Линклар

Раштда ЎИҲ аъзоси йўқ қилинди

  • Гулнора Равшан

Тожик расмийлари Рашт амалиётлари якунига етаётгани ҳақида баёнот берганларидан икки ҳафта ўтса-да, у ердаги вазият ҳали тўла ҳукумат назорати остида, деб бўлмайди.

Тожик расмийлари Рашт амалиётлари якунига етаётгани ҳақида баёнот берганларидан икки ҳафта ўтса-да, у ердаги вазият ҳали тўла ҳукумат назорати остида, деб бўлмайди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Жалолиддин Садриддиновнинг Озодликка маълум қилишича, Рашт амалиётларида Мулло Абдулло ва Алоуддин Давлатов гуруҳининг яна икки жанггариси ўлдирилган.

Улар душанбелик 45 ёшли Додарбек Каримов ва исфаралик 28 ёшли Машраб Убайдуллоев экани айтилмоқда.

- Ўзбекистон исломий ҳаракатининг фаол аъзоси бўлгани Додарбек Каримов 1995 ва 1999 йилларда Душанбе шаҳрида рўй берган қатор портлашлар ва ҳарбийларни қатл қилганликда гумонланиб, 2006 йилдан буён қидирувда эди. Раштда ўлдирилган бошқа бир жанггари исфаралик Машраб Убайдуллоевдир. Воқеа жойидан жанггариларга тегишли Калашников автомати ва 300 га яқин ўқ-дори топиб мусодара қилинди, - дея маълум қилди Тожикистон Ички ишлар масъули Садриддинов.

Эслатсак, бундан икки ҳафта аввал Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Саидмўмин Ятимов Рашт водийсида ҳукумат кучларига қарши курашаётган жанггарилар деярли йўқ қилингани ва амалиёт эса сўнгги босқичга кўчгани ҳақида расман хабар берган эди.

Шунингдек, хавфсизлик қўмитаси бошлиғи Ятимов Мулло Абдулло ихтиёрида атиги 5 ёки 6 нафар жанггари қолганини, улар ҳам ҳукумат кучлари томонидан қамалга олинганини қўшимча қилганди.

Бироқ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Садриддинов айни кунларда Рашт водийсида Мулло Абдулло ва Али Бедакий лақаби билан танилган дала қўмондони Алоуддин Давлатов гуруҳига қарши махсус амалиёт давом этаётганинини таъкидлади.

Айни пайтда мамлакат шарқида бундан икки ой аввал махсус амалиёт доирасида узиб қўйилган телефон алоқалари ҳозирга қадар ҳам тиклангани йўқ.

Раштликлар марказ Душанбе ва дунёнинг турли мамлакатларида яшаб турган яқинлари билан алоқада бўла олмаётганларидан шикоят қилмоқдалар.

Аввалроқ Тожикистон куч ишлатар тизим масъуллари мамлакат шарқида телефон алоқасининг узилиб қолиши техник муаммо эканини ва бу Рашт амалиётларига умуман дахлсизлигини таъкидлаган эдилар.

Бироқ Тожикистон Уяли алоқа операторлари уюшмаси раиси Ғафуржон Эркаев 23 ноябр куни Рашт билан телефон алоқалари “юқорининг буйруғи” билан узиб қўйилганини билдирди.

- Бу минтақада ўша гуруҳлар устидан назорат кучайтирилиб, вазият таранглигича қолар экан, телефон алоқалари билан боғлиқ муаммо ҳал бўлмайди. Биламиз, ташқи дунёдан узилиб қолиш жуда қийин. Лекин бизни ҳам тушинадилар, деган умиддамиз, чунки буйруқ юқоридан берилган. Биз эса унга қулоқ солиш ва амал қилишга мажбурмиз, - деди Уяли алоқа операторлари уюшмаси раиси Эркаев.

Шу ўринда “Нега Рашт амалиёти атрофида тожик расмийлари икки хил гапиришмоқда, нега Рашт амалиёти ҳанузгача якунлангани йўқ ва бундан кўпроқ ким манфаатдор?” деган ҳақли саволлар туғилади.

Бу савол билан Ички ишлар вазирлиги расмийси Жалолиддин Садриддиновга қайта мурожаат қилдик.

У бу саволларга жавоб бериш фақат республика Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Саидмўмин Ятимов салоҳиятида эканини таъкидлади.

Аснода мустақил таҳлилчилар ҳам Рашт водийсида жангариларга қарши амалиётнинг ҳанузгача якунланмагани юзасидан икки хил фикр билдирмоқдалар.

Бир гуруҳ таҳлилчилар мулла Абдулло гуруҳи Тожикистонда тинчлик барқарорлигидан манфаатдор бўлмаган учинчи кучлар томонидан молиялаштирилаётгани ва шунинг учун ҳукумат кучлари бу гуруҳни батамом йўқ қилишга ожизлик қилаётганини айтишмоқда.

Тожикистондаги барқарорликни издан чиқаришга уринаётган жанггариларнинг учинчи кучлар томонидан молиялаштирилаётгани ҳақида сал аввалроқ Тожикистон хавфсизлик Кенгаши раиси Амирқул Азимов ҳам баёнот берган эди.

Бироқ бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар эса бу фикрга мутлақо қўшилмайдилар.

Уларнинг мулоҳазасича, Рашт амалиётларининг узоққа чўзилишидан энг аввало иқтидордаги ҳукумат манфаатдордир.

- Чунки, - дейди мустақил таҳлилчи Амният Адбуназаров, - террорчилик ва исломий экстримизмга қарши курашаётган ҳар қандай давлатга донор давлатлар жуда катта миқдорда молиявий ёрдам кўрсатади.

Таҳлилчига кўра, иқтисоди касод Тожикистон учун эса бундай ёрдам айни пайтда жуда зарурдир.

- Рашт можаросида учинчи кучлар қўли борлиги шу кунгача исботлаб берилмади ва мени бу ерда манфатдор фақат расмий Тожикистоннинг ўзи эканига ҳеч шубҳа қилмайман. Иқтидордаги ҳукумат мамлакат шарқида “исломий экстримизм қулоч ёзаётгани”дан бонг уриб, халқаро ҳамжамият диққатини ўзига қаратмоқда. Бундай ҳолларда маълумки, донор давлатлар албатта катта молиявий ёрдам кўрсатади. Бу ёрдамлар, ўз навбатида, ишлаб чиқариши бўлмаган ва хазинаси касод Тожикистон учун жуда зарурдир. Шуни назарга олган ҳолда Рашт амалиётлари ҳали-бери тугамаслигига ишонаман, - дейди мустақил таҳлилчи Амният Абдуназаров.

Аснода Тожикистон Мудофа вазирлигидаги манба мамлакат ичкарисида ҳукумат кучлари томонидан олиб бориладиган бу каби махсус амалиётлар учун давлат бюджетидан маблағ ажратилишини билдирди.

Мудофаа вазирлигидаги манба эса экстремизм ва террорчиликка қарши махсус амалиётлар учун Тожикистонга ҳам НАТО ва КХШТ билан ҳамкорлик доирасидаги дастурлар бўйича муайян миқдорда маблағ ажратилишини маълум қилди.

Аммо бу манба Рашт амалиётлари учун қанча миқдорда маблағ ажратилганидан хабарсизлигини айтди.

Норасмий манбалар эса Тожикистон ҳукумати Рашт амалиётларида ўнлаб миллион АҚШ доллари миқдорида ёрдам олганини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG