскарларни саралаб олишингиз керак, бўлмасам Темур ҳақидаги филмга бутун Афғонистон йиғилади!” деди. Шунда мен генерал Дўстум ҳақида филм олишни ният қилдим, дейди Али Ҳамроев.

Шундай қилиб, Али Ҳамроев афғонистонлик ўзбеклар ва уларнинг ёрқин намояндаси – Абдурашид Дўстум ҳақида филм яратди. “1997 йилнинг 19 май куни, мен 60 ёшга кирган куним, мен Шибурғондаги Оқ Саройда бу филмни намойиш қилдим,” дея давом эттиради режиссёр.

- Унинг генераллари, ҳукумати томоша қилди. Дўстумга филм ёқди, у мени қучоқлаб табриклади, кечга мени номимга зиёфат уюштирилганини айтди. Лекин 20 дақиқадан кейин мен россиялик иккита оператор билан Дўстўм машинасида Термиз чегарасига қараб қочаётган эдик: Толибон Афғонистонда давлат тўнтаришини уюштирган эди. Мозори Шарифда бизни Толибон гуруҳи қўлга олди. Бизларга автомат ўқталдилар. Шунда мен ўз ҳаётимга режиссерлик қилишим вақти келганини англадим. “Биз БМТдан, сизларга дори-дармон, кийим-кечак олиб келдик, мана ҳужжатларим!” деб, инглизча-италянча бақир-чақир қилдим. Уларнинг бошлиғи “Хорижа!” деб афсусланиб қўйиб юборди. Ўзимизнинг ўзбек чегарасида эса сим тортилган, “Мен Али Ҳамроев, режиссёр!” деб роса қичқирдим, ўзбек паспортимни кўрсатдим. Чегарачи эса: “Мумкин эмас, эрталабки еттигача чегара ёпилган!”, дейди. Мажбур бўлдик, шу чегарада тунаб қолдик. Шунда мени таниб қолган чегара пости бошлиғи симлар орасидан бизни ўтказиб юборди. Фақат бир неча йилдан кейин биз Абдурашид Дўстум билан учрашдик ва мен унга бу филмнинг янги кассетасини тақдим этдим, чунки эскиси Оқ Саройда алангада қолган экан, - дея эслайди Али Ҳамроев.

73 ёшга кирган бўлса-да, суҳбатдошимиз ижодий лойиҳалари кўп эканлигини айтади.

Таниқли ўзбек кинорежиссёри Али Ҳамроев 1937 йилда Тошкентда актёр ва сценарийлар муаллифи Эргаш Ҳамроев оиласида туғилган. Унинг онаси Анастасия Тарасич ҳам киностудияда ишлаган. Эргаш Ҳамроев ўғлини 3 яшарлигида киностудияга олиб келган. Шу тариқа мана ҳозиргача Али Ҳамроев киностудиясисиз ўз ҳаётини тасаввур қилмайди. Шубҳасиз, бундай ижодий муҳит унинг келажакда машҳур кинорежиссёр бўлиб етишишида етакчи омил бўлди.

Али Ҳамроев Москвадаги Давлат кинематография институтини битириб ижодий фаолияти давомида 18 та бадиий ва 20 та ҳужжатли фильм яратди.

Ижодини бошлагач, 1961 йилдан бери постановкачи режиссёр сифатида «Болалар ҳақида кичик саргузаштлар» (1961), «Севадими-севмайдими» («Тожикфильм, 1962), «Лайлак келди, ёз бўлди» (1966), «Қизил кушлар» (Акмал Акбархўжаев билан ҳамкорликда, 1967), «Дилором» (биринчи фильм-операси, 1968), «Фавкулодда комиссар» (1970), «Шиддат» (1971), «Еттинчи ўк» (1972), «Мухлис» (1973), «Мевазорлик аёл», (1977), «Инсон қушлар ортидан боради» каби кўплаб ҳаётий бадиий фильмларни суратга олди.

У сценарий ёзган ва режиссёрлик қилган "Оппоқ лайлаклар", "Фавқулодда комиссар", "Инсон қушлар ортидан боради", "Учлик", "Еттинчи ўқ" ва "Кобулдаги жазирама ёз" каби фильмлар нафақат Марказий Осиёда, балки бутун собиқ Совет Иттифоқи ҳудудларида ҳам эл оғзига тушган.

Унинг номи фақат республикамиздагина эмас, балки хорижда танила борди, филмлари Халқаро кинофестивалларда юксак совринларга сазовор бўлди. Жумладан, «Инсон қушлар ортидан боради» (1975) бадиий фильми 1977 йили Деҳлида бўлган Халқаро кинофестивалда яхши режиссёрлик иши сифатида иккинчи мукофотга ва «Кумуш товус» совринига лойиқ, деб топилди. Режиссёрнинг “Триптих”(1979 йил) асари эса Сан-Ремо кинофестивалида Гран-при совринини олди.

Кино устаси Али Ҳамроев ижодига буюк Микеланджело Антониони юқори баҳо берган ва ҳатто Амир Темир ҳақида филм яратиш учун ўтган асрнинг 80-йилларида Италияга таклиф қилган. Али Ҳамроев сўнгги йилларда Амир Темур ҳақидаги филмни яратиш унинг энг катта орзуси эканини гапиради. Лекин, дейди режиссёр Али Ҳамроев, бунинг учун катта маблағ керак.

- Бунинг учун камида 50 миллион долларлик маблағ зарур. Лекин мен ишонч билан айтишим мумкинки, 50 миллион доллар сарфлаб, бу филмдан бир миллиард доллар даромад қилиш мумкин. Мен 90-йиллар бошида италияликлар билан бу филмни олишга киришган эдим. Биз ҳатто костюмларни, реквизитларни тайёрлаган ҳам эдик. 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланиб кетди ва бизнинг реквизитларимиз турли республикаларда қолиб кетди. Декорацияларимиз “Қозоқфилм”да, костюмларимиз ва реквизитларимиз “Қирғизфилм”да, Иссиқ-Кўлда қолиб кетди... Ширкатимиз банкротга учради ва ўша даврдан буён мен бу филмни яратишга маблағ топа олмаяпман, ваҳоланки филм сценарийси тайёр. Совет даврида у каллакесар, қонҳўр подшо эди, мустақиллик даврида у инсонпарвар, халқпарвар шахсга айланди. Лекин у ўз даврининг намояндаси. У ҳам оддий банда! Мен уни мураккаб шахс эканлиги ҳақидаги ҳақиқатни намойиш қилмоқчиман. Ишонинг, бу филм “Чингизхон” ёки бошқа тарихий филмлардан оммавийроқ ва қизиқарлироқ чиқади, - дейди Али Ҳамроев.

Унинг сўзларига кўра, у Амир Темур шахсига студентлик давридан қизиққан. “Менинг Темур ҳақидаги биринчи ёзувларим 1957 йилда қоғозга туширилган. Ва ўша даврдан уни қандай мураккаб шахс эканлигини жаҳонга намойиш қилиш режаларим бор”, дейди режиссёр.

Али Ҳамроев замонавий ўзбек киносининг муаммоларига оид ўз фикрига эканлигини гапирди. У Ўзбекистонда кино санъатига катта маблағ ажратилишига қарамасдан уларнинг асосий қисми кўкка совурилаяпти, деган фикрда.

- Бу маблағлар аҳмоқона тарзда сарфланаяпти! Пуллар хусусий киностудияларга тарқатилаяпти. Бу киностудиялардаги тасодифий одамлар: “Пул бўлса, демак кино олса ҳам бўлади!” деган фикр билан кино олаяпти. Кейин улар яхши актёрларни, операторларни, рассомларни ва режиссёрларни ишга олмасдан, бир-иккита қўшиқ билан танилган хонандаларни ва кўчадан келган ва ҳамма нарсага кўнадиган шахсларни танлаяпти. Қани замонавий Наби Раҳимовлар, Сора Эшонтўраевалар, Ҳамза Умаровлар, Шукур Бурҳоновлар? Бир томондан бу табиий ҳолат. Одамларни аввал қорнини тўйдириш керак. Ҳукумат биринчи навбатда мана шуларга асосий эътиборини қаратмоқда. Лекин маданиятга сарф-харажатни ошириш керак. Аксинча ёшларни, миллатимизни йўқотиб қўйишимиз мумкин. Америка ва бошқа кино саноатидан кўчирма қилиб хом тарзда мухлисларга намойиш қилинса, жамият касал бўлиб қолади-ку! Замонавий ҳукуматлар шу даражада совет тузуми яратган филмлардан ҳадиксираб қолганки, уларни намойиш қилишга ҳам қўрқади. Лекин санъат ўтмиш санъати устига қўрилади. "Ўзбек киноси 1991 йилда яратилди" деганлар катта хатога йўл қўяди. Унда совет даврида олинган билимлардан, диплом ва аттестатлардан воз кечишимиз керак, - дейди режиссёр.

Али Ҳамроев ҳозир Россияда истиқомат қилади. У ўз фарзандлари билан отаси Эргаш Ҳамроев ҳақида “Мен сени унутганим йўқ!” хужжатли филми устида иш олиб бораётганлигини айтди. Бўлажак режиссёрнинг отаси Эргаш Ҳамроев 1937 йилда қатағонлар даврида ҳибсга олинган, икки йилдан кейин озод этилган ва 1942 йилда Вязма остонасида ҳалок бўлган.

Али Ҳамроев ўз фарзандларига ота-боболари ким эканлигини доимо эслатиб туришини айтади.

- Мен яқиндагина Тожикистондаги бобомнинг қабрларини зиёрат қилиб келдим. Менинг бобом ва отам риштонлик тожиклардан, онам украиналик, паспортимда эса ўзбек деб ёзилган. Ахир бунинг бирор аҳамияти йўқ-ку! Мен уч фарзанднинг отасиман. Катта қизим Лайли 50 ёшга кирди, у Кино институтини битирган, кинотанқидчи. Кичик қизим - Асал, журналист. Ўғлим Али Эргаш кинорежиссёр, монтажёр. Менда бир қанча набираларим бор. Набираларимдан каттаси Халқаро муносабатлар институтини битириб АҚШ компанияларидан бирида ишлаяпти. Хуллас, мени ишимни давом эттирадиган фарзандларим бисёр! Кўплаб интервюларда мендан: “Сиз Италияда яшадингиз, энди Россияда ижод қилаяпсиз... Сиз ўзингизни қаерлик режиссёр, деб ҳисоблайсиз?” саволига доимо “Мен ўзбек режиссёри эдим, ўзбек режиссёриман ва ўзбек режиссёрлигимча қоламан”, дея жавоб қайтараман, - дейди Али Ҳамроев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG