Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:49

Ўшлик ярадор миллатдош Красноярскка учди


Ўш қирғини чоғида ўқотар қуролдан ярадор бўлган кишиларнинг аниқ ҳисобини ҳеч ким билмайди.
Ўш қирғини чоғида ўқотар қуролдан ярадор бўлган кишиларнинг аниқ ҳисобини ҳеч ким билмайди.

25 ноябр куни шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлган ўшлик ўзбек йигитларидан бири Россиянинг Красноярск шаҳридаги шифохонага тиббий амалиёт ўтказилиши учун жўнатилди. Бу йигитга учоқ чиптаси Озодлик радиоси тингловчилари томонидан жўнатилган эҳсон ҳисобига сотиб олинди.

Озодлик радиоси тингловчилари томонидан Ўшга юборилган эҳсонларни тарқатиш билан шуғулланаётган ташаббус гуруҳи аъзоси Ҳафиза Маҳмудованинг айтишича, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлган ўшликлардан бири Россиянинг Красноярск шаҳрига жўнатилди. Ўш қирғини кунлари оёғидан ўқ еган бу йигитни Ўш аэропортига БМТ ва Қизил хоч ташкилоти вакиллари кузатиб бордилар.

- Ўзга юртлардаги миллатдошларимиздан келган эҳсон ҳисобига июн воқеаларида жабр кўрган яна бир йигитимизга учоқ чиптаси сотиб олдик ва уни ҳозиргина Красноярскка кузаттик. Уни аэропортгача БМТ ва Қизил хоч ташкилоти вакиллари ёрдамида кузатиб бордик. Унинг оёғи гангрена бўлиб кетган, шошилинч равишда операция қилиш керак. Шунинг учун уни Россияга жўнатишга тўғри келди. Красноярскда уни миллатдошларимиз кутиб олишади, касалхонага жойлаштиришади. Биз улар билан телефон орқали боғланганимизда, миллатдошларимиз қўлларидан келган ёрдамни кўрсатишларини билдирдилар, - деди Ҳафиза Маҳмудова.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Озодлик тингловчиларидан келган ёрдам пули ҳисобидан бемор йигитга 400 долларга учоқ чиптаси сотиб олинган. Бу йигитни даволаниши учун эса маблағни Красноярскдаги миллатдошларимиз ва беморнинг яқинлари йиғиб берадиган бўлишган.

Ҳафиза Маҳмудова Озодлик тингловчилари жўнатган эҳсон ҳисобидан Ўшдаги 50 оилага ёрдам берилганини айтди. Унга кўра, айни пайтда Ўшда шошилинч ва малакали тиббий ёрдамга муҳтож ўнлаб одамлар бор.

- Ҳозирги кунда 50 оилага ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, бугунги кунда яна 15 та одам шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож. Уларни ҳам Россияга даволаниш учун жўнатиш керак, - дейди Ҳафиза Маҳмудова.

Бундан аввал ташаббус гуруҳи вакили Салима опа 19 ноябр куни Озодлик радиосига ҳисоб берар экан, тингловчиларимиздан ўшликлар ҳисобига 3600 доллар маблағ келгани ва бу маблағ 42 оилага бўлиб берилгани ҳақида гапирган эди.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатулло Раҳматуллаев ҳам Ўшга Озодлик тингловчилари юбораётган эҳсонни тарқатишга кўмаклашаётган ташаббус гуруҳи аъзоларидан бири. Унинг айтишича, шу кунларда ўзга юртлардаги миллатдошларимиз томонидан ўшликларга деярли ёрдам пули келмай қўйди. Ҳолбуки, шошилинч ёрдамга муҳтож миллатдошларимиз сони ҳали ҳам кўп.

Иззатулло Раҳматуллаевнинг айтишича, ўшликларга эҳсон сифатида жўнатилаётган ҳар бир тийин жамоатчиликнинг қаттиқ назорати остида. Шунинг учун ҳам ўзга юртдаги миллатдошларимиз ўзлари жўнатаётган эҳсон айнан мана шу ёрдамга муҳтож одамлар учун сарфланаётганидан шубҳаланмаса ҳам бўладилар.

- Қанча пул қаердан келди ва кимга берилди - бу ҳақда молиявий ҳужжатларимиз бор. Ҳар битта ёрдам кўрсатилган одамнинг учоқ билети ксерокопия қилинаяпти, ёрдам берилган шахслар тилхат ёзиб беришаяпти. Шу кунгача ўзга юртлардаги элликка яқин миллатдошимиз Ўшга эҳсон жўнатди. Бу эҳсон оғир касалларгагина берилди. “Оч қолдим, ялонғоч қолдим” деганларга эҳсон миқдори оз бўлгани учун ёрдам бера олмаяпмиз, -дейди Иззаттуло Раҳматуллаев.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, айни пайтда Ўшдаги касалхоналар ўз маромида ишлаяпти. Бироқ июн воқеаларида ўқотар қуроллардан яраланган ўшлик ўзбекларнинг аксарияти касалхоналарга мурожаат қилишдан чўчимоқда.

- Бунинг сабаби шундаки, тўполон кунлари касалхоналарга олиб келинганларга нисбатан қўпол муомалада бўлинган. Иккинчидан, ўқотар қуролдан яраланган одам касалхонага келса, бу ҳақда милицияга хабар қилинади. Ундан кейин милиционерлар уни сарсон қилишади. Кўпчилик шундан қўрқиб, касалхонага бормаяпти.

Шу ўринда айтиш керак, ҳукумат июн воқеларида жабрланганлар учун касалхона ва поликлиникаларда дори-дармонларни бепул берилишини йўлга қўйган. Шунга қарамай, одамлар шифокорларга мурожаат қилишдан кўрқишаяпти, - дейди Иззатулло Раҳматуллаев.

Ўш қирғинида жабрланган миллатдошларимизга ёрдам кўрсатмоқчи бўлган инсонлар ўз ҳайрияларини қуйидаги ҳисоб рақамига жўнатишлари мумкин:

DEMIR Kyrgyz international Bank

IZZATILLA RAKHMATILLAEV 62561
KGS Acc : 1180000027957832
USD Acc : 1180000027957630
BIC:118002. SWIFT:DEMIKG22

Иззатулла Раҳматуллаев билан боғланмоқчи бўлган миллатдошлар учун ҳуқуқ фаолининг телефон рақами: +996 772 666 263¸ электрон почта манзили эса: zakon_poryadok@inbox.ru

Жабрдийдаларга оғир кунда ёрдам қўлини чўзганлардан Оллоҳ рози бўлсин!
XS
SM
MD
LG