Линклар

Абдуманноб Пўлатовнинг жасади бугун тупроққа берилди

  • Абдулла Искандар

Абдуманноб Пўлат Озодлик радиоси билан узоқ йиллар таҳлилчи сифатида ҳамкорлик қилиб келган.

Абдуманноб Пўлат Озодлик радиоси билан узоқ йиллар таҳлилчи сифатида ҳамкорлик қилиб келган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти асосчиси Абдуманноб Пўлатов якшанба куни 59 ёшида АҚШда вафот этди. Марҳум Ўзбекистондаги дастлабки мухолифат ҳаракати бўлмиш Бирлик ҳаракатининг илк босқичида иштирок қилган эди.


Марҳумнинг жанозаси душанба (22 ноябр) куни Виржиния штатининг Спрингфилд шаҳарчасидаги Дорул-Худо масжидида пешин намозидан сўнг ўқилди. Сўнгра маййит Виржиниянинг Фредeриксбург шаҳарчасидаги мусулмонлар қабристонида дафн этилди.

Абдуманноб ака яқинларининг айтишларича, у бир неча ой давом этган оғир хасталикдан сўнг ҳаёт билан видолашган.

Шоҳида Пўлатова: “Марҳумнинг яхши ниятлари кўп эди”

Якшанба куни оламдан ўтган Абдуманноб Пўлатовнинг беваси Шоҳида опа Озодлик билан суҳбатда марҳумнинг сўнгги дақиқалари ҳақида гапирар экан, турмуш ўртоғининг жони узилган якшанба тонгида у билан бирга бўлганини айтади.



- Якшанба куни, якшанба куни эрталаб. Оғир аҳволда эдилар, охирги кунлари жуда оғир бўлган. Касаллари оғир бўлган. Рак бўлган. Мияларида рак бўлган. Лекин анча курашдилар бу касалликни енгиш учун. Лекин ҳеч иложи бўлмади. Америкадаги медицина минг кучли бўлгани билан барибир буларни олиб қолишнинг ҳеч иложи бўлмади. 16 декабрда 59га кирардилар. Учта болалари бор, учта неваралари. Ота-оналари оламдан ўтиб кетишган эди, лекин бошқа қариндошлари кўп. Акалари бор. Маҳалламизга яқин жойда бир масжид бор. Соат 12:30, 13:00ларда (Америка вақти билан айтилаяпти - таҳр.) жаноза бўлади. Жанозадан кейин мозорга олиб боришади. Бу ерда атайин мусулмонлар учун ажратилган қабристонлар бор. Уларнинг одамларга гапирадиган гаплари жуда кўп эди. Аниқ битта гапни ҳозир гапира олмайману, лекин ниятлари жуда кўп эди. Яхши ният билан курашган эдилар. Одамларга озодлик бўлсин деб яхши ниятлар билан яхши ишлар жуда кўп қилганлар кўп одамлар учун. (йиғлаб) Дуо қилинглар, дуо қилинглар, жойлари жаннатда бўлсин. Яхши одам эдилар. Хўп соғ бўлинглар. Раҳмат, дея ўз сўзларига якун ясади кўз ëшларини тўхтата олмаган Шоҳида Пўлатова.

Сиëсатга тикилган умр

Ўзбекистондаги мухолиф ҳаракатларни ҳужжатлаштирган кино тасвирчи Абдулазиз Маҳмудов Абдуманноб Пўлатовни 20 йилдан бери билишини айтади.

- Мен уни 1988 йилдан бери биламан. Яхши инсон эди. Мустақилликка ўз ҳиссасини қўшган, Бирлик ҳаракатининг фаолларидан бири эди. Жадидлардан сўнг мухолиф фикрлаш, мухолиф ҳаракатлар советлар даврида ўлган ҳисоб эди. Лекин 1989-1990 йиллар қайта қуриш шарофати билан бизнинг халқимизнинг энг зиëли, энг етук фарзандларини юзага чиқарди. Ўз ўзидан жадидлар фикрлари яна уйғонди. Менимча, Абдуманноб шу шахслардан энг кўзга ташланган бир инсон эди.

Озодлик: 1996 йилда Абдуманноб Тошкентга келганда, сиз учрашганмидингиз?

- Ҳа, учрашган эдим. Ҳатто видео тасвирга олган эдим. Албатта 1996 йили Абдуманноб Тошкентга келганда анча ўзгаргани сезилди. У одам келиб, ҳатто нутқи даврида кўз ëши кўринди. Мамлакатни соғингани билинди. Бизнинг ҳаммамизга “Биз тан олишимиз керак. Ҳали бери бизнинг халқимиз, миллатимиз демократияга тайëр эмаслигини тан олиш керак”, деган фикрлар билдирган эди, дея эслайди Абдулазиз Маҳмудов.

Абдулазиз Маҳмудов назарида, Абдуманноб Пўлатов ўзбек сиëсий тарихидаги кўринарли сиймо ўлароқ қадланишга лойиқ бир киши бўлган.

Марҳумнинг Озодликдаги сўнгги овози

Якшанба куни оламдан ўтган инсон ҳуқуқлари фаоли Абдуманноп Пўлатов Озодлик радиоси билан 1992 йилдан бери яқин ҳамкорлик қилиб келган эди.

Абдуманноб Пўлатовнинг АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари ҳақидаги фикрлари Озодлик мухлислари ëдида.

Абдуманноб Пўлатовнинг Озодлик радиосида янграган сўнгги интервьюси ҳам Америка ва Ўзбекистон муносабатлари ҳақида бўлди.



2010 йилнинг 18 февралида эфирга кетган бу интервьюда марҳум Абдуманноп Пўлатов Афғонистон ва Покистон бўйича АҚШ махсус вакилининг Ўзбекистон раҳбарлари билан учрашуви нимадан далолат деган савол остида тўхталган эди.

Уммон ортида поëнига етган умр

Абдуманноб Қаюмович Пўлатов 1951 йилнинг 16 декабрида Тошкент вилояти Ғишткўприк қишлоғида туғилди. Мактабни олтин медал билан тугатгач, ЎзМУ (собиқ Тош ДУ) физика куллиëтига ўқишга кирди. Таҳсилни бир муддат Ленинградда давом эттирди.

1974 йилда МГУ аспиранти бўлди. Совет армиясида хизмат қилди. 1979 йилда фан номзодлигини ëқлади.

1981 йилдан 1991 йилгача ЎзМУ (собиқ ТошДУ) математика куллиëтида дарс берди.

Ўзбекистондаги илк сиëсий ҳаракат бўлган Бирлик фаолиятида 1988 йил сўнгидан бошлаб иштирок қилди.

1991 йилдан бошлаб Бирликдан ва мухолифатдан масофалашиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолиятига киришди.

1991 йилда Ўзбекистондаги илк инсон ҳуқуқлари ташкилотини тузиб унга бошчилик қилди.

1992 йилнинг декабрида Бишкекдаги инсон ҳуқуқларига анжуман чоғида Абдуманноб Пўлатов Ўзбекистон МХХ ходимлари тарафидан ўғирланиб, Тошкентга олиб келинди.

1992 йил январ ойида Тошкент талабалар шаҳарчасида “президент ўз болаларини ейдиган монстр” деб ëзилган плакатни кўтариб тургани Пўлатовга айбнома бўлди.

Тошкент маҳкамаси ҳукмига кўра Пўлатов президентни ҳақорат қилганликда айбланиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди ва амнистия акти билан суд залидан озод бўлди.

Ана шундан кейин Абдуманноб Пўлатов мамлакатни тарк қилди.

1993 йилдан бошлаб АҚШ да яшай бошлади. Мухолифат фаолиятидан хусусан Бирлик ва уни бошқараëтган акаси Абдураҳим Пўлатовдан масофали фаолиятда бўлди.

1996 йилда Ўзбекистон президенти Каримов “Ака-ука Пўлатовлар юртга кайтишлари учун ҳеч бир тўсиқ йўқ. Уларнинг ҳаёти хавф-хатарга қўйилмайди”, деб баёнот берди.

Бу сўзларни Каримов 1996 йил июн ойидаги АҚШга қилган зиёрати пайтида яна қайтарди.

Ана шундан кейин Абдуманноб Пўлатов 1996 йилдан 1998 йилгача уч марта Ўзбекистонга борди.

Абдуманноб Пўлатов “Ўзбекистонда демократик сиëсий ислоҳотлар эмас балки иқтисодий ислоҳот керак” деган эҳтиëткор фикрни илгари суриб келди.

Ўзбекистон ҳукуматини қўлловчи гуруҳларга яқин нуқтаи назарда бўлди.

Андижон қирғинида Каримовни айбламаган гуруҳлар орасида Пўлатов ҳам бор эди.

2001 йилда АҚШ фуқаролигини қабул қилди.

2010 йил 21 ноябр куни АҚШда узоқ давом этган касалликдан кейин оламдан ўтди.

Марҳумнинг рафиқаси, уч фарзанди ва уч набираси орқасида қолди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG