Линклар

Эронда нацистлар ғоясини тарғиб қилувчи сайт фаолият юритмоқда


Форсий вебсайтда бу каби кўплаб суратларни кўриш мумкин.

Форсий вебсайтда бу каби кўплаб суратларни кўриш мумкин.

Немис фашистлари ғояларини тарғиб қилаëтган Irannazi.ir интернет сайтнинг ҳукумат берадиган домен¸ аниқроғи ҳукумат рухсати билан фаолият юритаётгани жамоатчилик диққатини ўзига тортмоқда.

Интернет тармоғидаги Irannazi.ir сайти 2- жаҳон уруши даврида фашистлар самолётларининг бомба ташлаётгани, ўнлаб немис танклари ва аскарларининг саф тортиб тургани каби оқ-қора фотосуратлар билан безалган. Форс тилидаги ушбу сайтда немис фашистлари йўлбошчиси Адольф Гитлер, фашистлар свастикаси ва бошқа суратлар бор.

Ўзини 2-жаҳон уруши ва 3-Рейх бўйича тадқиқот жамияти деб атаётган бу вебсайт Эрон ислом республикаси қонунлари доирасида рўйхатга олинган. Айни пайтда бу сайт ҳеч бир гуруҳ ёки шахсни, жумладан, “Гитлер ёки 2-жаҳон уруши давридаги бирор гуруҳни қўллаб-қувватламаслигини” билдирган. Бироқ мутахассислар сайтдаги айрим материаллар мазмуни нацистлар лидерини қўллаб-қувватлашини айтмоқда.

Озодликнинг Эрон бўйича таҳлилчиси Гулноз Исфандиёрий бу фикрга қўшилади. Унга кўра, Эронда шу пайтгача бундай сайт фаолият юритмаган.

- Мен шу пайтгача бундай сайтларга дуч келмаганман. Балки бундай сайтлар бўлгандир¸ аммо мен кўрмаганман. Агар бўлганида бу ҳақда хабарлар тарқалган бўларди. Менимча, бу нацистлар ғояларини тарғиб қилувчи биринчи сайт, дейди Гулноз Исфандиёрий.

Озодлик таҳлилчисига кўра, ҳозирда Irannazi.ir сайтининг 900 нафар муштарийси бор.

- Бу хабарлар бериб бориладиган сайт эмас. Унда Адольф Гитлер, 3- Рейх ва шу каби мавзулар ҳақида турли форумлар бор. Агар рўйхатдан ўтсангиз, турли форумларга мақолалар жўнатишингиз мумкин. Бу сайтда баёнотлар ҳам эълон қилинган. Мен айрим баёнотларни ўқишга муваффақ бўлдим. Аммо ҳозир бу сайт ўз манзилини ўзгартираётганини маълум қилди. Сайтга кўрсатилаётган босим туфайли шундай қилинаётган бўлиши мумкин. Аммо бу аниқ эмас, дейди Гулноз Исфандиёрий.

Ўтган ҳафтада машҳур Tabnak интернет сайти Irannazi.ir сайтини Эронда нацистлар ғояларини тарғиб қилиш ва уларни тарқатаётганликда айблади. Tabnak бу сайтнинг ҳукумат томонидан тафтиш қилинаётганини билдирди¸ аммо бир оз ўтиб сайтига кириш учун қўйилган тўсиқ олиб ташланди.

Исфандиёрийга кўра, Маданият вазирлиги Эронда нацистлар ғояларини тарғиб қилувчи сайтни расман тан олмаслигини айтган.

- Эрондаги интернет сайтига ёзган мақоламга муносабат билдирган Маданият вазирлиги Irannazi.ir сайтини расман тан олмаслигини билдирди, дейди Гулноз Исфандиёрий.

Айни пайтда Эрон ислом республикасида нацистлар ғояларини тарғиб қилувчи сайт фаолият юритаётганига муносабат билдирган таниқли имом Обидхон қори Назаров Ислом динида миллатчилик қораланишини таъкидлади.

- Исломда миллатчилик ëки ҳозирги ибора билан айтганда нацизм қораланади. Чунки ҳамма миллатларни Оллоҳ таолонинг ўзи яратган. “Бирор-бир миллат ëки халқнинг бошқасидан устун бўлишга ҳеч қандай ўрни йўқ, илло тақво билан” деб айтилган. Яъни Оллоҳ ҳузурида кимки тақволи бўлса, яъни Оллоҳдан кўпроқ қўрқса, ўша одам ëки ўша қавм Оллоҳга яқин бўлади. Мана бу ерда эътиборли нуқтаси шуки, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзлари араб миллатига мансуб бўлган бўлса ҳам, ҳеч қачон араб миллатини бошқа миллатдан устун қўймаганлар. Ва бу жуда ҳам инсоний ва жуда ҳам бир халқчил таълимот. Ислом динининг оламшумул эканлиги ҳам мана шунда кўринади.

Обидхон қори Назаров қайси қавм ёки миллат ўзини бошқалардан устун қўйса, унинг келажаги порлоқ бўлмаслигини сўзига қўшимча қилди.

- Қайсидир қавм ëки миллат ўзини бошқалардан устун қўяр экан, унинг таълимоти ëйилмайди ва ундай миллат ривожланмайди, тараққий топмайди ва обрў ҳам топмайди бошқа миллатлар, халқлар олдида. Қайтанга ўз имкониятларини чеклаб, ишлари, унинг тараққиëти ҳам орқага кетишдан бошқа нарсани кўрмайди¸ дейди Обидхон қори Назаров.
XS
SM
MD
LG