Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:57

Ярашув институти Ўзбекистон қамоқхоналари эшигини очмоқда


Ўзбекистонда 2001 йилдан иш бошлаган ярашув институти фаолияти кейинги ойларда жадаллашиб бормоқда. Ислом Каримовнинг куни-кеча парламент депутатларига қарата "барчани қамайверсак¸ ким озод яшайди ўзи?" дея қилган мурожаати¸ бу тизим ишини янада жонлантирадиган кўринади.

Тошкент шаҳрида "Ярашув институтининг жиноят ҳуқуқида қўлланилиши: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиëт" мавзуида халқаро анжуман ўтмоқда.

Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган вакиллар ҳамда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари иштирокидаги бу анжуманда жазонинг қамоқ билан боғлиқ бўлмаган турлари, жобир билан жабрланувчининг ярашув механизмлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда 2001 йилдан эътиборан ярашув институти фаолият юритиб келади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ўзбекистон парламентида сўзлаган нутқида ўтган давр мобайнида 100 минг маҳкум бу институт шарофати билан қамоқдан озод бўлганини айтган эди.

Наманганлик 26 яшар Фарҳод одам савдосида айбланиб олти йилга қамалган эди. Ҳозир у ярашув институти механизмига кўра қамоқ жазосидан озод қилиниб уйига қайтди. Россияда ўзи ишлаëтган қурилишга одам олиб кетгани Фарҳодни одам савдогари деб айблаш ва 6 йилга қамаш учун етарли бўлди.

Адвокатлар кўмагида Фарҳод ўз айбининг арзимас эканини тасдиқлай олди. Фарҳоднинг қамоқдан озод бўлиши 2001 йил 29 августида Ўзбекистон жазо қонунларига киритилган ўзгартириш меваси дея кўрилмоқда.

Фарҳод шу кунгача қамоқ жазосидан мосуво бўлган 100 минг ўзбек маҳкумнинг бири.

Озод бўлганлар сонини Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 12 ноябр куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқида келтирди.

"Ярашув институтининг жорий этилиши натижасида ўтган давр мобайнида 100 минг нафарга яқин фуқаро жиноий жавобгарликдан озод этилди. Мана сизларга оддий қабул қилган қароримиз 100 минг одамнинг мана ҳаëтини ўзгартиришга, жавобгарликка тортилмасдан, бир-бири билан келишиб, жиноий ишларни ҳам тахлаб, ҳаммасини жой-жойига қўйишга имкон берди. Энг муҳими¸ 100 минг одамнинг яна қанча қариндошлари бор, қанча болалари бор", деди Каримов.

Каримов назарида¸ қамоқ маҳкумларни тарбиялашда энг мақбул восита эмас.

"Қолаверса, бундай жазо тури маҳкумларни тарбиялаш ва қайта тарбиялаш вазифасини ҳеч қачон бажармайди", деди Каримов.

Айни пайтда Каримов нутқидан қамоқда маҳбусларни сақлаш қимматга тушаëтгани ҳам тушунилади.

"Одамларни қамаш шарт эмас. Бу давлатга жуда қимматга тушади", деди зарда билан Ислом Каримов 12 ноябр куни.

Ўз нутқида давом этар экан Каримов "барчани қамайверсак¸ ким озод яшайди?"¸ ўзи деган гапни қоғозга қарамасдан айтиб юборди.

“Ҳаммасини ҳам олиб бориб қамасак, нима бўлади эртага? Эркин яшайдиган одам ўзи қоладими йўқми?”

Бу гап айтилган куни Каримовни ҳақорат қилганликда айбланиб, тергови давом этаëтган журналист Носир Зокир зиммасидан барча айбловлар олиб ташланди. Носир Зокир “буни кутмовдим” деб гапиради.

- Мен охирги сафар 6 ойга қамалганимда, октябр ойида менинг устимдан иккинчи жиноий иш қўзғалган. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси¸ яъни президентни ҳақорат қилиш моддаси билан. Мени судга чақирди. Наманган шаҳар судида ҳеч ким йўқ. Битта ўзим. Наманган шаҳар прокурорининг муовини ўтирибди. Суд ўтирибди. “Мана шу масалани кўриб чиқамиз” деб ҳаммасини ўқиб берди. Асосий мавзу мана бу ерда. 158-модда ўта хавфли бўлмагани учун жиноий жавобгарликка тортилган Носиров Зокирнинг ўзи ëзма равишда жавобгарликдан қутулиш учун авф этиш тўғрисида “хўп” деб ëзиб берганлиги учун ва ëши 60дан ўтганлиги учун Сенатнинг охирги чиққан қарори¸ яъни авф этиш қарорининг 7-бандига биноан мана шу иш тўхтатилди. 15 минутда тўхтатди. Бўлган ҳодиса шу. Бу ерда мен озгина тушунмаган жойимки, бу статя ўта хавфли бўлмаганлиги учун. Демак, президентни ҳақорат қилган статя ўта хавфли эмас экан, деган жойга ҳайрон бўлдим мен¸ дейди Носир Зокир.

Носир Зокир устида бораëтган тергов тугагани арафасида мамлакат ташқарисига чиқиб кетган мухолиф қарашдаги собиқ парламент аъзосига ҳам ярашув таклифи бўлди. "Айбимни бўйнимга олдим¸ авф қилинг¸ деб ëзиб беринг" дейишди собиқ депутатга.

Мемориал инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра¸ Ўзбекистон қамоқхоналаридаги 10 мингдан зиëд эътиқод маҳбусларига ҳам кечирим хати ëздирилмоқда. Мемориал фаоли Мўътабар Аҳмедова гапиради.

- Ярашув фақатгина қайси даражада кетаяпти? Тайëр, ҳаммаси ëзилган бланка. Кечирим сўрайди маҳбус. Ким бўлишидан қатъий назар, эътиқод эркинлигидан қамалганми, Ваҳҳобийликда қамалганми, Ҳизбут-Таҳрирда қамалганми – шунга тўлиқ битта бланка тўлдирилган. “Мен кечирим сўрайман¸ биринчи ўринда юртбошимиздан, ўзбек халқидан кечирим сўрайман. Шу йўлимдан қайтаман яъни эътиқоддан қайтаман”. Бунга қўл қўяди. Ҳаммаси тайëр. Учинчи пункти “Бундан кейин ҳеч қанақа бирорта норасмий диний ташкилотга қўшилмайман”. Тўртинчиси “Президентимга содиқлик билан хизмат қиламан”. Мана шу энг охирги пункт ярашув келишуви. Мана шу 2001 йилда чиққандан бери бўлиб келаëтган нарса.

Озодлик: Ўзбекистон қамоқхоналаридаги эътиқод маҳбуслари ярашув институти механизмлари асосида озод қилиняптими?

- Умуман йўқ. Озод бўлган ҳаммаси яна қайтиб кириб кетган, дейди Мўътабар Аҳмедова.

Суҳбатдошга кўра¸ айни пайтда ўзбек қамоқхонларини киссавур ва майда безорилар тарк қилмоқда, бу эса жамият учун хавфли, дейди Аҳмедова.

- Талон-тарожликда, давлат мулкини талон-тарож қилган, наркоманлар, ўғрилар, наркотик билан шуғулланганлар, одам ўлдирганлар, мол-мулкини талон-тарож қилиш мақсадида одам ўлдирганлар, ҳар хил фирмаларга босқинчилик қилганларни, бу ерда сиëсий эмас, ижтимоий-иқтисодий жиноятчилар чиқаяпти.

Озодлик: Ярашув институти воситасида қамоқдан озод бўлиш ишига пул аралашадими?

- Пул аралашган демайлик¸ порахўрлик дейлик. Пора аралашган жой бўлади. Вақтинчалик бўлади. Бу одам шуни сақлаб қолиш учун яна бериши мумкин. Лекин у одам ҳамма ëғини сотиб берди. Бошқа имконияти йўқ. Имконияти бўлмагандан кейин кетаверади, тиқиб ташлайди. Бунақалар бўлди бир-иккита, дейди Мўътабар Аҳмедова.

2001 йилдан бери Ўзбекистонда мавжуд бўлган ярашув институти меваси ўлароқ¸ 100 минг маҳкум озод бўлганлиги бу институт ҳақида яна ҳам тўлароқ билиш иштиëқини уйғотди. Шу мақсадда¸ Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитаси раиси Светлана Ортиқовага мурожат қилдик.



Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитаси раиси Светлана Ортиқова билан суҳбат эди.
XS
SM
MD
LG