Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:34

Тожикистонда масжид ёпилди


Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳитдин Кабирий ўз партияси биноси ичидаги масжиднинг ёпилишига мамлакатдаги сиёсий вазиятни мураккаблаштирмаслик мақсадида рози бўлганини айтди.
Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳитдин Кабирий ўз партияси биноси ичидаги масжиднинг ёпилишига мамлакатдаги сиёсий вазиятни мураккаблаштирмаслик мақсадида рози бўлганини айтди.

Тожикистондаги Ислом уйғониш партиясига тегишли масжид иқтидордаги ҳукумат талаби билан ёпиб қўйилди. 26 ноябр куни бу масжидда энг сўнги жума намози ўқилган. Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин қўмитаси масъуллари Ислом уйғониш партияси биносида ташкил этилган масжид жорий қонунларга хилоф эканини таъкидлашган.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабириий 26 ноябр куни жума намозига тўпланганлар ҳузурида сўзлаб, бундан сўнг партия биносидаги масжид эшиклари намозхонлар учун ёпилганини билдирди.

- Бундан икки кун аввал Тожикистон Адлия вазирлигидан огоҳлантириш олгандик. Унда агар партия биносидаги масжидда намоз ўқишни тўхтатмасак, “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун” нинг 20 -моддасига мувофиқ, партиямиз фаолияти биринчи босқичда келгуси олти ойгача тўхтатилиши ва иккинчи босқичда эса бу масала судга оширилиши билдирилган. Биз мамлакатдаги барқарорлик ва сиёсий вазиятни издан чиқармаслик мақсадида ҳам ҳукуматнинг бу таклифини қабул қилдик,- дея билдирди партия раиси, парламент қуйи палатаси депутати Муҳиддин Кабирий.

Кабирий жанобларининг бу сўзлари ортидан партия аъзоларидан ўнлаб киши “Оллоҳу акбар” такбирини айтиш билан кўз ёш тўкарди.

Масжиднинг ёпилишига оид хабар кўпроқ жума намозига келган аёлларни қайғуга солди ва масжид ҳовлисида йиғи-сиғи овози кўтарилди.

Аёллар ҳукуматдан ўз қарорини бекор қилишни ва масжид ўрнига дискоклубларни ёпишни сўраб зорланишарди.

Ҳукуматнинг бу қарори айрим муслималар тили билан айтганда “золимона” қабул қилинган қарордир.

Айтиш жоизки, Тожикистон Ислом уйғониш партияси биносида сўнги ўн йил давомида фаолият этиб келган масжид тожикистонлик муслималарга ибодат қилиш, хусусан, жума намозларини адо этиш учун мамлакатдаги ягона масжид ҳисобланарди.

Ислом уйғониш партияси маълумотларига кўра, бу масжидда мазкур партияга аъзо аёллардан ташқари Душанбе шаҳри ва республиканинг бошқа туманларидан келган аёллар ибодат қилишарди.

Тожикистон Ислом уламолари Кенгаши қарорига мувофиқ 2004 йилдан буён тожикистонлик аёлларнинг масжидда намоз ўқишлари таъқиқлаб қўйилган эди.

Парламент қуйи палатаси депутати Муҳиддин Кабирийга кўра, Тожикистон Афғонистондаги Толибон режимидан сўнг масжидни аёллар учун ёпиб қўйган иккинчи давлат саналади.

Кабирий жаноблари мулоҳазасича, исломга ҳужум масжидларни ёпиб қўйишдан бошланади.

Ундаги маълумотларга кўра, сўнгги уч-тўрт ой давомида Тожикистонда бирорта ҳам янги масжид очилмаган.

- Аммо, - деди Кабирий, - Россиянинг Саратову Кросноярск ва бошқа шу каби шаҳарларида тожикистонлик меҳнат муҳожирлари беш - олтита масжид очгани ҳақида хабарлар бор.


Эслатсак, Ислом уйғониш партияси биносидаги масжид фаолияти атрофида партия масъуллари билан ҳукумат қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита ўртасида сўнги уч ой давомида қизғин баҳслар борган эди.

Дин қўмитаси масъуллари партия биносида намоз ўқиш “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга зид эканини уқтирса, партия масъуллари эса иш жойларда намоз ўқиш ўзларининг Конституциявий ҳақ-ҳуқуқлари эканини таъкидлашади.

Аснода айрим таҳлилчилар Ислом уйғониш партиясига тегишли масжиднинг ёпилишида сиёсий асос борлигини айтмоқдалар.

Уларнинг мулоҳазасича, бу масжидда намоз ўқиётган айрим сиёсий доиралар вакиллари келгусида шу партия сиёсати ва дастурларини жамиятда ташвиқ қилишлари мумкинлигига оид тахминлар расмийларни, хусусан, Имомали Раҳмон бошлиқ Халқ демократик партияси масъулларини чўчитган бўлиши мумкин.

Айтиш жоизки, Тожикистон парламентининг жорий йил февралида бўлиб ўтган сайловларида сиёсий партиялар орасидан фақат Ислом уйғониш партиясигина президент партиясига рақиблик қилиб, жамиятда ўз ўрнига эгалигини намойиш қила олган эди.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси қошидаги масжид 1999 йил,яъни тожиклараро ярашув борасида имзоланган битим ортидан ташкил этилган эди.
XS
SM
MD
LG