Линклар

Покистон президенти насроний аёлни ўлимдан қутқарди


Покистонда ўлим жазосига ҳукм қилинган 45 ёшли насроний аёл президент қарори билан озодликка чиқарилди.

Осиф Али Зардорий авф этган Осиё Биби 13 ноябр куни Панжоб вилояти суди қарори билан Ислом динини ҳақорат қилганликда айбланган ва ўлим жазосига ҳукм қилинган эди. У 2009 йилда қўшнилари билан жанжал боис ҳибсга олинган эди.

Хабарларга кўра, қишлоқдошлари насроний аёл билан бир қудуқдан сув ичишдан норози бўлган, аёл эса бунга эътироз билдиргани учун фарзандлари билан қўшиб калтакланган эди. Осиё Бибининг турмуш ўртоғи ҳеч қачон Ислом дини ва Муҳаммад алайҳиссаломга нисбатан беҳурматлик қилмаганини айтмоқда.

Қишлоқдошлари ҳужумига учраган бу аёл Покистонда Ислом динини ҳақорат қилганликда айбланиб, олий жазога ҳукм қилинган илк аёлдир. Унинг озод этилишини сўраб, қатор халқаро ташкилотлар, шу жумладан, Рим Папаси Бенедикт 16 ҳам чиқиш қилган эди.
XS
SM
MD
LG