Линклар

Қозоғистон ва Қирғизистон Тожикистондаги энергетика тақчиллиги муаммосини ҳал қилишда кўмаклашиш ниятида. Бу борада Қозоғистон табиатни муҳофаза қилиш вазирлиги расмийси Анатолий Дерновой маълум қилди.

Тожикистондаги энергетика тақчиллиги муаммосини биргаликда ҳал этиш масаласи 23 ноябр куни Қозоғистон ва Тожикистон давлатлараро комиссиясининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги йиғинида кўриб чиқилди.

Қозоғистон табиатни муҳофаза қилиш вазирлиги расмийси Анатолий Дерневойнинг Озодлик мухбирига маълум қилишича, томонлар Хўжанд-Дашка-Кемин-Олмаота 500 волтли электр узатиш тармоғини қуришга оид лойиҳани муҳокама қилган.

- Бу лойиҳа уччала давлат – Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ташаббуси билан амалга оширилади. Мазкур лойиҳа Тожикистон учун ўта аҳамиятли бўлиб, Қозоғистон ва Қирғизистондан электр узатиб туриш имконини беради. Олмаота-Хўжанд янги электр тармоғининг қурилиши уччала мамлакат давлат раҳбарлари томондан ўрганилиши ва бу борада бир қарорга келишилиши лозим, - деди қозоқ расмийси Анатолий Дерновой.

Душанбе шаҳрида бир кун давом этган Қозоғистон ва Тожикистон давлатлараро комиссиясининг қозоқ делегациясига раҳбарлик қилган Анатолий Дерновой Тожикистонга тегишли юк вагонларининг Ўзбекистон темир йўллари орқали транзит қилиш масаласига ҳам тўхталиб, “бу масала Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти фаолияти доирасида муҳокама қилиниши”ни қистириб ўтди.

Эслатсак, Тожикистон шўролар замонидан 2009 йилга қадар электрга бўлган эҳтиёжини қўшниси Ўзбекистондан олинадиган электр ҳисобига қондирарди.

Бироқ 2009 йил 1 декабрида Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетганидан сўнг Тожикистон энергетик инқирозга юз тутди.

Мамлакатда куз бошидан эрта баҳорга қадар электрга кучайтирилган тартибда чеклов ўрнатилади ва афтидан бу йил ҳам бу ҳолат давом этадиган кўринади.

“Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкати тарқатган маълумотларга кўра, шу йил 1 ноябридан эътиборан республика барча ҳудудларида электрга чеклов белгиланган.

Мазкур идора расмийси Нозиржон Ёдгорийнинг айтишича, шу кунда аҳоли бир кеча-кундузда 10 соат электр билан таъминланмоқда экан.

Аммо республика чекка қишлоқларида яшаётган аҳоли бир кеча-кундузда атиги 2 соат электр берилаётганидан шикоят қилади.

- Бир кунда икки соат свет бераяпти. Баъзи пайтларда шуни ҳам беришмайди. Ҳозирдан совуқ тушиб қолган. Қишлоқ жойларда ёш болали оилаларга роса қийин бўлаяпти. Эртага қишда нима қиламиз - билмаймиз, ҳаммада ҳам етарли заҳира йўқ. Чой қайнатиш учун газ балон сотиб олардик, бу йилдан у ҳам қиммат бўлибди. Шароит кўтармаяпти, - дейди Рудакий туманининг Алибой қишлоғида яшовчи Садоратхон.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Ўзбекистондан импорт қилинадиган табиий газ ҳажми камлиги боис у мамлакат саноат корхоналарига тақсимлаб берилади. Табиий газдан анчадан буён бенасиб бўлган оддий аҳоли эса хориждан импорт қилинувчи суюлтирилган газни сотиб олади.

Тожикистон олиб келинаётган суюлтирилган газнинг 97 фоизи Қозоғистонга тегишлидир.

23 ноябр куни давлатлараро комиссия йиғинида Тожикистон томони Қозоғистон томонидан ташқарига экспорт қилинадиган суюлтирилган газ учун янгитдан белгиланган давлат солиғини бекор қилишини сўраган.

Маълумотларга кўра, Тожикистон томони бу талабига ҳозирча жавоб олгани йўқ.
XS
SM
MD
LG