Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:59

Сўғдда ўзбекистонлик ҳизбчи ушланди


Сўғдлик тартиб посбонларига кўра, асли самарқандлик Абдусаттор Азизов уйидан "Ҳизбут-Таҳрир" партиясига дохил кўплаб тақиқланган адабиётлар топилган.
Сўғдлик тартиб посбонларига кўра, асли самарқандлик Абдусаттор Азизов уйидан "Ҳизбут-Таҳрир" партиясига дохил кўплаб тақиқланган адабиётлар топилган.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига мансубликда гумонланмиш Абдусаттор Азизов қўлга олинди. Аввал Самарқандда яшаган бу одам беш йилдан буён Тожикистонда мазкур партия ғояларини тарғиб этганликдан айбланмоқда.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот маркази вакили Фируз Боқийнинг айтишича, Ўзбекистон фуқароси Абдусаттор Азизов сўнгги йилларда Бобожон Ғафуров туманида истиқомат қилган ва “Ҳизбут-Таҳрир” варақаларини тарқатиб юрган.

- Абдусаттор Азизов ҳозирда Миллий хавфсизлик қўмитаси вилоят бошқармасининг вақтинчалик сақлаш изоляторида ушланиб турибди. Чунки Ўзбекистон фуқаросига нисбатан очилган жиноят ишида “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига аъзо бўлишдан ташқари, чегарани ноқонуний ўтганлик айби ҳам қўйилган, - дейди Фируз Боқий.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг Самарқанд қилоятида истиқомат қилган 39 ёшли Абдусаттор Азизов 2005 йилда Тожикистонга ўтиб келган. У Сўғд вилоятида беш йил давомида ноқонуний тарзда яшаган ва республикада қонунан тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партияси ғояларини тарғиб қилган, мазкур фирқага янги аъзоларни жалб этиш билан шуғулланган. Азизов яшаган уйда тинтув ўтказилганда “Ҳизбут-Таҳрир фикру амаллари”, “Ҳизбут-Таҳрир анжуманлари”, “Ҳизбут-Таҳрир сиёсий назарияси” каби адабиётлар, аудио ва видео дисклар топилган.

Ўзбекистон фуқароси Тожикистон Жиноят кодексининг 187-моддаси (Жиноий гуруҳ тузиш), 189-моддаси (Аҳоли ўртасида диний, миллий ва ирқий адоват уйғотиш), 307-моддаси (Конституциявий тузумни зўравонлик билан ағдариб ташлаш учун оммавий даъват қилиш) ва 335-моддаси (Чегарани ноқонуний кесиб ўтиш) билан айбланмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, бугунги кунда республикада мазкур партия аъзоларига нисбатан ашаддий кураш олиб борилмоқда. “Ҳизбут-Таҳрир” партияси аъзолигида гумонланган ҳар қандай шахс узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилади.

- Зеро, бугунги кунда “Ҳизбут-Таҳрир” партияси аъзоларининг жамиятга ва давлат тузумига хавфи ортиб бораяпти. Шу боис ҳам мазкур партия аъзолигида гумонланган шахсларга нисбатан қонун томонидан ҳеч қандай енгиллик берилмайди, - дейди Сўғд вилоят суди ҳаками Амирхон Исоқов.

Бироқ “Ҳизбут-Таҳрир” партияси аъзолари расмийларнинг бундай иддаолари билан рози эмас. Исми ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган суҳбатдошимизнинг фикрича, ҳизбчилар амалдаги бирорта қонунга хилоф равишда фаолият юритишмаган.

- Мақсадимиз Аллоҳнинг мақсадларини давлат миқёсида чиқариб, Худонинг қонуни билан юришдир. Биз қурол ушламасак, бировни мажбурламасак, фақат сўз билан, гап билан сухбатлашиб, одамларни тўғри йўлга бошлаймиз. Биз мана шундан бошқа бирор-бир ноқонуний ҳаракатлар қилганимиз йўқ. Лекин бизнинг фаолиятимиз давлатга ёқмаяпти. Соат уч кечаси уйимизга бостириб кириб, олиб кетишди. Қийнашди, токларга қўйиб қийнашди. Мен-ку бир амаллаб қутилдим, лекин акамни қамаворишди, - дейди суҳбатдош.

Айни пайтда таҳлилчилар бундай оғир жазо бериш йўли билан жамиятга ёт бўлган оқимлар билан курашиб бўлмаслигини айтмоқдалар.

- Тожикистон собиқ шўро давлатлари орасида Ислом уйғониш партиясини қонунан эътироф этган ягона мамлакат ҳисобланади, бироқ бугунги кунда “Ҳизбут-Таҳрир” партиясига нисбатан олиб борилаётган сиёсатда хатоларга йўл қўйилмоқда. Назаримда, “Ҳизбут-Таҳрир” партияси ҳам қонунлаштирилса, барча муаммолар ҳал бўлади. Айтмоқчиманки, мазкур партия фаолияти ва аъзоларини назорат қилиш осон кўчади. Жумладан, бугун Ислом уйғониш партиясининг аҳоли ўртасида илгаридек мавқеи баланд эмас. Чунки очиқ ва қонун асосида фаолият юритмоқда, - дейди таҳлилчи Бобожон Икромов.

Кузатувчилар “Ҳизбут-Таҳрир” партиясининг актив яширин фаолияти айнан уч республика туташган Фарғона водийсида кўпроқ кўзга ташланади. Сўғд вилоятида эса ҳар йили бу партияга аъзоликда айбланмиш 15-20 нафар одам маҳкамага тортилади.
XS
SM
MD
LG