Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:20

Бишкекда бакиевчилар суди давом этмоқда


Қирғизистон собиқ мудофаа вазири Бақтибек Қалиев ўзига қўйилаётган айбловларни рад этмоқда.
Қирғизистон собиқ мудофаа вазири Бақтибек Қалиев ўзига қўйилаётган айбловларни рад этмоқда.

Қирғизистонда Қурмонбек Бакиев ва 7 апрелда норозилик намойишини ўққа тутганликда айбланаётган 28 киши устидан суд жараёни давом этаяпти. Айни пайтда маҳкама пайтида очиқда қолдирилган судланувчилардан бир нечаси мамлакатдан қочиб кетгани айтилмоқда.

Жуда катта хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолатда Бишкекдаги спорт саройида ўтаётган мазкур жараёнда Қирғизистон собиқ мудофаа вазири ва Давлат қўриқлаш хизмати раисининг собиқ ўринбосари ўзларига қўйилган айбловни тан олмасликларини билдирдилар.

7 апрелда норозиларга қарши ўқ отишда айбланаётганларнинг ҳимоячилари жиноят ишини қайта терговга жўнатишни талаб қилишмоқда. Ҳимоячиларга кўра, муваққат ҳукумат апрел воқеаларидан сўнг норозиларга қарши ёлланма снайперлар ўқ отгани тўғрисида маълумот берган эди. Бироқ жиноят ишида ёлланма снайперлар ва уларни ким ёллагани ҳақида мутлақо маълумот йўқ.

Бундан ташқари, судланувчиларнинг ҳимоячилари 7 апрел куни норозилик намойиши эмас, қуролли давлат тўнтариши содир этилгани ва судланувчилар ўз лавозимларидан келиб чиққани ҳолда бу тўнтаришнинг олдини олишга ҳаракат қилганликларини айтдилар.

Айни пайтда хорижда яшаётган бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлейкан Исмоилова адвокатларнинг бу гапларида жон бор, деб ҳисоблайди:

- 6-7 апрел кунлари аслида нима бўлгани ҳалигача номаълум. Бу воқеалар халқаро мустақил комиссия томонидан ўрганилиб, унинг хулосаси жамоатчиликка эълон қилиниши лозим эди. Бу воқеада қатнашганларнинг хатти-ҳаракатларига ва ўша куни ҳуқуқ-тартибот тузилмалари фаолиятига маҳаллий тергов тузилмалари адолатли баҳо беролмайди, - дейди Тўлейкан Исмоилова.

Айни пайтда айблов тарафи собиқ президент Қурмонбек Бакиев, унинг укаси Жаниш Бакиев Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Мурат Суталинов билан биргаликда махсус ҳарбий бўлинмаларга норозиларга қарши ўқ узишга буйруқ бергани далил-исботлар билан тасдиқланганини билдирмоқда.

7 апрел куни Бишкек марказий майдонида жабрланганлар ҳам ўзларига қарата айнан қирғизистонликлар “ Оқ уй” деб атайдиган президент саройи томонидан ўқ отилганига ишонадилар.

- Мен оёғимдан яраландим. Айнан Оқ уй томонидан отилган ўқдан яраланганимни аниқ биламан. Ўша куни Оқ уйнинг тепасида снайперлар юргани, одамларга ўқ отаётганини ўз кўзим билан кўрганман, - дейди 7 апрел воқеасида жабрланган Дулат Бейшеналиев.

Айтиб ўтиш керакки, мазкур жараёнда Қурмонбек Бакиев сиртдан судланмоқда. Бакиев ҳукуматиннг бир қатор юқори лавозимли амалдорлари эса суд жараёни якунлангунича очиқда қолдирилган эди. Бироқ сўнгги хабарларга қараганда, Бакиев даврида президент котибияти раҳбари бўлган Оксана Малеваная, президент маъмурияти раҳбари Қанибек Жўрўев ва бош прокурор Нурлан Турсунқулов суднинг иккинчи мажлисига келмаган. Бу айбланувчиларнинг мамлакатни тарк этгани гумон қилинмоқда.
- Бундан буён бошқа айбланувчилар ҳам қочиб кетмаслиги учун, биз айбланаётган амалдорларнинг барчасини қамоққа олишни талаб қиламиз. Акс ҳолда, улар қочиб кетаверади, суд жараёни шу билан охирига етмай қолади, - деди судда 7 апрелда жабрланганлар ҳуқуқини ҳимоя қилаётган адвокат Автандил Сакибаев.

Қирғизистон бош вазири ўринбосари Азимбек Бекназаров эса қирғиз матбуотига берган суҳбатида ҳуқуқ-тартибот тузилмалари судга келмаган айбланувчиларнинг мамлакатни тарк этгани ёки бошқа бир жойда яширингани ҳақида аниқ маълумотларга эга эмаслигини билдирди. Азимбек Бекназаровга кўра, бу айбланувчиларга нисбатан қидирув эълон қилинади.

Бакиев ва бакиевчиларга нисбатан суд жараёни 17 ноябр куни бошланган. Судни 600 дан ортиқроқ журналист, маҳаллий ва халқаро нодавлат ташкилотлари вакиллари кузатмоқда.

Жараёнда 36 жабрланувчи, 7 апрелда ҳалок бўлганларнинг 78 қонуний вакили, 129 гувоҳ ва 18 адвокат иштирок этаяпти.

Суд жараёни ўтаётган бино ичи ва ташқарисини бир неча юз милиция ходими қўриқламоқда.
XS
SM
MD
LG