Линклар

Тожикистонда ҳижобсимон никоҳ кўйлаклари урфга кирди


Тожикистонда аёлларнинг ҳижоб ёки бурқа кийиши шу кунда одатий ҳолга айланган.

Тожикистонда аёлларнинг ҳижоб ёки бурқа кийиши шу кунда одатий ҳолга айланган.

Тожикистонда ҳижобга ўранган, қора чиммат билан юзини беркитган аёлларни учратиш аллақачоноқ одатий ҳолга айланган. Эндиликда эса келинларнинг ҳам илгариги европача кўйлак ўрнига ҳижоб кийиши кўпаймоқда.

Айрим тожикистонликлар бу кийим араблар маданиятига тегишли экани ва у тожик жамияти учун бегона бўлгани сабаб ҳам мамлакат бозорларига киритилмаслигини тавсия қилади. Бошқа бир гуруҳ эса бурқа мамлакатда жиноятчилик ошишига сабаб бўлиши мумкинлигидан ташвиш билдиради.

- Ўтган асрнинг 50-60 йилларида айрим қишлоқларда аёллар паранжида юришарди. Паранжини асосан Марказий Осиёдаги аёллар ёпинишарди. Бугунги XXI асрда эса мана шундай манзарани Сўғд вилоятининг Исфара, Айний, Мастчоҳ туманларида кўриш мумкин. Бу кийим ўзбеклар ва тожиклар маданиятига хос бўлгани учун ҳозиргача Ўзбекистон ва Тожикистоннинг айрим ҳудудларида ҳали ҳам бор. Охирги пайтларда деярли барча тўйларда келинни олиб чиқишаётганда паранжига ёпинтиришмоқда. Бироқ бугунги бурқани олсак, паранжидан фарқи жуда катта. Бу кийим асосан Арабистон, Эрон ва Афғонистон давлатлари урф-одатларига хос, - дейди сўғдлик Абдураҳмон Воҳидов.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда тожикистонлик айрим хотин-қизлар хориждаги аёлларга тақлид қилиб, ҳижоб кийишмоқда. Бошқача қилиб айтганда, ҳозир аёллар бурқа ва ҳижобни мода сифатида кийишмоқда.

Бугун келинчаклар учун кийимлар сотиладиган магазинларни айлансангиз, у ерда тўйбоп ҳижоб ва бурқалар осилиб турганини кўрасиз.

- Магазинимизга келаётган бўлажак келинчакларнинг ярми айнан бурқа ёки ҳижоб сотиб олишмоқда. Ёки келинчак кўйлагини ҳижобга мослаштириб беришларини сўрашади. Шунинг учун биз магазинимиз қошида мижозларимиз учун махсус ателье ҳам очдик, - дейди сотувчи Дилбар Турсунова.

Унинг айтишича, келинчаклар ўз хоҳиши билан шундай қилмаяптилар - бу куёв томонининг талаби. Келинчак шундай кийиниши лозимки, бирорта очиқ жойи бўлмаслиги керак.

Афтидан, 10-15 йилдан кейин келинларнинг замонавий кўйлаклари ва фатага ўрин ҳам қолмайди, чунки ҳозирнинг ўзида бунга бўлган талаб сусайиб бораяпти.

Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Тожикистонда динга бўлган қизиқиш жуда кучайган, ота-оналар ўз фарзандларини диний мактабларга бериш ҳоллари кўпайган. Шунингдек, аёлларнинг ҳижобга кириши ҳам жадаллашган.

Айни пайтда расмийлар шу ҳижоб ва бурқа ортидан мамлакатда диний радикал кайфият кучайиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқда. Аммо ҳижоб ва бурқага ўранган хотин-қизлар ва улар тарафини олаётган тожикистонликлар бу иддаолар асоссизлигини айтишмоқда.

- Менинг ота-онам мусулмон бўлишса-да, динга қаттиқ берилмаганлар. Оиламизда яна иккита синглим бор. Улар ҳам мендек ҳижоб олишган. Бизни хеч ким бунга мажбур қилмаган. Кийим кийишда ҳар ким ўз диди ва ақидасига қараб танлайди., - дейди 18 ёшли Фаришта исмли қиз.

Тожикистонда ҳижоб ва бурқага қарши ҳаракат уч йил олдин бошланган эди ва ҳижобли хотин-қизларга тазйиқ йил сайин кучайиб бормоқда. Чунончи жорий йил сентябр ойида республика маориф вазири Абдужаббор Раҳмонов Тожикистон Миллий университети ҳовлисида ўтказилган тантаналарнинг бирида ҳижобли толиба ва аёлларни кўриб қолиб, “Ҳайданглар бу маймунларни бу ердан, олийгоҳга умуман йўллатмангиз уларни, уларни ўша муллалар ўқитишсин”, деган эди.

Орадан бир ҳафта ўтмай, республика президенти Имомали Раҳмон ҳам ҳижоб ва бурқа кийган қизлар олийгоҳ ва мактабларга қўйилмаслигига урғу берди.

Таниқли руҳоний Ҳожиакбар Тўражонзода эса мамлакатда ҳижоб ва бурқага қарши бошланган кампанияни “динга қарши кураш”, дея баҳолади. Унинг айтишича, Европа ва бошқа давлатлардаги бу амалиётларни тушунса бўлади, чунки уларнинг дин ва мазҳаблари бошқа. Бироқ Ўрта Осиёдаги мусулмон мамлакатлари хукуматларининг ҳижоб ва бурқага қарши тадбирлари ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG