Линклар

logo-print

Чехия олийгоҳида ўқишни истайсизми?

  • Замира Шукур

Чехиянинг машҳур Карлов университети биноларидан бири.

Чехиянинг машҳур Карлов университети биноларидан бири.

29 ноябр куни Чехиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида Чехия олий ўқув юртларида ўқиш имконларига бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтади. Айни пайтда¸ мазкур анжуманда иштирок этадиган Плзен университети профессори Станислав Мика ўз олийгоҳида ўқийдиган бўлғуси талабаларни саралаб қайтади.


Кейинги йилларда Чехиядаги ҳам давлат¸ ҳам хусусий ўқув юртларида ўқиëтган талабалар сони муттасил равишда ошиб бормоқда. Буни ҳам Тошкентдаги Чехия элчихонаси расмийси¸ ҳам Чехиядаги олий ўқув юртларида ўқиб ишлаëтганлар бирдек тасдиқлайдилар.

- Ҳар йили Чехияга бориб ўқишга қизиқиш кўрсатувчи ўзбекистонлик ëшлар сони ортиб бормоқда. Бунинг сабаби¸ ўзбекистонлик ëшлар чех тили яхши ўрганилган тақдирда Чехия олий ўқув юртларида ўқишнинг текин эканидан хабар топдилар. Шу боис¸ ҳозирда чех тили курслари таклиф қилувчи лойиҳалар сони ва уларга қизиқаëтганлар кўпайиб бормоқда. Ана шу қизиқиш турткисида биз октябр ойида Ўзбекистонда ўтказилган Чехия кунлари доирасида нафақат Тошкент¸ балки Бухоро¸ Самарқанд¸ Навоий ва Ургенч каби шаҳарларда Чехиядаги тил курсларига оид махсус презентациялар ўтказдик. Бу Чехияда ўқиш истагидаги ўзбек ëшлари сони янада ошишига хизмат қилди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Чехия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби Роман Масарик.

Ана шу жараëннинг бир қисми сифатида 29 ноябр куни чех элчихонаси Чехияда ўқиш имконларига бағишланган яна бир тақдимот маросими ўтказади. Айни пайтда¸ 22 ноябр куни Тошкент сафарини бошлаëтган Плзендаги Ғарбий Боҳемия университетининг математика бўйича профессори Станислав Мика¸ ўз университетида бепул ўқиш ҳаққини қўлга киритиш истагида ариза топширган 44 абитуриентни имтиҳондан ўтказади.

- Бугун кечқурун Тошкентга учиб кетаяпман. Келаси ҳафта Чехия элчихонаси ходимлари билан биргаликда Ўзбекистон университети талабалари учун чех олий ўқув юртларида ўқиш имконлари ҳақида суҳбат уюштирамиз. Айни пайтда¸ бизнинг университетимизнинг турли факултетларида ўқиш учун ариза топширган 44 талабгор билан уч кунлик имтиҳон ва суҳбатлар ўтказамиз¸ дейди сафар олдидан Озодлик билан суҳбатлашган профессор Мика.

Чехия элчихонаси ўтказаëтган тақдимот маросими ҳам¸ профессор Мика ўтказаëтган имтиҳон ҳам¸ аслида ўзбекистонлик абитуриентлар учун янгилик эмас. Зотан¸ Чехия университетлари профессорларининг ўз бўлажак талабаларини Тошкентга бориб танлаши одатий тус олмоқда.

- Ўзбекистондан талабаларни университетимизга олиб келиш лойиҳаси 2002 йили бошланди. Ўшанда ўзбекистонлик олимлардан бири математика факултетимизда докторлик қилиш истагини билдирди. У одамнинг илмий изланишлари бизга маъқул келди ва ундан биз Ўзбекистонда хорижда ўқишни истовчи истеъдодли ëшлар кўплигини билдик. Шундан сўнг биз Ўзбекистондаги университетлар орқали ахборот тарқата бошладик. Мақсадимиз¸ Ўзбекистондаги талантли ëшлар¸ айниқса математика соҳасидаги истеъдодлар учун Чехияда ўқиш имконини беришдир¸ дейди Плзен университети қошидаги математика факултети профессори Станислав Мика.

Плзен университетининг хорижий талабалар билан ишловчи қабул комиссияси расмийси Маркета Коҳоутковага кўра¸ ҳозирда Ғарбий Боҳемия университетида ўқиëтган ўзбекистонлик талабалар сони 50 дан ошиқ ва яна ўнлаб ўзбекистонликлар мазкур олийгоҳни тугатиб¸ Чехияда ўз мутахассисликлари бўйича меҳнат қилмоқда. Профессор Мика Тошкентга бориб¸ тўлиғича Чехия Маориф ва ëшлар вазирлиги тақдим этадиган стипендия ҳисобига ўқийдиган яна 15 та бўлғуси талабани танлаб қайтади¸ деб давом этади Коҳоуткова.

- Тошкентдаги Чехия элчихонаси ëрдамида уч кунлик кириш имтиҳонлари ўтказилади. Бу имтиҳонлар ҳам ëзма¸ ҳам оғзаки бўлади. Талабгорлардан ўзлари танлаган соҳани яхши билиш¸ қолаверса хориж тилларини ўрганиш истеъдодини намойиш қилиш талаб этилади. Чех тилини билиш шарт эмас¸ аммо абитуриентнинг инглиз ва рус тилларини яхши билиши унинг тилларга лаëқати борлиги сифатида талқин этилади¸ дейди Коҳоуткова.

Ғарбий Боҳемия университети расмийсига кўра¸ Чехия элчихонасида ўтказиладиган имтиҳонларга таклиф қилинганларнинг барчаси университетнинг интернетдаги саҳифасига кириб¸ ҳужжат топширганлар ва уларнинг аксари математика каби аниқ фанлар бўйича бакалаврлик учун ариза топширган.

- Танланган абитуриентлар июн ойида Чехияга келиб¸ тўрт ойлик интенсив чех тилини ўрганиш курсларига киришадилар. Сентябр ўрталарига қадар улар ўз соҳаларида ўқишни чех тилида олиб боришга тайëр бўлишлари лозим¸ дейди Коҳоуткова.

Ҳозирда Карлов университетида докторлик диссертацияси устида ишлаëтган Фурқатбек ҳам Чехиядаги машҳур бу олийгоҳга ўзи ҳужжат топшириб¸ ўзи ўқишга кирган ўзбек ëшларидан. “Чехия университетлари АҚШ ëки Британиядаги олийгоҳлар каби донг таратмаган бўлмаса-да¸ улар нуфузи Европада баланддир”¸ дейди Фурқат.

- Чехияда асосан математика, физика ва тиббиëт фанларидан яхши дарс берилади. Фарқи ўзимизда ўқиш сифати анча паст. Кўп ҳолатларни ҳамма билади. Масалан ўқимай ҳам диплом олса бўлади. Бу ëқда унақа ҳолат йўқ. Ҳар бир киши ўқиб, ўзининг баҳоларини олиб, фақат шу йўл билан диплом олса бўлади. Агар бу ердан диплом олса, бу бутун Европа Бирлигидан диплом олди дегани. Европанинг хоҳлаган давлатига бориб ишлаши мумкин¸ дейди Европадаги машҳур университетлардан бири Карлов олийгоҳи докторанти Фурқат.

Ўзбекистондаги Чехия элчихонасининг биринчи котиби Роман Масарик¸ Чехия олийгоҳларида ўқишни истовчилар учун мавжуд имконларни эҳтимолий абитурентларга шундай тушунтиради.

- Бу ерда икки хил йўл бор. Агар Чехияда ўқишни истовчи ëшларда университетдаги ўқиш учун тўлайдиган пули бўлмаса¸ у асосан Чехиядаги давлат ташкилотлари томонидан ташкил этиладиган тайëргарлик курсларида ўқиши лозим. Бир йиллик бу курсларда абитуриент ҳам чех тилини ўрганади¸ ҳам ўзи таланагн факултет талаб қиладиган кириш имтиҳонларига ҳозирланади. Айни пайтда¸ чех тилини ўрганиш истагидагилар хусусий ташкилотлар орқали ҳам Чехияга боришлари мумкин. Аммо хусусий тил курслари давлатникидан қимматроқ¸ дейди Тошкентдаги Чехия элчихонасининг биринчи котиби Роман Масарик.

Илм олиш истагида Тошкентдан Прагага қадар йўлни ўзи босиб ўтган Фурқатбек¸ Чехияда ўқишни истовчи ўзбек ëшларига Ўзбекистон ва Чехиядаги хусусий ташкилотлар орқали ишлаш ўрнига¸ бевосита ўқимоқчи бўлганлари олийгоҳ билан бевосита боғланишни маслаҳат беради.

Бунинг учун интернетда беш-олти соат кўпроқ ўтириш ва лозим адресларни топиш кифоя¸ дейди Фурқатбек.

- Мен ўзим (Тошкентдаги хусусий ширкатлар назарда тутилмоқда – таҳр) борганман. Уланинг хизматидан фойдаланмоқчи бўлганман. Менга Чехияни таклиф қилишган эди. Менга 3000ми доллар айтишган эди. У тил курсларими шунақа эди. Мен бу ëққа келаëтганимда чиптани олдим фақат. Агар шу университет биринчи 10таликда бўлса, элчихонада ҳам нима бўлмайди¸ дейди Чехияда магистрлик дипломини қўлга киритиб¸ эндиликда докторлик даражаси учун ўқиëтган Фурқатбек.

Бу лавҳага¸ 29 ноябр куни Тошкентдаги Чехия элчихонасида чех олийгоҳларида ўқиш имконларига бағишланган тақдимот маросими ўтказилаëтгани туртки бўлган эди. Бу маросимда қатнашмоқчилар тафсилотларни www.mzv.cz сайтидан топиб олишлари мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG