Линклар

Шимолий Корея расмийлари АҚШ-Жанубий Корея қўшма ҳарбий амалиётларининг режалаштирилаётгани Корея ярим оролини уруш ёқасига олиб келмоқда, дея баён қилди.

Қўшма машқларда иштирок этиш учун АҚШнинг самолёт ташувчи ядровий кемаси етакчилигидаги ҳарбий флот Сариқ денгизга йўл олди. Ҳарбий машқларнинг якшанба куни бошланиши режаланган.

Сешанба куни Шимолий Корея Ёнпхондо оролини артиллериядан ўққа тутгани оқибатида икки жанубий-кореялик фуқаро ва икки аскар ҳалок бўлди.

Бугун ҳам орол яқинида артиллерия ўқлари овози эшитлди. Жанубий Корея расмийлари Шимолий Корея ўз ҳудудида ҳарбий машқлар ўтказаётган бўлиши мумкин, дея маълум қилди.

Артиллерия овозлари Жанубий Кореядаги АҚШ қўшинлари қўмондони генерал Уолтер Шарп Сеул билан бирдамлик рамзи ўлароқ Ёнпхондо оролига сафар қилганидан кейин эшитилди.

- Менга берилган ҳисоботлар ва ўз кўзим билан кўрган вазиятга қараганда Шимолий Корея бу оролга ҳужум уюштиргани аниқ, бу эса, шубҳасиз, сулҳ келишувининг бузилишидир, деди АҚШ генерали.

Айни пайтда, Жанубий Корея сешанба кунги воқеадан кейин истеъфога чиққан мудофаа вазири ўрнига генерал Ким Куан-жинни вазир этиб тайинлади.

Сешанба кунги можаро икки Корея ўртасида 1953 йилги урушдан бери юз берган энг жиддий тўқнашув бўлди.
XS
SM
MD
LG