Линклар

Қирғизистон жанубида июн ойида амалга оширилган қирғиндан кейин бир гуруҳ қирғизистонлик ўзбеклар Европада тузган Халқаро "Алишер Навоий институти" ташкилоти фаоли Дилшод Тиллахўжаев ана шундай фикрда.

Жалолобод вилояти Сузоқ туман суди июн воқеалари давомида Сузоққа олиб борувчи йўлдаги “Сампа” пахта тозалаш заводи яқинида 16 кишини ўлдирганликда айблаб 17 ўзбекни умрбод, яна икки ўзбекни 25 йиллик қамоққа 23 ноябр куни ҳукм қилгани тўғрисида аввал хабар берган эдик.

"Фақат ўзбеклар судланаяпти"

- Биз бу ҳукмни адолатли, деб билмаймиз. Ҳозир бизнинг ғазабимиз қайнаяпти. Бу ишлар бўйича ўзимиз мустақил текширув олиб борамиз ва кучимиз етганича бу йигитларнинг озод қилинишига ҳиссамизни қўшамиз. Бунинг учун БМТга, бошқа халқаро ташкилотларга альтернатив докладлар билан чиқамиз, - деди Дилшод Тиллахўжаев суднинг кечаги ҳукмига муносабат билдирар экан.

Дилшод Тиллахўжаев эътиборимизни қирғиндан кейинги судловлар бир томонлама бўлаётганига қаратди.

- Фақат ўзбеклар судланаяпти, қирғизлар эса судланмаяпти. Бир ёқламали бўлаяпти. Шунинг учун ҳам кечаги судни адолатли суд, деб бўлмайди. Воқеага юридик ёндошилганида эди, ўзбеклар ўзларини ҳимоя қилганини кўриш мумкин бўларди. Ва бу ҳолатда судланганлар бошқа моддалар бўйича жавобгарликка тортилган бўлар эди, - деди Дилшод Тиллахўжаев.

Бир неча ҳафта олдин бошқа бир жалолободлик ўзбек – инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаров ҳам умрбод қамоққа ҳукм қилинган эди. Қирғизистондаги "Қилим шами" ташкилоти раҳбари Азиза Абдирасулова Асқаров устидан чиқарилган ҳукмни "адолатсиз сиёсий ҳукм", деб баҳолаган эди.

"Сампа"да нима бўлган эди?

Жалолободлик тадбиркор, ҳозирда қочқинликда яшаётган Шаҳобиддин Юсупов “Сампа” воқеаларини эслайди.

Шаҳобиддин Юсупов: Аҳолиси асосан ўзбеклардан иборат бўлган Сузоққа олиб борадиган иккита йўл бор. Бири Бишкек-Ўш йўли. Иккинчиси "Сампа" пахта тозалаш заводи олдидан ўтадиган йўл. Тўполон кунлари жалолободлик ўзбеклар хотин-бола-чақасини Ўзбекистонга олиб чиққан эди. Бунга улгурмаганлар ё иложини қилолмаганлар Сузоққа олиб борган. Ва Сузоқ қирғизлардан яхши ҳимояланган. Бишкекдан келаётган мародёрлар билан "Сампа" томондан кираверишда, постда жанг бўлган.

Озодлик: Демак, сузоқликлар ўзларини ҳимоялаш мақсадида жангга кирган?

Шаҳобиддин Юсупов: Албатта, Бишкекдан қурол кўтариб келаётганлар “Сузоққа бостириб кирамиз” деганда, сузоқликлар киритмасликка ҳаракат қилган. Мана энди бугунга келиб, “бостириб кирамиз” деганларни эмас, уйини ҳимоя қилганларни умрбодга қамашаяпти. Июн воқеаларида фақат ўзбеклар айбланиб судланаётгани ҳеч кимга сир эмас. Минглаб ўзбекларни ўлдирган қотиллар, талончилар очиқдан-очиқ, ўзларини герой билиб юришибди.

Шаҳобиддин Юсуповнинг ёндирилган меҳмонхонаси

Суҳбатдошимиз "Минглаб ўзбекларни ўлдирган қотиллар, талончилар очиқдан-очиқ, ўзларини герой билиб юришибди", дер экан, фикрининг исботи сифатида ёндириб юборилган меҳмонхонаси тўғрисида айтиб берди:

- Гостиницам шаҳар милицияси биносидан 200 метр, вилоят маъмуриятидан 150 метр нарида, шаҳарнинг қоқ ўртасида эди. Кундузи 11 да ёндириб юборишган. Видеом бор. Ҳаммаси бемалол юрибди "Сартларга ўлим" деб. Лекин уларнинг биттасиниям топгани йўқ. Жазолагани йўқ, - дейди Шаҳобиддин Юсупов.

Экс-президентнинг жиянини 10 йилгагина қамадилар

Жалолободлик Шаҳобиддин Юсупов суҳбат давомида яна бир-икки ҳолатга эътиборимизни қаратди.

- Бекназаровнинг ўғли (Азимбек Бекназаров – Қирғизистон республикаси вице-бош вазири – таҳр.) Новкен тумани ички ишлар бўлимидан қуролларни олиб чиқиб, йигитларига тарқатган. Бу ҳақда Бекназаровнинг ўзи телевизорга чиқиб мақтанган эди. Қочиб кетган президентнинг жияни Санжар Бакиев эса войсковой частдан БТРлару қурол олиб, минглаб одамларни қирган, уйларга ўт қўйган одам 10 йилга қамалди. Ўшандаям Бакиевнинг жияни бўлгани учун қамашди. Бошқа қирғиз бўлганида судлашмасди, судлашсаям оқлаб, чиқариб юборишарди.

Жалолобод вилоятининг Сузоқ туман суди 17 ўзбекни умрбод, 2 ўзбекни 25 йилданга нафақат қамади, балки уларнинг мол-мулкини ҳам мусодара қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.

25 йилга кесилганлардан бири - Сузоқ туманидаги собиқ "Москва" колхози раиси, 64 ёшли пенсионер Усмонжон ака Аблазов Сузоқ туман ўзбек миллий маркази раиси ҳам эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG