Линклар

Шимолий Корея артиллерияси Жанубий Кореянинг аҳоли яшайдиган баҳсли чегара ҳудудини ўққа тутганидан сўнг Сеул ҳам жавоб ўти очди. Айни соатларда¸ иккала корейс давлати қўшинлари жанговар ҳозирлик ҳолатига келтирилган.

Жанубий Кореянинг Йонхап ахборот агентлиги хабарига кўра, тўқнашув пайтида Жанубий Кореянинг икки аскари нобуд бўлган, 13 нафари яраланган.

Сешанба кунги ҳужум муносабати билан Жанубий Корея президенти мамлакат хавфсизлик кенгашининг фавқулодда мажлисини ўтказди. Йиғилишдан кейин президент Ли Мюнг Бак чегара можаросини бартараф қилишга ҳаракат қилинаётганини айтди.

Халқаро ҳамжамият Шимолий ва Жанубий Корея ўртасида навбатдаги ҳарбий можаро содир бўлгани юзасидан хавотир билдирмоқда.

Оқ уй матбуот хизмати эълон қилган баëнотда¸ Шимолий Корея ҳатти-ҳаракатлари “кескин қораланди”.

Хитой расмийлари ҳам сўнгги йилларда икки корейс давлати ўртасида юз берган энг жиддий ҳарбий тўқнашув хусусида ташвиш билдирди.

Россия ҳукумати эса¸ Корея ярим оролида вазиятнинг янада мураккаблашиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

- Бу ерда ҳамма нарса ҳарбий ҳаракатларга айланиб кетиши мумкин. Бу улкан хавф-хатар ва уни четлаб ўтиш учун ҳамма воситалар ишга солиниши лозим, деди 23 ноябр куни Беларус пойтахти Минскда сўзлаган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Пойтахт Токиода Япония Бош вазири Наото Кан ўз ҳукумати ва мамлакат армиясига ҳар қандай вазиятга шай туриш ҳақида буйруқ берганини билдирди.

- Аввало¸ мен одамларимиздан бу воқеа ҳақида маълумот тўплаш учун бор имкониятни ишга солишни сўрадим. Иккинчидан¸ мен уларга воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёр туриш кераклиги ҳақида кўрсатма бердим, деди Япония Бош вазири.

Томонлар ўртасидаги тўқнашувнинг Жанубий Корея ҳарбийлари Сариқ денгиздаги чегара яқинида одатдаги машқларни ўтказаётган пайтда содир бўлгани айтилмоқда. Жанубий Корея ҳарбийлари жавоб ўти очганидан сўнг томонлар ўртасидаги тўқнашув шиддатли тус олган.

Шимолий Корея билан бўлган воқеадан кейин Жанубий Корея армияси жанговар ҳозирлик ҳолатига келтирилди. Шимолий Корея учқичлари Жанубий Корея ҳаво ҳудудига бостириб киришининг олдини олиш мақсадида Жанубий Кореянинг Ф-16 русумидаги жанговор учқичлари ҳавога кўтарилди.

Халқаро масалалар бўйича германиялик таҳлилчи Себастиан Ҳарниш Озодлик билан суҳбатда Шимолий Кореяни янада агрессив ҳаракатдан тўхтатиш учун Хитой парда ортида ҳаракат қилаётганига шубҳа қилмаслигини айтди.

- Айни пайтда¸ Шимолий Кореяни қалтис ҳаракатдан тийиш борасида Хитой энг кучли воситачи ҳисобланади. Вазият янада кескинлашишининг олдини олиш учун Хитой ҳукумати Пхенян билан мулоқот олиб бораётганига шубҳа қилмайман, деди германиялик таҳлилчи Себастиан Ҳарниш.
XS
SM
MD
LG