Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:05

Душанбе ШҲТ саммитига мезбонлик қилмоқда


Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 25 ноябр куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг саммити бошланди. Унда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ботир Хўжаев иштирок этмоқда.

Душанбеда ўтаётган сиёсий тадбирга Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева, Қозоғистон бош вазири Карим Масимов, Россия бош вазири Владимир Путин ва Хитой давлат кенгаши раиси Вэн Цзябао ҳам ташриф буюрганлар.

Шунингдек, мазкур йиғинда ШҲТда кузатувчи мақомига эга бўлган давлатлар вакиллари - Эрон президенти муовини Муҳаммад Ризо Раҳимий, Покистон бош вазири Ризо Ғилоний, Ҳиндистон ва Мўғулистон ташқи ишлар вазирлари Принит Кор ва Гомбожала Зандамшатар ҳам қатнашмоқдалар.

ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган бир кунлик саммитида ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудларидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш, террорчилик, диний экстримизм ва айирмачиликка, наркотик моддалар ҳамда қурол-аслаҳа контрабандасига қарши биргаликда кураш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари, шунинг билан бирга, Афғонистондаги вазият муҳокама қилинди.

Анжуманда иштирок этган Россия бош вазири Владимир Путин наркотиклар ноқонуний савдосига қарши биргаликда курашнинг янги механизмини тезроқ ишлаб чиқариш таклифини кўндаланг қилиб қўйди.

- ШҲТ ҳудудидаги вазиятнинг шиддатли тус олиб бораётгани ва хусусан, Афғонистондаги вазият биздан хавфсизлик масалаларида мудом жиддий бўлишимизни талаб қилади, айниқса, террорчиликка ва наркотик моддалар ноқонуний савдосига қарши кураш борасида, - деди Россия бош вазири Путин.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги юк транзити муаммоси ҳам ШҲТга аъзо давлатлар бош вазирлари саммитининг асосий мавзуига айланди.

Ўтган бир йил давомида ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик натижалари муҳокама қилинар экан, Тожикистон бош вазири Оқил Оқилов юк вагонлари транзити билан боғлиқ муаммоларга ишора қилди.

- ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш доирасида темир йўллар транзити билан боғлиқ ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама кўриб чиқиш вақти етди. Чунки бу йўналишда ечимини кутиб турган қатор муаммолар йиғилиб қолган. Аъзо давлатлар манфаатлари йўлида мавжуд транзит имкониятларидан унумли фойдаланиш, транспорт инфраструктурасини такомиллаштириш транспорт соҳасида туғилаётган янги муаммоларни бартараф қилибгина қолмай, балки божхона соҳасидаги ҳамкорлигимизни ҳам мустаҳкамлайди, - дея таъкидлади тожик расмийси Оқил Оқилов.

Гарчи Тожикистон бош вазири бу ерда Ўзбекистонни тилга олмаган эса-да, шундай ҳам гап Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги юк вагонлари транзити муаммолари ҳақида экани барчага кундек ойдин эди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил ўрталарида Оқил Оқилов БМТга расман мурожаат қилиб, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги юк транзити муаммосини ҳал қилиб беришни сўраган эди.

Душанбеда ўтган ШҲТ саммитида Эрон президенти муовини Муҳаммад Ризо Раҳимий ШҲТга аъзо давлатларнинг кечган йил июнида Тошкент саммитида аъзо давлатлар ўртасида транспорт ва коммуникация, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасида қабул қилинган ҳужжатлар амалдагисига зид эканидан ташвиш билдирди.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ботир Хўжаев ўз давлати ШҲТ доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятларни вақтида бажараётганини таъкидлади.

- Ўзбекистон мамлакат ичкариси ва трансчегаравий аҳамиятга молик автомобил, темир йўл ва ҳаво коммуникациясини ривожлантириш тарафдори бўлиб қолади. 2011 йилда эса Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон, у томони Хитой билан боғловчи халқаро автомобил йўли қурилишидаги ўз улушини қуриб битиради. Бу, ўз навбатида, ШҲТ транзит потенциалидан тўла фойдаланиш имконини беради, - деди Ўзбекистон ҳукумати расмийси Хўжаев.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йил 15 июнида таъсис этилган бўлиб, унга Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Хитой, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатлари киради. Ҳиндистон, Эрон, Мўғулистон ва Покистон эса мазкур ташкилотда кузатувчи мақомига эга.
XS
SM
MD
LG