Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:53

Ўзбекистон ЕХҲТ чақириғини қабул қиладими?


“Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташкилотнинг Остона саммити олдидан ўз касбий фаолияти учун қамоққа ташланган журналистларни озод қилсин”. Ўзбекистон ҳам аъзо бўлган ЕХҲТнинг Матбуот эркинлиги бўйича махсус намояндаси Дуня Миятович 56 давлат ҳукуматига ана шундай мурожаат йўллади.

1-2 декабр кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган ЕХҲТ саммитида ташкилотга аъзо давлатларнинг ўз зиммаларига олган вазифаларни қай даражада бажарганлиги муҳокама қилинади. Ташкилотга аъзо 56 давлат зиммасига олган мажбуриятлар рўйхатида фуқароларнинг сўз ва фикр эркинлигини таъминлаш маъсулияти ҳам бор.

ЕХҲТнинг Матбуот эркинлиги бўйича махсус намояндаси Дуня Миятович бу саммит олдидан аъзо давлатларга йўллаган мурожаатида:

“Бизнинг жамиятимиз на ёзилган, на оғзаки айтилган сўздан қўрқиши лозим. Ташкилотга аъзо давлатлар қачонлардир айтган фикрлари учун қамоққа ташланган тутқунларни Остонадаги ЕХҲТ саммити олдидан озод этишлари лозим”¸ дея ëзилади.

“Дуода бўлинглар, болам”


Матбуот эркинлиги вазиятини кузатувчи мустақил гуруҳларга кўра¸ бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида 11 нафар журналист сақланмоқда. Энг сўнгги қамоққа ташланган журналист, диний-маърифий эшиттиришлар муаллифи Хайрулла Ҳамидов бўлди. Журналистнинг онаси Муқаддас ая куни кеча келини ва невараси ўғлини бориб кўриб келганини айтар экан, ҳамон Хайрулланинг амнистияга тушиб озод бўлишига умид қилаëтганини яширмайди:

-Яхши юрибди. Бориб келдик. Хотини бориб, ўғли билан уч кун туриб келишди. Ишлаб юрибди энди. Нима қилсин. Ўша ерда клубда ишлаëтган экан. Олдингига қараганда анча яхши, деди. Худо хоҳласа амнистияга тушган деб пойлаб ўтирибмиз.

Озодлик: Амнистия бўлдику. Унга тушмадими?

-Статяси тушган эди. Ким билади энди. Мана шу ойнинг охиригача қараб ўтирибмиз. Лекин тушган амнистияга статяси.

Озодлик: Соғлиғи, кайфиятлари яхшими?

-Ҳа, яхши, Худога шукур яхши. “Анча кўникиб, яхши ишлаб юрибман ижод қилиб” деди. “Элим, юртим деб ишлаб ëтибман” деб кулди. Сизларни ҳам айтдик. “Сўраганларнинг ҳаммасига салом денг” деди. Бу кунлар ҳам ўтиб кетар, деб ўтирибди. Дуода бўлинглар болам. Раҳмат каттакон, дейди ўз касбий фаолияти учун озодликдан маҳрум қилинган ўзбек журналистларидан бири Хайрулла Ҳамидовнинг онаси Муқаддас ая.

“Акамни қамоқдан чиқариш ниятлари йўқ”

Ўзбекистон матбуотида узоқ йиллар ишлаб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланишга ўтгач қамоққа олинган журналист Дилмурод Саййид ҳам қарийб икки йилдан бери тутқунликда. Шу йили унинг ҳолидан хабар олгани бораётган хотини ва қизчаси автомобил ҳалокати оқибатида ҳалок бўлди. Яқинда уни қамоқда кўриб қайтган укаси Обид Саидовнинг айтишича, Дилмурод Саййидга нисбатан амнистия қўлланилиши эҳтимоли олдини олиш учун унга қамоқхона ички тартибини бузганлик айби қўйилиб, жазо камерасига ташланган:

- Нарушениенинг учинчисини қўйибди. Амнистияга тушмайдиган қилиб қўйибди. Неположенний жойда сигарет чекканмишда, кейин гап қайтарганмиш. Энди бу саводсиз одам бўлса ҳам майли экан, неположенний жойда сигарет чекадиган. Кимдир пул тўлаяптида чиқиб кетмаслиги учун. Бориб бир кеча ëтиб келдик. Аҳволи яхши эмас, сочлари оппоқ бўлиб оқариб кетган, соғлиғининг мазаси йўқ, дейди Обид Саидов.

Унинг айтишича, Дилмурод Саййиднинг айбсизлигидан шикоят қилиб ёзмаган идораси қолмаган.

- Мана ҳозир Омбудсмандан ҳам жавоб келди бизларга. Буларнинг ëзган жавобини аввало тушуниб бўлмайди. Чалкаш-чулкаш қилиб ëзган. Охирида “Судга мурожаат қилсанглар бўлади” деб ëзиб қўйибди.

Олий Суд эса доим бир хил мазмундаги жавоб қайтаради, дейди гапида давом этар экан Обид Саидов.

- Шу билан мана кетма-кет ëзиб ëтибмиз, Олий судга бориб ëтибмиз. Булар документларни қайта кўришнинг ўрнига ëлғон ëзилган жавобини чиқариб, бизларга жўнатиб юбориб, ҳеч кимни чақирмайди ҳам, ҳеч ким билан гаплашмайди ҳам. Тўрт-беш марта бордик. Тўрт-бешинчи марта Олий суддан жавоб кутиб ўтирибмиз. Ҳозир ҳам аризамиз бор Олий судда. “Ҳамма нарса тўғри ҳал бўлган. Қамалиши керак эди” деб жавоб келиб ëтибди. Ҳозир қаëққа арз қилишни тушуна олмаяпман, била олмаяпман, дейди Обид Саидов.

“Хатлар етиб келмаяпти”


Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўз касбий фаолияти учун қамалди¸ деб келаëтган журналистлар орасида қорақалпоғистонлик Солижон Абдураҳмонов ҳам бор. Ўғли Давроннинг айтишича, айни пайтда Солижон Абдураҳмоновнинг аҳволи яхши ва дадаси ўзининг айбсизлиги исботланган бир қанча хатларни қамоқхонадан бериб юборишга ҳаракат қилган. давронга кўра¸ қамоқхона нозирлари бунга ижозат бермай, мактублар фақат қамоқхона почтаси орқали юбориш лозимлигини айтишган - бу хатлар гўё қамоқхона почтасидан юборилгану, бироқ адвокатга етиб келмаган.

Солижон Абдураҳмоновнинг адвокати Сергей Майоров ҳам бу хатларни қамқохона маъмуриятидан ёзма равишда талаб қилганлигини, бироқ жавоб оломаётганлигини айтади:

- Солижон Абдураҳмонов шунга аминки, агар унинг қўлидаги хат ва ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофааза қилиш идораларига келиб тушса, унинг тақдирида¸ албатта¸ ўзгариш содир бўлади. Бу ҳужжатларни у қамоқдан бизга жўнатган, лекин бизгача етиб келмаяпти. Менимча бизгача етиб келмаса ҳам керак, дейди адвокат Сергей Майоров.

******

2010 йил давомида яна уч нафар журналист судга тортилди. Таниқли сураткаш ва кинооператор Умида Аҳмедовага шартли жазо муддати тайинланди, мустақил Vesti.uz интернет сайти мухбири Владимир Березовский ва Америка овози радиоси мухбири Абдумалик Бобоевлар катта миқдордаги жаримага тортилди. Бу журналистлар ўз суратлари ва мақолалари билан ўзбек халқини туҳмат ва ҳақорат қилганликда айбланди.

Айни пайтда¸ ёзувчи Мамадали Маҳмудов, шоир Юсуф Жума, Эрк газетаси бош муҳаррири Муҳаммад Бекжонлар узоқ йиллардан буён Ўзбекистон қамоқхоналарида қолиб кетмоқда.
XS
SM
MD
LG