Линклар

logo-print

26 ноябр куни Бишкекнинг турли миллатлар аралаш яшайдиган маҳалласида икки қўшни ўзбек қуда тутинди. Бу тўйни ҳам Қирғизистон пойтахтидаги аксар ўзбекона тўйларга миллий руҳ ва кайфият бериб келаëтган Йўлбарсбек Султонов оилавий гуруҳи карнай-сурнай наволарига тўлдирди.

Йўлбарсбек ака тушликдан кечга қадар куёв ва келин уйи орасида бўзчининг мокисидек қатнайди. Дастлаб куёвнинг уйида ўғиллари билан карнай, ноғора, доирани "сайратади". Кейин эса куёвни олиб, келиннинг уйига отланади.

- Куёв боланинг дўстларига қараб, қайси мусиқага ўйнайдиган бўлса¸ шуни чалиб берамиз. Масалан, Дучева деган мусиқамиз бор. Шунга яхши ўйнашади. ”Андижон полькаси” бор, уни чалиб берамиз. "Дилхирож"имиз бор, чалиб берамиз. Қайсинисига ўйнаса, шуни чалиб бераверамиз. 20-25 йилда тўй бир бўлади. Шунга биз хурсандчиликка хурсандчилик қўшишга ҳаракат қиламиз, дейди Йўлбарсбек ака.



Йўлбарсбек ака Султонов асли Жалолободнинг Бозорқўрғонидан¸ аммо бир неча йилдан буён Бишкекда яшайди.

- Ёшлигимизда бир устозимиз бўлар эди, ўтиб кетган раҳматли Мўминжон Мирзараҳимов. Шу инсон бизни санъатга еталаган. Ёшлигимизда ашула дарсидан кирар эди. Арча байрамларида тайёрланиб, мен қўшиқ айтар эдим. ”Доира чалсанглар, биринчи ўринни синфларинг билан оласизлар” деганида, мен доира ўрганиб, 4 синфда доирани ўрганиб, арча байрамида чалиб, доирачи бўлиб кетганман. Кейин қизиқиб катта бўлганимда карнайни ўргандим. Ашула айтишни ўргандим, катта ҳофизлар билан юриб ўрганганман. Доирачилик қилиб раҳматли Охунжон Мадалиев билан бирга юрдик.

Ноғора, доира чаламиз, табла деган турк мусиқий асбоби бор, уни чаламиз. Озарбайжон довулимиз бор, уни чаламиз. Ҳамма асбобларни мени ўзим чалиб биламан. Оиламиз билан, дўст оғайниларимиз билан агар каттароқ тўй бўлиб қолса, тўртта карнай, учта карнай қилиб, доирачиларни кўпайтириб чиқамиз, дейди Йўлбарсбек ака.

Ўзбек тўйларидан ташқари Йўлбарсбек ака ўз “Орзу” гуруҳи билан уйғур, қирғиз, турк, чечен тўйларига ҳам таклиф олиб туради.

-Ўйнаётганимизда ёқтириб қолса¸ ўрисларга ҳам борамиз. Туркларга борамиз, ҳамма миллатга борамиз, дея гапиради у.

Бугун Йўлбарсбек аканинг ёнида икки улғайган ўғли карнай ва доира чалади. 7 ёшли кенжаси Иброҳимбек ноғора чалишни ўрганмоқда. Йўлбарсбек ака ўғлини Тошкентдаги мусиқий мактабда ўқитиш ниятида.

Айни пайтда Бишкекдаги тўйларга тошкентлик карнайчилар ҳам таклиф этилиб турилади. Йўлбарсбек акага кўра¸ уларнинг карнай-сурнай чалиши ўзгачароқ.

- Бизга қараганда¸ Тошкентдан келган карнай-сурнай гуруҳларининг санъати кучлироқ, дейди ҳавас билан Йўлбарсбек ака.

Бишкекдаги ўзбекларнинг аксарияти миллий урф-одатларни Ўзбекистондаги ўзбеклар каби яхши билмайди. Шу боисдан Йўлбарс ака нафақат оилавий гуруҳи билан тўй овозини яратади, балки куёвларга тўй урф-одатини ҳам ўргатади.

Бугунги кунда Бишкекдаги Ўзбек маданий маркази таркибида тузилган “Орзу” гуруҳи нафақат пойтахт тўйларида, балки ўзбеклар жипс яшайдиган Тўқмоқ шаҳридаги тўйларни ҳам обод қилиб туради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG