Линклар

Бишкекда коалицион ҳукумат тузиш уринишлари бесамар қолмоқда


2 декабрга қадар коалицион ҳукумат тузилмаса¸ президент бу ишни ата мекенчиларга топшириши мумкин.

2 декабрга қадар коалицион ҳукумат тузилмаса¸ президент бу ишни ата мекенчиларга топшириши мумкин.

Қирғизистон парламентида коалиция ташкил қилиш муддати 2 декабр куни якунланади. Президент коалиция ташкил қилишни Социал-демократлар партияси фракциясига топширган. Аммо мазкур партия парламентдаги қолган тўрт фракция билан ҳозиргача тил топиша олгани йўқ.


Қирғиз жамоатчилиги социал демократларнинг “Республика” ва “Ата мекен” партиялари билан коалиция тузишини кутаётган эди. Бироқ узоқ давом этган музокаралардан сўнг ҳам бу коалициянинг тузилиши даргумон бўлиб турибди. Социал демократларга кўра, “Ата мекен” партияси аксар масалаларда “Республика” партияси нуқтаи-назари билан келиша олмаëтгани боис мана шундай вазият юзага келган.

Аммо таҳлилчиларга кўра, “Ата мекен” фракциясининг парламент коалициясига киритилишига Кремл расмийлари руйхуш бермаётир. Зотан янги Конституцияга мувофиқ Қирғизистон парламент республикасидир. Агар “Ата мекен” парламент коалициясига киритилса, унда мазкур партия раҳбари Ўмурбек Текебоев спикерлик курсисини эгаллаши мумкин. Кремл эса ғарбпараст сиёсатчи Ўмурбек Текебоевнинг парламент раиси бўлишидан манфаатдор эмас. Буни¸ кузатувчиларга кўра¸ Қирғизистон парламентига сайлов арафасида Россия телеканалларида Ўмурбек Текабоевни қоралаш жараёни олиб борилганидан ҳам билса бўлади.

“Ата мекен” партияси билан келиша олмаган социал-демократлар коалицияга қўшилиш таклифи билан Феликс Қулов раҳбарлигидаги “Ар-намис” фракциясига мурожаат қилишди. Бироқ бу партия ҳам социал-демократлар таклифини рад этди.

- Социал-демократлар бизга спикерлик лавозимини таклиф қилишди. Аммо Феликс Қулов спикер бўлмаслиги кераклигини шарт қилиб қўйишди. Феликс Қуловга эса Бош прокурорлик ёки Миллий Банк раиси лавозимини таклиф қилишди. Биз Қирғизистоннинг барча вилоятларида партия йиғилишларини ўтказиб, бу таклифни муҳокама қилдик. Партиядошларимиз социал-демократлар таклифини рад этишди, деди “Ар - намис” партияси раиси Эмил Алиев.

Кузатувчилар “Ар -намис” партиясининг коалициядан бош тортганига Феликс Қулов ва социал-демократлар раҳбари Алмаз Атамбаевнинг шахсий муносабатларидаги мураккабликлар ҳам сабаб бўлганини эътироф этадилар. Жумладан¸ кўпчилик Алмаз Атамбаевнинг 2007 йилда Бош вазир лавозимида ишлаб турган пайтида Феликс Қулов шаънига ҳақоратли сўзлар айтганини яшхи эслайди.

Айни пайтда социал-демократларнинг коалиция тузиш имконияти торайиб бормоқда. Социал -демократлар энди бу таклифни миллатчилардан иборат бўлган “Ата журт” фракциясига киритиши мумкин¸ холос.

- Бизда коалиция ташкил этишнинг турли вариантлари мавжуд. Биз бу борадаги ҳаракатимизни давом эттираверамиз. Айни пайтда “Ата журт” билан коалиция тузиш варианти кўрилмоқда. Лекин социал - демкоратларнинг “Республика” ва “Ата мекен” партиялари билан коалиция ташкил этиши барча учун энг мақбул вариант бўлар эди, деди социал - демократлар партияси расмийси Фарид Ниёзов.

Бироқ президентлик бошқаруви тарафдори бўлган ва асосан собиқ бакиевчилардан иборат миллатчилик руҳидаги “Ата журт” партияси ҳам ҳукуматдаги асосий ўринларга даъвогарлик қилаётган социал-демократлар таклифини рад қилиши мумкин. Иккинчидан эса, президент Роза Ўтунбаеванинг бу коалиция ташкил этилишига норозилик билдириши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

- Президент бунга қаршилик қилиши мукин. Шунинг учун Атамбаевнинг “Ата мекен” ва “Республика” партиялари билан муроса қилишдан бошқа иложи қолмайди, деган фикрда сиёсатшунос Марат Қозоқбоев.

Бу сиёсатшуноснинг айтишича, агар социал-демократлар 2 декабргача берилган муҳлат ичида коалиция туза олмаса, унда бу ҳуқуқ парламентда озчилик ўринни эгаллаган “Ата мекен” партиясига берилади. Бироқ бу ҳолатда ҳам қолган партиялар спикерлик ўрнига даъвогарлик қилаётган “Ата мекен” партияси раҳбари Ўмурбек Текебоев билан тил топиша олмаслиги мумкин. Бундай вазият эса Қирғизистонда қайта парламент сайловлари ўтказилишига сабаб бўлиши мумкин.

Қирғизистон Конституциясига мувофиқ¸ мамлакат ҳукуматини парламентда кўпчиликни эгаллаган партия шакллантиради. Агар бирон бир партия парламентдаги кўпчилик ўринни эгаллай олмаса, унда фракциялар коалиция тузишлари шарт бўлади ва коалицион ҳукумат ташкил этилади.

Қирғизистон парламентига ўтказилган сайловда ғолиб бўлган 5 партиядан бирортаси ҳам кўпчилик депутатлик ўринларига эга бўлолмаган. Бу беш партия сайловчиларнинг 40 фоизга етмаган овозини олган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG