Линклар

logo-print

Ҳеч кимга – Бишкеккаям, Тошкентгаям кераги бўлмай қолган ўшликларимнинг бир-бирини қўлидан келганича йўлаб турганини уларнинг ўзларига айтиб туриш зарурати бор. Мен айтмасам – ким айтади?!

Аввал мана бу хабарни ўқинг:

Жалолобод вилоят, Новкен тумани, Соқолди қишлоқ ҳукуматига қарашли Чек қишлоғида Ўзбекистондан кўчиб келган қирғизлар учун барпо этилаётган уйлар қурилиши якунига етмоқда.

Туман давлат маъмуриятидан олинган маълумотга қараганда, Чек қишлоғида яшаган 24 қирғиз оиласининг уйлари қўшни давлат билан чегара аниқланганда Ўзбекистон ҳудудида қолиб қолган.

Жорий йил ёзида Қирғизистон уларга уй қуриб олиш учун ер, ҳар бир оилага 200 минг қирғиз сўми миқдорида ссуда пули ажратди.

Бундан ташқари, халқаро донорлар 22 оилага 28 кв. метрли,
2 оилага 42 кв. метрли уй қуриб берди. Ҳар бир оилага 650 доллардан 950 долларгача пул берди. Ҳар оила озиқ-овқат, кўрпа-тўшак ҳамда чодирлар билан таъминланди.

Маҳаллий ҳокимият бу 24 қирғиз оиласининг янги уйларини электр қуввати билан таъминлаш учун 3,2 млн., йўл солиш учун 3,2 млн., ичимлик суви етказиб бериш учун 4,2 млн. қирғиз сўми сарфламоқчи.

Бу "АКИ-пресс - Фергана"нинг 23 ноябр кунги хабари эди.

Эътиборингизни халқаро ташкилотлар қуриб берган 28 ва 42 кв. метрли уйларга, улар сарфлаган пулларга қаратмоқчимасман.

Бу сарф-ҳаражатларнинг июн қирғини қурбонларига ажратилганини эслатмоқчимасман.

Майли, Раҳмоннинг берганини шайтон қизғанган бўлмасин.

Гап бошқа нарсада.

Энди мана бу хатга эътибор беринг - 21 ноябр куни Озодлик почтасига Камолбек Жўраев деган ўшлик ўзбекдан электрон хат келди.

"Ўшда яшар эдим. 4 фарзандим бор. Урушдан бери оилам билан ҳозиргача сарсон-саргардон бўлиб юрибмиз. Ўзбекистон чегарасини ёпиб, бизни киритмаганидан кейин Қозоғистонга бордик. Бу ерда турар-жой ва иш тополмай, кейин Россияга бордик. Лекин у ердаям мусофирчилик азобидан қийналдик. Қарз олиб, Ўзбекистонга самолёт билан учиб бордик. (Қирғизистон гражданларини Ўзбекистонга фақат самолётда келса киритар экан) Регистрацияга турдик.
60 кун текшир-текширлардан чарчадик. 60 кун ҳам ўтди. Чиқиб кетишга мажбур бўлдик. Ўзбекистонга яна бориш учун самолётга аёлим ва 4 боламга камида 800 доллар керак экан. Кирим йўқлиги учун қачонгача учиб юрамиз, деб Қозоғистонда турибмиз. Ўшга борайлик десак, у ердаги ишлардан хабарингиз бор. Хуллас, ҳеч қаерга сиғмай қолдик. Болаларим миллатчилик йўқ жойда тинч яшашини хоҳлайман. Илтимос, маслаҳат беринг, қайси давлат ўшликларни қабул қилиши мумкин?"

Жавоб бермадим Камолбекка. Камолбекка ўхшаган бошқа ўшликларгаям жавоб бермадим. Чунки билмайман, нима деб жавоб беришни.

Ўшдаги бир қариндошим ўтган ҳафтада Андижонга қиз берди.

Қуда томон келгани йўқ Ўшга. Қизнинг отаси ўзи ис чиқариб қўйди - маҳалласига ош берди. Бўлди: тўй - шу.

Эртаси куни хотинию сингилларига қўшиб қизини – келинчакни Бишкекка учирди.

Бишкекдан Тошкентга учишди.

Тошкентдан - Андижонга.

Демакки, дунёни айланиб яна Ўшнинг биқинига қайтиб келишди.

Ўш билан Андижон ораси 45 км. Совет даврида ҳар
20 минутда биттадан автобус қатнаб, бир кишини 1 рубл 14 копейкага Ўшдан Анжанга обориб ташларди.

Ҳозир эса бир кишининг Ўшдан Андижонга бориши қарийб 300 долларга тушаяпти. Келинчагу қолар Анжанда, онаси билан аммачалари яна 300 дан сарфлаб қайтишади.

Тўғри, чегарани бузиб ўтиш ҳам мумкин. Шунда Анжанга ўтволиш анча арзонга тушади. Лекин кўз юмиб туриши эвазига йўл бошловчилардан "доля"сини олган чегарачи чегара бузувчини отиб ташлаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолар экан.

Улгурсангиз маррадасиз. Улгурмасангиз тобутда.

Бироқ бу рискни онаси билан аммачалари қилсаям, келинчак қилолмайди. У Андижонда қолиши учун қонуний кириши керак "келажаги буюк юрт"га.

АКИ-пресс хабари билан ўшлик Камолбек Жўраевнинг хатини битта жойда эслаб, иккаласини бир-бирига қиёслагим келди бугун.

Ўшликнинг пули, мана 6 ойдирки, Тошкентнинг йўлларида, Қозоғистон даштларида, Россиянинг беҳисоб шаҳар-қишлоқларида бесамар сочилаётганини айтгим келди бугун.

Тошкентнинг тушунарсиз геопАлиДикасини тушунишга урингим келди бугун.

Қирғизистонлик ўзбекнинг 6 ойдан бери нафақат пули, балки асаблариям қақшаб тугаёзаётгани ҳақида ҳайқиргим келди бугун.

Эртага пули ва асаби тугаган бу халқ мутлақо назорат қилиб бўлмай қоладиган ёввойи кучга айланиб кетиш хавфи кундан кунга кучайиб бораётгани тўғрисида ҳайқиргим келди бугун.

“Миллат олдида масъулият борми?” деб бировлардан сўрагим келди бугун.

“Уят борми?” деб бошқалардан сўрагим келди бугун.

Кеча 17 кишини бир умрга қамадилар.

Ўшда Ўнадирда ўлдирилган қирғиз йигити учун ўзбекларни судлашаяпти.

"Фақат ўзбеклар яшайдиган Ўн адирга ўша қирғиз йигит б.қ егани борган эканми уруш кунлари, Ўн адирда тириклайин ёқиб юборилган ўзбеклар учун нега ҳеч кимни судлашмаяпти? Балки уларни ўша йигит ёққандир?" деб кимдан сўрашни билмаслигимни айтгим келди.

Судловлар бундай бир ёқлама бўлиши Тошкентнинг лоқайдлигидан ҳамдир, дегим келди.

Лекин...

Лекин қиёсламайман, айтмайман, демайман, сўрамайман, ҳайқирмайман, тушунишга уринмайман, и вообще, ўйламайман.

Бўлди. Чарчадим. Хафсалам совиди. Кўнглим қолди.

Гапир-гапирма – бефойда экан.

Журналистикасидан кўнглим совиди.

Нима менга? Ўғил-қизни катта қипқўйдим. Худодан жон қарзимни айтмасам, бандасига берасам йўқ.

Кунлик пайпоғимни тоза, кўйлагимни оҳорли кийиш учун бошқа иш қилсам ҳам бўловрар?

В конце концов, ўғил-қизни нима учун ўстирдим?! Боқсин-да!

Яқиндан бери кайфиятим шундай.

Лекин барибир ўтирибман иш жойимда.

Ҳар куни келаяпман ишга.

Ҳар куни кетаяпман ишдан.

Демак, зарурат бор шунга.

Ҳеч кимга – Бишкеккаям, Тошкентгаям кераги бўлмай қолган ҳамшаҳарларимнинг бир-бирини қўлидан келганича йўлаб турганини уларнинг ўзларига айтиб туриш зарурати бор. Мен айтмасам – ким айтади?!

Ҳозир Прагада ярим тун. Ўшда тонг отай, деб қолди.

Тонг отса, ўқ теккан оёғи гангрена бўлиб кетган бир ўшлик йигитни Россияга учиришади.

Йигитни радиомиз тингловчиларидан бири берган аравачада аэропортга олиб боришади.

Йигитга самолёт билетини радиомиз тингловчилари Ўшга юборган эҳсон пулга сотиб олишди.

Йигитни ўшлик хотинлар - оддий уй бекалари аэропортга олиб бориб қўяди – тингловчиларимиздан бораётган пулларни муҳтожларга ўшалар тақсимлаяпти.

"Ўзинг учун ўл етим"нинг машъум маъносини авваллари шу кунлардагидай тушунмаган эканман.

Етим қолган ўшликлар...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG