Линклар

Собянин муҳожирлар масаласини муҳокама қилди


Москвадаги аксар муҳожирлар Кавказ ва Марказий Осиëдан келган меҳнат мигрантлари.

Москвадаги аксар муҳожирлар Кавказ ва Марказий Осиëдан келган меҳнат мигрантлари.

Айни кунларда Москвада 2 миллиондан ошиқ ноқонуний меҳнат муҳожири бор¸ дея баëнот берди Москва ҳукумати йиғилишида шаҳар мэри Сергей Собянин. Аммо Россия Федерал миграция хизмати мутассаддилари Москва мэри келтирган бу рақамлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтмоқда.

Москва шаҳар ҳукумати йиғилишида кўтарилган меҳнат муҳожирлари учун квоталар белгилаш масаласи ҳукумат аъзолари орасида қизғин баҳс бошланиб кетишига сабаб бўлди. Йиғилишда сўзга чиққан Москва шаҳар ҳукуматининг Жамоатчилик билан алоқа қилиш қўмитаси раиси Александр Чистяков Россия пойтахтининг жорий йилда атиги 200 минг меҳнат муҳожирини қабул қилганини билдирди.

- Бу рақамлар келгуси йилда ҳам ўзгаришсиз қолади. Фикримизча, ноқонуний муҳожирлар оқимини тўсиш учун қатъий чора-тадбирлар жорий қилиш керак, дея кўтаринки руҳда ноқонуний миграция ҳақида маъруза ўқишни бошлаган Александр Чистяков шаштини шаҳар мэри Сергей Собянин сал пасайтириб қўйди.

- Александр Васильевич, бунчалик пафосга берилмасангиз...Бизда 2 миллионга яқин қайдга олинмаган мигрант ишламоқда. Квоталарни ўн баробарга камайтирганингиз бирор кишига енгиллик келтиргани йўқ. Ҳақиқатга яқинроқ гапиринг! Москвада улар деярли нолегал ҳолатда истиқомат қилмоқда. Улар на бюджетга солиқ тўлайди, на ижтимоий ҳимояланган ва на назорат остига олинган. Мана нимага эришдингиз бу чораларингиз билан, деди Москва янги мэри Сергей Собянин.

Собянин фикрича, миграция соҳасида тартиб ўрнатилгандан кейингина меҳнат муҳожирларига бўлган квоталарни ошириш ёки камайтириш масаласини кўтариш зарур.

Аммо Россия Федерал Миграция хизмати (ФМХ) вакили Константин Полторанин Озодлик билан суҳбатда Москва мэри келтирган рақамларни ҳақиқатдан йироқ, деб баҳолади. Расмийнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида Москвага 1,5 миллион чет эл фуқароси кирган¸ аммо улардан 1 миллион 350 минги аллақачон шаҳарни тарк этган.

- Ҳозир миграция назорати маълумотларига кўра, Москвага кунига 317-345 минг чет эл фуқароси кириб келмоқда. Улардан 150 минги пойтахтда расман меҳнат қилади. Москва ҳукумати келтирган рақамларга Россиянинг Шимолий Кавказ минтақасидан келиб пойтахтда истиқомат қилаётганлар ҳам киритилган бўлиши мумкин, дея Москва мэри баёнотини инкор этишга уринди Федерал Миграция хизмати расмийси Константин Полторанин.

Федерал Миграция хизмати расмий маълумотларига кўра, Россия Федерациясида бугунги кунда 7 миллиондан зиёд чет эллик мавжуд, улардан 4 миллиони – меҳнат муҳожирларидир.

Лекин кузатувчилар Россия, хусусан Москвада меҳнат қилаётган ноқонуний муҳожирлар сонига оид рақамларни ишлаб чиқишда қатор омиллар ҳисобга олинмаётганини айтмоқда. Озодлик билан суҳбатда “Миграция ва Қонун” ахборот-таҳлилий марказ раҳбари Гавҳар Жўраева миграция соҳасидаги ҳозирги ҳолатда ҳақиқий рақамларни ҳеч ким билмаслигини таъкидлайди.

“Кимга ишониш керак: Собянингами ëхуд Миграция хизматига?”, деган саволга жавоб бера туриб Гавҳар Жўраева ноқонуний муҳожирлар сонига оид асл рақамларни ҳеч ким аниқ билмаслигини айтади.

- Ҳеч кимга. Чунки бу рақамлар бу масалага доир турли ёндашувлар ҳосиласидир. Москвада мигрантлар сони керагидан ортиқ эканини билиш учун ҳисоб-китобнинг кераги ҳам йўқ. Федерал миграция хизмати қайдда турган одамлар ҳақида маълумот бермоқда. Шунинг учун эътиборни рақамларни ҳисоблашдан кўра¸ масалани ҳал этишга қаратмоқ зарур. Айтмоқчиманки, миграция масаласини ҳал этиш нафақат Москва ёки федерал ҳукумат вазифаси- муаммоларни бартараф этишга Марказий Осиё расмийлари ҳам фаолроқ қўшилиши керак. Тожикистон ҳукумати бу масалага катта эътибор қаратади, Қирғизистон ҳам. Мана охирги пайтларда миграция масаласига Ўзбекистон расмийлари ҳам ўз эътиборини қарата бошлади. Асосий кўтариладиган масала - фуқароларнинг, меҳнат муҳожирларининг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси масаласи бўлиши керак, дейди Гавҳар Жўраева.

“Миграция ва Қонун” ахборот-таҳлилий маркази раҳбарига кўра, Москвада йиллаб қайддан ўтмасдан яшаётган мигрантлар мавжуд. Постсовет ҳудудлари¸ хусусан Ўзбекистон каби Марказий Осиë давлатларидан иш излаб Россияга йўл олганларнинг асосий қисми пойтахт Москвага келаётгани боис¸ ноқонуний миграция муаммоси бу ерда кучлироқ ҳис этилади, дея давом этади Гавҳар Жўраева.

- Биз сиз билан биламизки, мигрантларнинг асосий оқими Москвага йўналган. Собянин Москва бўйича келтирган рақамлари ҳақиқатга яқинроқ бўлиши мумкин, лекин Россия бўйлаб умуман бошқача ҳисоб-китоб олиб борилиши керак.

Муҳожирлар Москвага нафақат катта ойлик учун¸ балки Россияда шундан бошқа манзилни билишмагани учун кўпроқ келишмоқда. Мигрантлар яшайдиган жойларда уларни йўналтириб турувчи марказлар йўқлиги ҳам шундай вазиятни юзага келтирмоқда, дейди Москвада фаолият юрғизаëтган “Миграция ва Қонун” ахборот-таҳлилий марказ раҳбари Гавҳар Жўраева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG