Линклар

Amnesty International ташкилоти Жаслиқ қамоқхонасидаги вазият бўйича ўз хавотирини билдириб, у ерда мунтазам тус олган қийноқларни тўхтатиш учун Ўзбекистон ҳукуматига халқаро босимни кучайтириш лозимлигини таъкидлади. Қарийб 20 кунлик кутишдан сўнг ўз яқинларини кўришга муваффақ бўлганларнинг айтишича¸ Жаслиқдаги қийноқлар кун сайин авжга чиқмоқда.


Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Майси Вейшердингнинг Озодликка айтишича, ўз ташкилоти Жаслиқдаги аянчли вазиятдан хабардор бўлиб, маҳбусларга нисбатан шафқатсиз қийноқларни тўхтатиш шартлигини билдиради.

- Ҳозирда Жаслиқда содир этилаётган ҳолат бизни жуда ҳам ташвишлантирмоқда. Биз анчадан буён у ердаги вазият бўйича хавотиримизни билдириб келмоқдамиз. Жаслиқдаги диний ва сиëсий маҳбусларга нисбатан қўпол муносабатлар, айниқса, қийноқлар мунтазам кўриниш касб етган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига ҳам Жаслиқдаги бу каби ҳолатлар маълум. Биз ҳар йил Жаслиқдаги аянчли ҳолат борасида бир неча бор халқаро миқёсда маълум қиламиз. У ердаги қийноқларни тўхтатиш талаби билан чиқилмоқда. Бироқ ҳозирда бирор-бир натижа бўлмаяпти.

Бизнингча, муаммони бартараф этиш учун Ўзбекистон ҳукуматига халқаро босимни кучайтириш зарур. Европа иттифоқи каби халқаро ташкилотлар, АҚШ, Германия сингари давлатлар Ўзбекистонга нисбатан қийноқларни тўхтатиш талаби билан чиқишлари керак. Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари борасида ўз мажбуриятлари бор. Бу мажбуриятларни улар бажаришга мажбур. Жаслиқдаги қийноқни тўхтатиш вақти етди, дейди Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Майси Вейшердинг.

25 ноябр куни Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ҳам Ўзбекистон ҳукуматини Жаслиқдаги вазият бўйича қаътий текширув ўтказиш ва қамоқхонадаги яқинлари билан учраша олмаётган аёлларга ўз қариндошлари билан кўришиш имконини беришга чақирган эди.

Халқаро ташкилотларнинг бундай чақириқларига қарамай¸ 26 ноябр куни диний мотивлар билан қамалган укаси Алижон Ҳалимов билан учрашиб чиққан Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи Дилором Мирзаевага кўра¸ Жаслиқдаги зулм ва бедодлик авжга чиқмода.

2000 йилда Ҳизбут-Таҳрир диний оқимига алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинган ва 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган Алижон Ҳалимов 2005 йилдан буён Жаслиқ қамоқхонасида сақланади.

Укаси билан учрашиб чиққан Дилором Мирзаева 19 ноябрда маҳбусларга қийноқ қўлланилгани ва очлик эълон қилган маҳбуслар ҳақида қўшимча маълумотларни Озодликка маълум қилди.

Дилором Мирзаеванинг укаси Алижон Ҳалимов ҳам 19 ноябр куни очлик эълон қилган маҳбуслар орасида бўлган.

Дилором Мирзаеванинг укасидан олган маълумотларига таянган ҳолда айтишича, 19 ноябр кунги қийноқлар натижасида бир маҳбус оламдан ўтган.

- 24 ноябр куни соат 1 ларда кирдик. Бугун чиқдим. Икки сутка берди. Ичкаридаги муҳит жуда оғир. Болаларни шунақа зулмлашаяпти. 19 ноябр куни 5-отрядда прогулкада юрган болаларни “Нега уч киши юрибсан?” деб, Камолов Адҳам деган СНБнинг одами экан, болаларни олиб кириб дўппослаган. Ëнидаги 159-модда билан қамалган биродарлари “Нимага шунча зулм қиласан? Нима ҳаққинг бор?” деб бош кўтарса, 14та болани ўладиган қилиб зулмлаб, қўлларини синдириб, изоляторга ташлабди.

Озодлик: Ҳозир жазо изоляторида 14та йигит борми?

- 14та йигитдан биттасини шаҳид қилиб чиқариб юборишди. 13таси қолган бешинчи отрядда.

Озодлик: Бу одам 19 ноябр кунги қийноқ натижасида ўлганми?

- Ҳа. 19 ноябр куни битта шаҳид чиққан. Лекин ҳозир ҳеч ким билмаяпти қайси шаҳид. Кейин болалар ичкарида зулмга чидай олмасдан очлик эълон қилишибди душанба куни эрталабдан якшанба куни обедгача. Кейин СНБлар, лохмачлар кириб, буларга дўқ-пўписа қилган. Қип-яланғоч қилиб олиб чиқиб урадиган бўлишган. Урадиган бўлгандан булар “Тўртта шарт қўямиз. Ўшани бажарсанг, нима қилсанг қилавер” деб болалар қатъиятлик билан туришибди. Улар учта шартини бажаришгандан кейин бозор куни обедга овқатлангани чиқишибди.

Озодлик: Нима шарт экан булар?

- Азобламайсан, бундан бу ëғига бўлар-бўлмасга зулм қилмайсан.

Озодлик: Нечта одам очлик эълон қилган?

- 5- отряднинг 14тасини олиб чиқиб кетган бўлса, қолган болалар.

Озодлик: Бу тахминан қанча бўлиши мумкин?

- Ўзи битта отряддаги 40дан ошиқроқ намозхон болаларнинг 14 тасини олиб чиқиб кетиб изоляторга ташлаган. 30 та бола очлик эълон қилган. 19 ноябр куни бўлган воқеанинг устида менинг укам Ҳалимов Алижон бўлган. Эсингизда бўлса, мен сиз билан ўтган йил гаплашганимда, “Бошини ëриб юборибди. Изоляторда ëтибди, қидириб топа олмадик. Олти ойдан кейин топдик” деган эдим.

Озодлик: Укангизнинг аҳволи қандай?

- Аҳволи чатоқ. Озғин. Соғлиғи умуман йўқ. Калласига еган зарблар нервларига таъсир қилган. Асаблари чарчаган. “Бу ердаги зулмларга, қийноқларга чидашнинг иложи йўқ. Чегара тугади” деб ким бўлса мана ҳаммадан розичилигини сўраяпти. “Бизни шунақа азоблашаяптики, бизни тирик чиқариш нияти йўқ. Бизга бундан ортиқ зулм қилишларига чидай олмаймиз” деб мана бугун чиқдим, ҳали ўзимга кела олганим йўқ. “Яна битта қиладиган бўлсангизлар, сенларга очеред. Эндиги мана шунақа зулмни сенларнинг устингдан қиламиз” деб буларга ҳамиша дўқ-пўписа қилади.

Озодлик: Бўлган воқеа сизнинг укангизнинг отрядида бўлган?

- Ҳа.

Озодлик: Мана сиз учрашиб чиқибсиз. 21 кундан бери учраша олмай ўтирган аëллар нима қилишаяпти? Улар ҳали ҳам кутиб ўтиришибдими ë қайтиб кетишдими?

- Ўтиришибди. Кеча кечқурун Андижондан келган иккита оилани қайтариб юборишди. Кечқурунги 1 да поезд бор. Кечқурунги 1 даги поездга соат 12 да зўрлик қилиб мана шу ердаги ходимлар олиб чиқиб “Кетасан” деб зўрлик қилиб чиқариб юборишди. Мана 18 кун бўлди андижонлик битта ая ўтирибди. Тошкентликлар бор иккита-учта хўжалик, Қаршидан келганлар ўтирибди иккита-учта хўжалик. Улар ҳам шу вазиятда. “Кирмайсан, кетасан. Сенларга свидание йўқ” деган гап, дейди 26 ноябр куни диний мотивлар билан қамалган укаси Алижон Ҳалимов билан учрашиб чиққан Дилором Мирзаева.

Жаслиқ қамоқхонаси ва республика Жазони ижро этиш бош бошқармасидан бу борада бирор-бир маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Қорақалпоғистоннинг шимолий чеккасида жойлашган “Жаслиқ” колонияси халқ орасида “борса келмас” номини олган.

Жаслиқ қамоқхонаси аслида 400 маҳбусга мўлжаллангани, аммо шу кунларда бу ерда 600 га яқин маҳбус сақланаётгани ва уларнинг асосий қисмини диний эътиқоди учун қамалганлар ташкил этиши ҳақида норасмий маълумотлар бор. Бироқ бу маълумотлар республика Жазони ижро этиш бош бошқармаси томонидан на тасдиқланган ва на инкор этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG