Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:35

Ўзбекистонда Каримовнинг сўнгги маърузаси муҳокама этилмоқда


12 ноябр куни Олий мажлис қўшма йиғинида икки соатдан ошиқ гапирган Ислом Каримов мамлакатдаги демократик жараëнларни янги босқичга кўтариш иддаоси билан қатор конституцион ўзгартишларни таклиф қилди ва ўз таклифини Ўзбекистоннинг мустақил деб эълон қилиниши билан баробар тарихий ҳодиса дея баҳолади. Айни кунларда¸ бу "тарихий маъруза" қимматига бутун Ўзбекистон бўйлаб баҳо берилмоқда.

“Президент отамиз жуда яхши гапларни гапирдику-я, бироқ улардан бирор наф бормикин”, деди Ислом Каримовнинг 12 ноябр куни Ўзбекистон Олий мажлиси қўшма йиғинида сўзлаган маърузасига муносабат билдирган ўзбекистонликлардан бири.

Бу гаплардан наф кўплигини халққа англатиш учун бўлса керак¸ президент маърузасидан сўнг, вилоят, туманлар ҳокимиятларида Каримов гапларини ёшлар онггига сингдириш тадбирлари бошланди.

Ўзбекистон ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги президентнинг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” маърузаси асосида махсус курслар ташкил қилиш ҳақида йиғилиш ҳам ўтказди.

Жойлардаги ҳокимиятлар ҳам маърузадаги гапларнинг ҳовури босилмай туриб¸ улар муҳокамасига бағишланган йиғинлар ўтказа бошлади. Масалан, Самарқанд вилоятининг Иштихон тумани ҳокимияти:

- Кеча ҳокимиятда йиғилиш қилиб, тўрт соат сессия видеосини қўйиб берган. Директорларни, бошқаларни чақирган. Менимча, яқинда программага киритса керак, дейди иштихонлик ўқитувчи Собиржон ака.

Унга кўра, Ислом Каримовнинг “Маънавият—енгилмас куч” деган асари мактаб программасига 17 соат қилиб киритилган. "Бироқ ўқувчиларнинг бу дарсларга умуман қизиқиши йўқ, чунки президент китобида ëзилганлар билан ташқаридаги ҳаёт бошқа-бошқа нарсалар"¸ дейди Собиржон ака.

- Энди бу нарса айтаяпманку, бу нарсага, болаларнинг кўпчилиги тушунмайди ҳам. Ўзимнинг дарсимда ҳам сўрайман, бошқа қиламан. Болаларнинг бу нарсаларни тушуниши қийин. Ҳаëт бошқа, у ердаги нарсалар бутунлай бўлакчаку. Масалан¸ Конституцияда “Бир киши икки мартадан ортиқ президент бўлиши мумкин эмас” деб ëзилган. Лекин мана кўраяпмизку, 20 йилдан бери битта одам президент, дейди самарқандлик мактаб ўқитувчиси Собиржон ака.

Бухоро вилоятидаги коллежлардан бирида ишлаётган Илҳомжон Жўраевнинг айтишича, ҳар бир дарсга ёзилган конспектда президент китобидан иқтибос келтирилиши шарт:

- Биз конспект ëзамизку, конспект ëзган пайтда¸ иккинчи план шу тўғрида. Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш¸ дейди. Ҳар конспект ëзганда мана шу иккинчи мавзу. Биринчиси тема бўлса, иккинчиси мана шу. Мисол учун¸ бугунги менинг дарсим санитария ëки гигиена бўлса, мана шу дарсга ранг бериб ўтиш керак. 90 минут дарснинг ранги мана шунақа бўлиши керакда, дейди бу ўқитувчи.

"Хўш, санитария-гигиена дарсига Ислом Каримов китобларининг қандай алоқаси бўлиши мумкин, дарсни қандай “ранглаш” мумкин",сўраймиз ўқитувчидан:

- У энди миллий қаҳрамонку. Бизни озодликка чиқарган, биз шуни тўлиқ қўллаймиз, биз якдилмиз, ҳаммамиз биргамиз. Шу кишининг гаплари гап. Тўлиқ қўллаймиз, отамиз, бундан кейин бунақа одам туғилмайди. Яна 1000 йилдан кейин ҳам мана шу кишининг номи давом қилаверади. Бизнинг ҳамма ютуқларимизниг бош сабабчиси мана шу киши деган гаплар айтиладида, дарсда, дейди Бухоро вилоятидаги коллежлардан бирида ўқитувчилик қилаётган Илҳомжон Жўраев аччиқ киноя билан.

Собиқ иттифоқ даврида ҳам, мустақиллик йилларида ҳам маҳаллий ҳокмият идораларида узоқ йиллар ишлаган самарқандлик Равшан Содиқовнинг айтишича, айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган бу ғоявий уринишлар коммунистик партия мафкурасининг давомидир:

- Эслатадида, собиқ иттифоқ даврини. Каримов коммунистик партиянинг тарбиясини олганда. Коммунистик партиянинг аъзоси бўлган, коммунистик партиянинг биринчи котиби бўлган. Ўша идеологияни давом эттираяптида. Ҳозирги идеологиянинг совет давридагидан фарқи йўқ. Ўша яккаҳокимлик, бир кишининг айтганларини бажариш, ҳаммаси совет давридан олинган идеология. Бу яхши гаплар Каримов президент бўлганидан бери айтиб келинаяпти, лекин амалда йўқда. Айтилган гаплар билан ҳаëтнинг ўртасида қандайдир масофа борда.

Дангал айтишим мумкин, ҳозирги идеология халқнинг онгига сингмаяпти. Ким билан гаплашсанг, “Эй¸ айтди қўйди” деган гап айтилади. Амалда бошқа нарсада. Ўша айтилган гаплар ҳаëтда бажарилмаяптида. Мафкура халқнинг онгига сингмаяпти. Халқ эътибор бермай қўйган. Ўша айтилаëтган гапларнинг ëлғонлигини билади халқ., дейди маҳаллий ҳокимият идораларида узоқ йиллар ишлаган самарқандлик Равшан Содиқов
XS
SM
MD
LG